Электромобиль тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди

0
27
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни электромобиль ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимизда автомобилсозлик бўйича катта тажриба ва инфратузилма бор. Бугунги кунда 8 та заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, йўловчи ва юк машиналари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Яна 2 мингдан зиёд корхонада кооперация асосида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар тайёрланмоқда.

Ўтган йили декабрда бўлган йиғилишда давлатимиз раҳбари электромобиллар ҳаётга тез кириб келаётганини таъкидлаб, бу соҳани ўзлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. Жорий йил январда Хитойга давлат ташрифи чоғида Президентимиз “BYD” компаниясининг бош қароргоҳида бўлди. Ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳа бошланди. Компания раҳбари билан музокара чоғида яқин истиқболда ишлаб чиқариш қувватини йилига 500 минг донагача етказиш бўйича фикр алмашилган эди.

Бу замон талаб қилаётган йўналиш. Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда электромобиллар сотуви 10 баробар кўпайган. 2023 йилда импорт қилинган автомобилларнинг 35 фоизини электромобиль ва гибридлар ташкил қилган.

Шу боис мутасаддиларга бу йўналишдаги марраларни кенгроқ олиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. “BYD” компанияси ҳамкорларини жалб қилиб, электромобиллар учун бутловчи қисмларни ўзлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур янги тармоқда рақобатбардош бўлиш учун, энг аввало, инновация ва илғор технологиялар керак. Шу боис Турин политехника институти, муҳандислик марказлари, илмий институт ва лабораторияларни ўзаро боғлайдиган яхлит тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, бу соҳа ривожланиши билан мутахассис ва ишчиларга талаб ортади. Яқин уч йилда бу талаб 10 мингга етиши мумкин. Шунинг учун малакали кадрлар тайёрлашни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди.

Электромобилларни қувватлаш станцияларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилиши белгиланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.