Феруза ОДИЛОВА: “Тонг юлдузи” болаларнинг катта нашри!

0
74
марта кўрилган.

Ҳар гал “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорлари билан танишганимда, “Нега ҳужжат топширмадик, улар сафида “Тонг юлдузи” ҳам бўлиши мумкин эди-ку”, деган гинахонлик  кўнгилдан ўтар эди.

Бу йил эса қалб хоҳишига қулоқ солдик, ақл мураббий бўлди, керакли хужжатларни танловга тақдим этдик, ғолиб бўлдик, қувондик, хурсандчилигимизга атрофдагиларнинг шерик бўлиши бизни янада суюнтирди.

Тўғри, кимлар учундир “Тонг юлдузи” кичкинагина болалар нашри. Аммо миллат боласининг келажаги учун қайғурадиган, элим, юртим деб куюнадиган, шу муқаддас Ватан тақдири учун жон куйдирадиган яхши инсонлар учун “Тонг юлдузи” газетаси болаларнинг катта нашри!

Бугун қувончимизнинг чеки йўқ. Сабаби, “Олтин қалам” ХVII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг босма нашрлар йўналиши бўйича “Энг яхши журналистик материал учун” номинациясида “Тонг юлдузи” газетаси 3-ўринга лойиқ топилди.

Шунингдек, шу йилнинг 6 май куни болалар нашри Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорлик Меморандумини имзолаган бўлса, кечагина Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги муносабати билан газетхонларимиз ўртасида “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” танловини эълон қилдик.

Бу каби эзгу ишларимиз бардавом бўлиши учун бизга янада қўшқанот бўлган, ютуқларимиздан ўзимиздан-да  кўпроқ суюнган меҳри дарё устозларимиз,  ҳамкасбларимиз, дўстларимиз, газетхонларимизга катта раҳмат.     

Шу ўринда танловни юксак савияда ташкил этишга ҳаракат қилган, бор куч ва маҳоратини ишга солган Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига ҳамда  “Тонг юлдузи” газетасини ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрган Ҳакамлар ҳайъатига миннатдорлик билдираман.

GUJUM.UZ  жамоаси болаларнинг севимли газетаси жамоасини юксак мукофот билан қутлайди. Келгуси ижодий ишларида янада улуғвор  ютуқлар тилайди!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.