Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, республиканинг экспорт салоҳиятини оширишива инновациялар жорий қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган бизнес вакилларини рағбатлантириш, шунингдек, 2021 йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. Белгилансинки:
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш, инновациялар жорий қилиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш, етук мутахассислар тайёрлаш ҳамда бизнесдаги муваффақиятлари ва ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган тадбиркорлар тақдирланади;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилади.
3. Қуйидагилар:
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишонининг тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Вазирлар Маҳкамаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда:
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари белгиланган тартибда тайёрланишини;
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилишини таъминласин.
5. Молия вазирлиги ҳар йили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини бериш, уни тайёрлаш ҳамда “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китобини чоп этиш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун Савдо-саноат палатасининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан тегишли маблағларни ажратиш чораларини кўрсин.
6. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлашга бағишланган тадбирларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев