Ҳар бир мурожаат ортида каттами-кичикми инсон ташвиши бор…

0
194
марта кўрилган.

Бугунги кунда юртимизда мурожаатларга муносабат тубдан ўзгарганди. Давлат идоралари ва мансабдор шахс­лар фуқаролар ва жамият олдида масъуллигини, халқ манфаати устуворлигини ўз ҳаётларида яққол ҳис қила бошлашди.

Аслида мурожаатга эътибор инсонга, унинг дарду ташвишларини енгиллаштиришга бўлган саъй-ҳаракатдир. Шу билан бирга, мурожаатлар орқали халқимизнинг кай­фия­ти, шарт-шароити, ислоҳотларга муносабатини билиш мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган муддат ва тартибда кўриб чиқиш, муаммоларни имкон қадар ижобий ҳал этиш Давлат хизматлари агентлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

– Газ  ҳисоблагичини киёслаш ва тамғалаш учун жуда кўп жойларга мурожаат қилдим, бироқ муаммо ҳал бўлмади. Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси махсус техника билан жиҳозланган автобус ва «Дамас»ларда энг чекка ҳудудларга бориб, “Мобил сайёр давлат хизматлари” тадбири  ташкил этаётгани ва кенг қамровли давлат хизматлари кўрсатиб келаётгани қўл келди. Бошқарма ходимлари туманимизга келганида  мурожаатимни кўриб чиқди. Уларнинг айтишича, янги қарорга кўра эндиликда газ, электор энергияси ва сув ҳисоблагичларини қиёслаш ва уни ечиб олиш Давлат хизматлари марказларида амалга оширилар экан. Уларга ариза бердим. Муаммо ўз вақтида ҳал этилди,– дейди Зухра Қадирова.

Ҳозир давлат хизматлари агентлигида мурожаатлар билан ишлаш тизимини яхшилаш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқишда давлат хизмаллари агентлиги томонидан энг муҳим асосий талаблар белгилаб қўйилган. Мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чи­қиш, бюрократизм ва сансоларликка йўл қўйилмаслик каби принциплар шулар жумласига киради.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармасига 2019 йилнинг 9 ойи давомида 201 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 122 таси виртуал қабулхона орқали, 79 таси бевосита келиб тушган мурожаатлардан иборат. Шундан, 83 таси қаноатлантирилган, 107 таси юзасидан тушунтириш берилган, 4 таси тегишли ташкилотларга юборилган, 3 таси мурожаатчининг илтимосига асосан кўрмасдан қолдирилган, 4 таси ижрога қаратилган бўлиб, ҳал қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Дарҳақиқат,  ҳар бир мурожаат ортида халқ манфаати ётади. Шунинг учун «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Ушбу ҳужжат асосида ариза, таклиф ва шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқилиши ва ҳал этилишига, натижада инсон ҳуқуқ­лари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари янада самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилаётганимизни ҳис этиб янада самарали ишлашга интилаверамиз.

Азамат ЖУМАНИЁЗОВ,  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси

ташкилий-таҳлил бўлими бош маслаҳатчиси

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.