Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлиси 2021 йил 9 ноябрь куни бўлиб ўтди, дея хабар берилади cenat. uz расмий веб- сайтида.
Унда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши аъзолари, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Қароқалпоқистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзоларининг иштироки ҳам онлайн тарзда таъминланди.
Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди.
Йиғилишда давлат раҳбарининг Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида илгари сурилган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида келгуси беш йилда амалга ошириладиган 7 та устувор вазифалар, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан ҳам муносиб баҳолаб борилаётганлиги, хусусан, Жаҳон одил судлов лойиҳаси томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йил ҳисоботида Ўзбекистон 19 поғонага юқорилади, яъни 139 та мамлакат орасида 89-ўриндан 70-ўринга кўтарилгани эътироф этилди.
Қайд этилганидек, сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди, бу иллатга қарши курашишда ташкилий-ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди, қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тизими такомиллаштирилди.
Олий таълим, соғлиқни сақлаш, капитал қурилиш ҳамда давлат харидлари соҳаларини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича “йўл харита”лари қабул қилиниб, улар устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилди.
Хусусан, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларидаги бир қатор тартиб-таомиллар соддалаштирилди, инсон омили камайтирилди, айрим хизматларнинг рақамлаштирилиши ҳисобига коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилди.
Йиғилишда давлат раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О. Иминов «Олий таълим соҳасида «коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш ҳолати тўғрисида гапирди. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси, Миллий кенгаш аъзоси Капитал қурилиш соҳасида «коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш ҳолати тўғрисида гапирди.
Мажлисда Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазири, Миллий кенгаш аъзоси А. Тошқулов ҳамда қурилиш вазири Б. Зокировнинг ҳисоботлари тингланди ва уларга олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тўхташева «Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021 — 2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури»нинг ижроси тўғрисида гапирди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.
gujum.uz