Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фарида Афрўз уюшма раисининг ўринбосари этиб тайинланди.
Шу муносабат билан Ёзувчилар уюшмасида Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари ҳамда уюшма жамоаси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғинни уюшма раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди. Сўзга чиққанлар Фарида Афрўзга ушбу масъулиятли вазифани виждонан ва ҳалол бажаришида муваффақиятлар тилашди.
Фарида Афрўз (Бўтаева Фарида) – 1956 йил 5 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг «Қирқкокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним…», «Қурбонжон додхоҳ» тарихий драмаси, «Ўзимдан ўзимгача», «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), «Гун айдин» (Истамбул), «Ушшоқ», “Тасбиҳ”, “Ўша кун – бугундир” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган. Шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озор, гагоуз, хитой, корейс тилларига таржима қилинган.
Ўз навбатида шоира жаҳон адабиётидан япон ҳайкуларини, турк шеъриятидан Мустафо Отатурк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Отсиз, Доғларжа, Исмат Ўзал шеърларини, форс шеъриятидан Меҳри Ҳиротий ҳамда замонавий форс шеъриятидан Заҳро Абул Ҳусайний, Судоба, Соя Кабирий ғазалларини, замонавий қозоқ ва қорақалпоқ шеъриятидан ва америкалик руҳшунос Дейл Карнеги асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Фарида Афрўз “Жаноб” номли эркаклар учун ва “Сабо” номли аёллар журналлари ҳамда “Арт Рекордс” босмахонасининг таъсисчисидир.
1999 йили Ўзбекистон Президенти фармони билан “Шуҳрат” медали, 2001 йили “Ўзбекистон Мустақиллигининг 10 йиллиги” кўкрак нишони, 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Ўтган чақириқда Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг депутати сифатида фаолият юритган.
Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш нодавлат ва нотижорат ташкилоти ва GUJUM.UZ сайти жамоаси Фарида Афрўзни янги лавозимга тайинлангани билан муборакбод этади. Масъулиятли ишида омадлар тилайди.