Ҳар бир болага меҳр, эътибор ҳафталиги доирасида хайрия акцияси

0
353
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги мажлис баённомасида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни мамлакатимизда “Ҳар бир болага меҳр, эътибор” шиори остида махсус  ҳафталик ўтказилиб, кенг нишонланиши белгиланган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Соғлом авлод учун” фонди,  Республика “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси, Тошкнт шаҳри ва вилояти ҳокимликлари ҳамкорлигида “Тошкент-ленд” болалар истироҳат боғида хайрия тадбири бўлиб ўтди.

 Байрам тадбирида Тошкент шаҳри, Тошкент ва   Сирдарё вилоятларидаги “Меҳрибонлик”уйлари, SOS– Ўзбекистон Болалар маҳалласи тарбияланувчилари ҳамда Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож,  кам таъминланган оилалар фарзандларидан мингдан ортиқ болакайлар иштирок этди.

Тадбирнинг тантанали очилишида  “Соғлом авлод учун” фонди раиси Светлана Иномова барча йиғилганларни байрам билан табриклаб, унинг тарихи ҳақида қисқача гапирди:”Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1949 йил Парижда бўлиб ўтган Аёллар халқаро демократик федерациясининг конгрессида таъсис этилган бўлиб, 1950 йилдан бошлаб нишонланмоқда.

Нега ушбу кун, болаларни ҳимоя қилиш куни деб аталган? Болаларни айнан нималардан ҳимоя қилиш керак? Ўша пайтлар – Иккинчи жаҳон уруши эндигина тугаган йиллари – болаларнинг ҳаёти, саломатлиги ва хотиржамлигини асраш, улар учун намунали турмуш шароитларини яратиб бериш масаласи жуда долзарб эди. Аммо турли таҳдидлар, экологик, сиёсий ва ижтимоий муаммолар билан яшаётган замонавий дунёда ҳам болалар ҳимояга муҳтож.

1949 йилги Аёллар конгрессининг айнан 1 июнь куни чақирилишида ўзига яраша рамзий маъно бор. Чунки, 1925 йил 1 июнь куни Женевада болаларнинг фаровон турмуш кечириши масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилган бўлиб, бу инсоният тарихида болалар масалаларига бағишланган илк халқаро тадбир бўлган эди.

Шунингдек, байрамнинг ўз рамзи бор. Ўсиш, ривожланиш, янгиланиш, уйғунлик ва ҳосилдорлик тимсоли бўлган яшил ранг остида Ер курраси акс этган, унинг атрофида турфа танли болалар ифода этилган. Марказдаги Ер курраси замин болаларининг умумий уйини англатади. Ундаги инсоният болалар учун бағрикенглик, меҳр-оқибат, аҳиллик билан  яшашга чорланади. Шунинг учун ҳам ушбу байрам билан дунё ҳамжамиятига болалар муаммолари эслатилади, уларнинг ҳимояси ва баркамол авлод бўлиб етишиши учун катталар зиммасига юклатилган масъулиятлар таъкидланади. Ватанимизнинг барча саъй-ҳаракатлари – сиз болажонларнинг бахтли ва осуда ҳаёт кечиришингиз учун”, дея сўзини якунлади у.

Байрам тадбирида истироҳат боғидаги кўнгилочар атракционларнинг барчаси ҳомийлар томонидан болаларга бепул ташкил этилди, музқаймоқ ва салқин ичимликлар тарқатилди.

Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ҳар бир болага алоҳида эътибор берилади. Соғлом авлодни тарбиялаш барчанинг, бутун жамиятнинг, шу юртда яшайдиган хар бир инсоннинг асосий иши, инсоний бурчига айланган. Болаларга хушкайфият улашган байрам анъанавий бўлиб, ҳар йили Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказиб келинаётгани ҳам бунинг тасдиғидир. Бу каби тадбирлар ўзига хос сарҳисоб бўлиб, нафақат байрам арафасида, балки, йил давомида ўтказилади.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ      Муаллиф олган фотолар

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.