Фарғонада саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чоралар белгиланди

0
32
марта кўрилган.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ўнлаб корхоналар самарали фаолият юритмоқда. Яқинда бу ерда “BNBM Building Materials Central Asia” корхонаси очилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида ушбу корхонани кўздан кечирди.

Корхонага 30 миллион доллар тўғридан-тўғри хориж инвестицияси йўналтирилиб, йилига 30 миллион квадрат метр гипсокартон ва 4 миллион квадрат метр декоратив гипсокартон ишлаб чиқариш қуввати яратилди. 200 та янги иш ўрни яратилган.

Шу ерда Фарғона вилоятидаги янги мажмуаларни ишга тушириш маросими бўлди. Булар — Бешариқ туманидаги “Фарғона Ясин қурилиш моллари”, Учкўприк туманидаги “Моллис” ва “Прокер”,  Риштон туманидаги “Чинор плюс – 2020”, Тошлоқ туманидаги “Экспо коллор прин текс”, Фарғона туманидаги “Баҳодир Лоғон текстил”, Ўзбекистон туманидаги “Цемент хомашё савдоси”, Қўштепа туманидаги “Глобал Текстайл Инфинити” корхоналари, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам ҳамда  кардиология илмий-амалий марказлари филиалларидир.

Шундан сўнг, Президент раислигида инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Видеоалоқа орқали уни Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари ҳам кузатиб борди.

Сайловолди учрашувида аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилаш, вилоят иқтисодиётига фаол инвестициялар жалб қилиб, аҳоли даромадларини ошириш бўйича катта марралар олингани қайд этилди.

— Олдимизда ҳали етти йил бор, бу ишларни эртага ёки кейинги йилдан бошлаймиз, деган вазир ёки ҳоким қаттиқ адашади. Чунки одамларимиз сайловолди дастурларида кўтарилган ҳар бир ташаббус бўйича аниқ натижаларни бугундан кутаяпти. Агар энг юқоридан тортиб, маҳаллагача иш услуби ўзгармаса, барча даражадаги раҳбарлар “ҳар бир янги кун – янги имконият” деб ишлашга ўрганмаса, вақтни бой бериб қўямиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича Фарғона вилоятидаги айрим туман ва шаҳарларнинг кўрсаткичлари қониқарсизлигини кўрсатиб ўтди.

Мисол учун, Фарғона шаҳрида ўтган йилнинг олти ойида бор-йўғи 25 миллион доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилда ушбу рақам атиги 12 миллион долларни ташкил қилмоқда. Марғилон шаҳрида, Ўзбекистон, Боғдод, Тошлоқ туманларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмайди.

Бир пайтлар саноат бўйича пешқадамлардан бири бўлган Фарғона ҳозир республикада 12-ўринга тушиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Саноат салоҳияти етарлича ишга солинмаяпти. Мисол учун, биринчи ярим йилликда саноат ҳажми Тошлоқда 17, Қўқонда  3 фоизга, Олтиариқда 1,3 фоизга ва Қувада 1,2 фоизга камайган.

Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ҳам аҳвол яхши эмас. Жорий йилда вилоятда қурилиши режалаштирилган 212 та уй-жойдан бугунги кунгача 42 таси фойдаланишга топширилган, холос.

Вилоятда хизматлар соҳаси ривожи ҳам қониқарли эмас.

Умуман, вилоятда 2022 йилнинг олти ойида фаолиятини тўхтатган корхоналар сони 2,5 мингтани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 14,5 мингтага етган.

Йил бошида республика бўйича 60 та туман тўртинчи ва бешинчи тоифаларга киритилиб, уларни иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастур бошланди. Фарғонада ушбу тоифаларга кирган Фурқат, Ёзёвон ва Сўхдаги тадбиркорлар ўтган олти ойда 30 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Лекин мазкур туманларда натижа кўринмаяпти. Аҳвол яхшиланиши ўрнига, улардаги тадбиркорлар тушуми ўтган йилга нисбатан камайиб кетган.

Саноат зоналарида катта майдонлар бўш турганлиги, вилоятдаги 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари уларни тадбиркорларга таклиф қилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётгани танқид қилинди.

— Шунча бўш жойлар туриб, ҳокимлар саноат зоналари учун қишлоқ ерлари тоифасини ўзгартириш бўйича мурожаат қилишдан чарчамаяпти. Энг ачинарлиси, вилоятда ишлаб чиқариш бўлган давлат объектларини хусусийлаштириб, улар ўрнида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб юбориш ҳолатлари бор, — деди давлатимиз раҳбари

Бош прокуратура, Кадастр агентлигига бундай ҳолатларни текшириб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди. Бундан буён, саноат мақсадлари учун мўлжалланган ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлар фақат Ҳукумат комиссияси розилиги билан амалга оширилиши белгиланди.

Деҳқонларга экин ерларини ижарага бериш ишлари ҳам номига ташкил қилингани, яшаш жойидан ёки сувдан узоқ ерлар ажратилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўтказилган сўровлар натижасига кўра, 32 фоиз ер эгаларига туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган. Инфляцияни жиловлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳам қониқарсиз экани қайд этилди.

Фаолиятидаги жиддий камчиликлари, ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун вилоят, шаҳар ва туманлар даражасидаги бир қатор раҳбарлар лавозимидан озод қилинди.

Вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилган. Улар томонидан 2 миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланган ва тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳалар шакллантирилган.

— Агар ҳокимлар вақт ажратиб, тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солса, ташаббусларини тингласа, вилоятдаги туманларнинг барчаси йил якунига қадар бемалол камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиши мумкин, — деди давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари Қува ва Бешариқ туманлари мисолида ушбу имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Президент Фарғонада бошланган ушбу тажрибани барча ҳудудларда йўлга қўйиш учун йил якунига қадар сафарбарлик эълон қилди. Ҳар бир туман учун йил якунигача камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Минимал истеъмол харажатлари миқдори 500 минг сўмдан 570 минг сўмга оширилгани сабабли Фарғонада яна 9 минг оила камбағал тоифасига қўшилди. Шу боис мутасаддиларга ушбу оилаларнинг ҳар бирига ҳоким ёрдамчиларини бириктириб, уларнинг даромадини ошириш чораларини кўриш топширилди.

Фарғонада аҳолига деҳқончилик учун аукционга чиқарилиб, талабгор аниқланмаган 1 минг 157 гектар экин ерларини аҳоли учун қулай ҳудудларга алмаштириш, бу ерларда камида 15 минг иш ўрни яратишга кўрсатма берилди.

Йиғилиш якунида ҳудуд ва соҳалар раҳбарлари ҳисобот берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.