Ҳокимларнинг ваколатлари қайта кўриб чиқилади

0
136
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳар томонлама мукаммал ва самарали бошқарув тизимини яратиш бўйича вазифаларга тўхталиб ўтди:

“Биз парламентнинг қонун ижодкорлиги, парламент назоратини самарали ташкил этиш механизмлари билан боғлиқ барча масалаларни, куни-кеча бўлиб ўтган учрашувларда атрофлича ва чуқур муҳокама қилиб олдик.

Шу билан бирга, қуйидаги долзарб масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчидан, жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш зарур.

Ҳокимлар охирги 3 йилда уларга берилган кенг ваколатлардан қанчалик самарали фойдаланаётганини, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари фаолияти натижадорлигини назорат қилиш бўйича янги тизим яратиш шарт.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун Бош вазирдан бошлаб, барча ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари парламентга ҳисобот берадию, вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак?

Шунинг учун, вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинади.

Айни вақтда, ҳокимлар фармонлар, қарорлар, концепция ва стратегияларда белгиланган индикаторлар ва мақсадли параметрларнинг ўз ҳудудидаги ижроси бўйича оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб боришлари керак бўлади.

Иш самарасини ошириш мақсадида, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институтини жорий этишни таклиф қиламан.

Яна бир муҳим масала. Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган.

Шундан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди.

Бу эса иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий.

Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилади.

Иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу мақсадлар учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак.

Вазирлик ва идоралар ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмасдан, бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтириши лозим.

Шунинг учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштириш лозим.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак.

Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номаъқул бўлади.

Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда Парламент, Ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозим”.

Мурожаатнома давом этмоқда.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.