Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заньер раҳбарлигидаги делегация 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов билан учрашди.
Учрашувда мазкур қўмита фуқаролар тотувлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ватандошларимиз онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини шакллантириш йўлида хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу мақсадларни бажаришда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаб келмоқда. Улар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши учун зарур барча шароит яратилган. Жамиятимизда дўстлик ва меҳр-оқибат, миллатлараро ва динлараро тотувлик муҳити янада мустаҳкамланмоқда. Юртимиз бўйлаб 130 дан зиёд миллий маданий марказ, 30 дан ортиқ дўстлик жамияти мувафаққиятли фаолият юритаётгани фаол “халқ дипломатияси” асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш имконини бермоқда.
Учрашувда меҳмонларга миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
ЕХҲТ делегацияси аъзолари Ўзбекистонда бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакилларининг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш бўйича янги босқичда олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Юртимизда фаолият олиб бораётган қозоқ, тожик, қирғиз, рус, татар ва туркман миллий маданий марказлари вакиллари иштирокида давом этган учрашувда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда миллатлар ва элатлараро тотувликнинг аҳамияти хусусида ўзаро фикр алмашилди.
– Делегациямизнинг Ўзбекистонга ташрифи давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар кечаётган бир пайтга тўғри келмоқда, – деди Ламберто Заньер. – Сафаримизни водий вилоятларидаги турли этник қатламларнинг ҳаёт тарзи, улар учун яратилган шароитлар билан танишишдан бошладик. Айтиш мумкинки, барчаси бизда катта таассурот қолдирди. Хусусан, мамлакатингизда 7 тилда таълим олиб борилаётгани, турли миллат ва элат вакилларининг давлат бошқаруви ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки эътирофга лойиқ. Ташриф давомидаги учрашувлар бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.
Олий комиссар бошчилигидаги делегация аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлигида ҳам музокаралар ўтказди.