Президент Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайди, мамлакатимизда 45 та янги қўшма корхона ташкил этилди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўплаб иқтисодиёт тармоқларини қамраб олган. Шулардан энг муҳимларидан бири энергетикадир.
Ўтган йили Навоий вилоятида юртимиздаги биринчи қуёш электр станцияси айнан Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган эди. Бугунги кунда у бир кеча-кундузда 1 миллион 180 минг киловатт соат электр энергияси етказиб бермоқда.
Бу соҳада яна 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш келишилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади. Хусусан, “Mubadala” ва “Taqa” компаниялари билан ҳамкорликда Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ва қувватини ошириш, “Masdar” компанияси билан Навоий вилоятида шамол, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш мўлжалланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилдан Бирлашган Араб Амирликлари билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.
Йиғилишда энергетика соҳасидаги лойиҳалар ижроси ана шу тизим асосида кўриб чиқилди.
Мутасаддилар лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва йил якунигача мўлжалланган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари бу лойиҳалар энергетика тизими барқарорлигига ҳамда иқтисодиёт тармоқларига инвестиция оқими янада кўпайишига замин яратишини таъкидлади.
Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ҳақида сўз борар экан, бу лойиҳа иссиқлик электр станцияларини бошқариш ва энергия ишлаб чиқаришда намунавий бўлиши кераклиги қайд этилди.
“Masdar” компанияси билан қайта тикланувчи энергетика соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар 2030 йилгача мамлакатимизда “яшил энергетика” улушини 25 фоизга етказишда муҳим қадам бўлади. Шу боис, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур битим ва ҳужжатлар имзолашни тезлаштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.