Эзгу амалларнинг қаноти бор

0
208
марта кўрилган.

Хива шаҳридаги “Гиламчи” ва “Газчи” маҳаллаларининг одамлари обод қишлоқ дастури доирасидаги бунёдкорликлардан мамнун.  Чунки, эзгу ишлар, улуғвор ислоҳотлар уларнинг ҳаёти ва турмуш тарзида акс этмоқда. Фарзандларининг келажаги таъминланмоқда.

“Обод маҳалла аёллари фаол ва ташаббускор” тадбирида қатнашиб, хотин — қизлар билан суҳбатлашар эканмиз, маҳалла кўчалари, уйлар оралиғидаги ички йўллар асвальтланиб, кўпқаватли уйлар олдидаги беўхшав қурилмалар олиб ташланганлигини, кўп қаватли уйларнинг томи туника билан ёпилиб, фасад қисми бўялиб, йўлаклар таъмирланганлигини, деразалари замонавий ромларга алмаштирилганини  қувонч билан таъкидлашди. Асосийси бунёдкорлик давом қилмоқда.

-–“Гиламчи” ва “Газчи” маҳаллаларида асосан кўпқаватли уйлар жойлашган. Маҳаллалар учун намунали гузар қурилмоқда.  Бу ерга аҳолига хизмат кўрсатадиган 2 нафар врач ва уч нафар ҳамширадан иборат тиббиётхона, милиция таянч пункти, хусусий уй-жой  мулкдорлари ширкати, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, жумладан кутубхона жойлашади. Шунингдек, болалар майдончаси қурилмоқда. Буларнинг бари хотин-қизларнинг оғирини енгил қиладиган оилаларнинг фаровонлигига, маҳалланинг ободлигига муносиб ҳисса қўшадиган амаллар. Бугунги кунда одамларимизнинг қараши ҳам ўзгарётганлиги мени қувонтиради. Улкан ислоҳотлардан руҳланган  каттаю кичик ҳудудни озода тутишга, ўз маҳалласини юксалтиришга  интилмоқдалар,– дейди Хива шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, шаҳар  ҳокими ўринбосари Ленинза Отажонова.

Шунингдек, маҳаллаларда кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг хонадонларини таъмирлашга ҳам кўмаклашилмоқда. “Бизнинг маҳалламизда 46 та кўп қаватли уйлар мавжуд. Унда 662 хўжалик, 779 оила,  2901 нафар аҳоли яшайди. Одамларнинг турмуш тарзи обод қишлоққа муносиб бўлиши лозим. Шунинг учун кам таъминланган оилаларнинг тўрт нафарининг хонадонини таъмирлаш учун 15 миллиондан маблағ ажратдик. Кўпгина оилаларга газ плиталари, электропечлар армуғон этдик. Баъзи кам таъминланган оилаларнинг болаларига ёзги оромгоҳда дам олиб келишлари учун йўлланмалар ажратдик”,– дейди  «Гиламчи» маҳалласи мутахассиси  Анабийи Абдуллаева.

Энг асосийси маҳаллада аҳолининг меҳнат билан бандлигига алоҳида этибор берилмоқда. Айни кунда тикувчилик ва гиламчилик цехлари ишлаб турибди. Уларнинг ҳар бирида 10 нафардан йигит –қизлар иш билан таъминланган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан ўн тўрт нафар аёл маҳаллани ободонлаштириш ва тозалаш ишларига жалб қилиниб, иш билан таъминланди.

Айни кунда яратилган имкониятлар сабаб маҳаллада тадбиркорлик ва ташаббускорлик янада кучайди.  Тадбиркорлар сафи кенгайди. Битта маҳалланинг ўзида 21 нафар тадбиркор фаолият юритмоқда. Иккита гўзаллик салони, иккита сартарошхона, 2 та тикувчилик цехи, ўндан ортиқ савдо дўкони, олтита ошхона, иккита аптека ишлаб турибди. Фаолларнинг амалий кўмаги билан 11 аёл банкдан кредит олиб тадбиркорликни бошлаб юборишди.

Маҳалла болаларининг келажагига– маънан, руҳан, жисмонан соғлом бўлиб ўсиб улғайишларига ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Маҳаллада иккита мактабгача таълим муассаси фаолият юритаяпти. Бу ерда инглиз ва рус тиллари ўргатилади. Яна ёшлар учун иккита ўқув маркази ишлаб турибди. Яқинда “Азбука” болалар таълим марказида байрам тадбири ўтказилди. Унда 5-7 ёшгача ҳамда 7-15 ёшгача бўлган ҳар бир гуруҳда 25 нафар  бола ўз исътедодини намоён қилди. Улар расм чизиш, русча ва инглизча шеърлар айтиш, “Шолғом ” эртагининг саҳна кўринишини намойиш этиш каби танловларда ўзаро беллашдилар. Тадбирни куй-қўшиқлар билан якунладилар.

Ҳудуддаги ўзгаришлар, маданий-маърифий тадбирлар билан танишиб, беихтиёр эзгу ишларнинг қаноти бор, улар қанот қоқиб, обод маҳаллалар янада кўпаяверсин дегим келди. Зеро, юртимизда амалга оширилаётган эзгу амаллардан, улуғвор ислоҳотлардан мақсад– мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, одамларни рози қилиш, уларга замон талаблари даражасидаги шароитларни яратиб беришдир.

Раъно ЗАРИПОВА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.