Фаррух Дўстов: Жамоамиз йигитларида ишонч юқори, мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун муҳим

0
237
марта кўрилган.

Пойтахтимизда1-2 февраль кунлари «Дэвис Кубоги» плей-офф босқичи доирасида Ўзбекистон ҳамда Сербия терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Мазкур баҳс олдидан бугун «Саҳоват спорт сервис» спорт мажмуасида терма жамоа сардорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди.

Тадбирнинг биринчи қисмида мамлакатимиз терма жамоаси сардори Фаррух Дўстов ОАВ ходимлари саволларига жавоб қайтарди. Фаррух Дўстов болалигидан теннисга меҳр қўйди. Дастлабки ғалаба наъшидаларини  «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ташкил этган теннис мусобақаларида қалбга туйди. Болалигидан беллашувларда иштирок этиб, аста-секин катта майдонга кириб келди. Кўплаб жаҳон чемпионатларида  юртимиз байроғини юқори кўтарди.

-Терма жамоа сардорлиги мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бундай масъулият менга ишониб топширилганидан хурсандман. Ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Айни кунда жамоа билан учрашувга тайёргарлик кўрмоқдамиз, — деди жамоа сардори. — Сербия жаҳондаги кучли терма жамоалардан бири ҳисобланади. Улар сафида дунё рейтингида кучли юзликка кирувчи уч нафар теннисчи бор.  Душан Лайович асосан қумли кортларда яхши ўйин кўрсата оладиган теннисчи ҳисобланади. Қолаверса, Троицки ҳам кучли ва тажрибали спортчидир.  Улар  кучли таркиб билан Тошкентга келишган.  Сербияликларга ўн йил олдин тўқнаш келгандик. Ўшанда мен Виктор Троицкига қарши узоқ ўйин ўтказгандим. 5 сетлик асабий учрашув бўлганди. Денис эса Типсаревичга қарши баҳс юритганди. Жуфтликда ҳам имкониятни бой бергандик. Бу энди ўтмишда қолди. Бугунги Ўзбекистон терма жамоаси кўпгина беллашувларда тажриба тўплаган. Бу сафар фақат ва фақат ғалаба учун кортга чиқамиз.  Биз ўз майдонимизда, ўз ватанимизда учрашув ўтказаётганимиз учун йигитларда ғалабага ишонч юқори, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари, руҳлантиришлари ҳам биз учун жуда муҳим.

J. SADULLAYEV

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.