Эврика – кашфиёт қувончи

0
390
марта кўрилган.

Неварам Дилнура Саъдуллаева Тошкент шаҳридаги “Эврика” хусусий мактабнинг 1-В синфида таълим олади. Хусусий мактаблар ташкил этилгани ишлайдиган оналар учун жуда қулай имкониятлар яратмоқда.

 Ота-оналар ишдан чиқиб болаларини уйига олиб кетишади. Унгача болалар дарсдан кейин ҳовузга чўмилиш, рақс, математика, чет тили каби машғулотларда қатнашади. Беш маҳал овқатлантиришади. Давлат, жамоат ишларига вақт топа олган онанинг ҳам кўнгли тинч, бола ҳам турли  хил кўнгил очар ва таълим тарбияга кони фойда бўлган машғулотлар билан банд бўлади. Давлат ҳисобидаги мактабларни ҳам ана шу даражага олиб чиқиш керак. Ана шунда элимиз, юртимиз фарзандларимиз фаолиятидан катта самара олади.

 Дилнура онаси  билан ҳар шанба республика болалар кутубхонасига боради. Китоб ўқишни жуда яхши кўради. Ушбу  маърифат маскани кейинги олти ойда кутубхонага келаётган 1-синф болалари ўртасида танлов ўтказди. Мазкур тадбир икки шарт асосида бўлиб ўтди. Биринчиси, кутубхонага  энг кўп келган ўқувчи ким? Иккинчиси, ўқиганларини қисқа гапириб бериш. Ушбу йўналишлардаги беллашувда  Дилнура учинчи ўринни эгаллади.  Фахрий ёрлиқ ва  номи ёзилган  медалион-нишон олишга сазовор бўлди.

Кутубхонанинг болаларга эътибори мени ҳам қувонтирди. Чунки, ушбу тақдирлаш неварамнинг шодлигига шодлик улашди, руҳиятини юксалтирди, китобга бўлган қизиқишини янада мустаҳкамлади.

 Дилнура қизим ўзи ўқиётган мактабнинг биринчи синф ўқувчилари орасида бўлиб ўтган танловда ҳам бир минутда етмишдан ортиқ  сўзни ўқишга эришиб, ўқитувчисининг мақтовига сазовор бўлди. Ана шундай танловлар тез-тез ўтказилиб туриши мақсадга мувофиқ эканлигини неварамнинг севинчларида, интилишларида, саъй-ҳаракатларида кўрдим.

Физика дарсликларига кирган Архимед қонуни унинг асосчиси номи билан аталади. Архимед ўз кашфиётини ўйлаб  топганида хурсандлигидан беихтиёр “эврика” “топдим” дея ҳайқирган экан. Фарзандларимиз орасидан  Архимеддек, Ал-Хоразмийдек, Фарғонийдек, Берунийдек алломалар ўз меҳнати билан жаҳон аҳлини лол қолдирадиган кашфиётчилар чиқишида тилакдошмиз.

Мамлакатимиз Президенти сўзлари билан айтсак: “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”! Шунинг учун ҳам  замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Албатта, бу оила, мактаб, маҳалла  ва бошқа таълим-тарбияга дахлдор барча ташкилотларга боғлиқдир. Ҳалқимиз “бирлашган ўзар” деб бежизга таъкидламаган. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан янги ташкил этилаётган Оила ва маҳаллага дахлдор вазирлик ҳам кўпгина ташкилотларни бирлаштириб таълим- тарбияга муносиб ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Раъно Зарипова, Республикада хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.