Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 11 февраль куни “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо қўйди.
Унга кўра 2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб эса жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида тўланади.
Қарорда ушбу масалага дахлдор вазирлик ва ташкилотларнинг амалга ошириши лозим бўлган вазифалари ҳам белгилаб берилган. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқланган.
Шунингдек, “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчиларининг яшаш ва таълим-тарбия олишини янада юксалтириш учун кўплаб имкониятлар яратилиши белгиланган.
Мазкур қарорнинг тўлиқ матни билан сайтимизнинг “Савол-жавоб” рукнида тўлиқ танишишингиз мумкин.