Ҳудудларда саноатни ривожлантириш ва инвестиция фаоллигини ошириш масалалари муҳокама қилинди

0
174
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 июнь куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.    

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон ва вилоятларга ташрифлари чоғида қатор корхоналар ишга туширилган, яна кўпларининг тақдимотлари ўтказилган эди. Бундан ташқари, ҳозирда Бош вазир ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, саноати нисбатан ортда қолаётган ҳудудлар бўйича қўшимча саноат лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Бу лойиҳаларни инфратузилма қувватлари мавжуд объектлар ва майдонларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йиғилишда шу борада амалга оширилаётган ишлар Андижон вилояти мисолида таҳлил қилинди. 

Мазкур вилоятда саноат диверсификация қилинмагани, ишлаб чиқариш фақат икки тармоқ – автомобилсозлик ва тўқимачиликка боғланиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Ҳудудий саноатда банд бўлганларнинг қарийб 60 фоизи, ишлаб чиқариш ҳажмининг 83 фоизи ушбу тармоқларга тўғри келади. Бўз, Булоқбоши, Избоскан, Қўрғонтепа, Марҳамат, Пахтаобод, Жалақудуқ, Балиқчи, Улуғнор туманларида саноат яхши ривожланмаган. 

Аҳоли зич яшайдиган, ҳар қарич ер олтинга тенг бўлган вилоятда 98 та давлат объектида зарур инфратузилмага эга 90 гектар майдон ва 163 минг квадрат метр бино бўш турибди. Президентимизнинг бундай бино ва ерлардан самарали фойдаланиб, кўпроқ иш ўрни яратадиган корхоналар ташкил этиш, туманларда саноатни диверсификация қилишга оид топшириғига мувофиқ, Андижон вилоятида 2022 йилгача амалга ошириладиган 236 та янги лойиҳа ишлаб чиқилди. 

Улар, аввалги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда, яқин уч йилда қарийб 41 мингта доимий иш жойи ташкил этиш ҳамда 1 миллиард 87 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш имконини беради. Вилоят саноати диверсификация қилиниб, ишлаб чиқариш ҳажми қурилиш материаллари тармоғида 4 баробар, электротехника, чарм-пойабзал ва кимё соҳаларида 2,1 баробар, озиқ-овқат саноатида 3 баробар кўпаяди. Туманлар миқёсида олганда, уларнинг саноат салоҳияти анча ошиб, ўзаро тафовути камаяди. 

Йиғилишда ҳар бир лойиҳа бўйича ижро жадваллари ишлаб чиқиб, ўз муддатида амалга ошириш, лойиҳаларни электр энергияси ва зарур ресурслар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона водийсида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш учун инвестиция фонди тузилишини таъкидлади. Ушбу фонд фоизли кредитлар ажратмайди, балки лойиҳада ўз маблағлари билан бизнес ҳамкор сифатида иштирок этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу саъй-ҳаракатлар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг ҳар бирида 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Шунингдек, кичик бизнес лойиҳалари учун гаровсиз микрокредит тизимини ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. 

Видеоселекторда бўш турган ёки самарали фойдаланилмаётган давлат ва нодавлат объектлари ҳисобини юритиш, улар негизида корхоналар ташкил этиб, иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўш турган бино ва иншоотларни ишга солиш бўйича кўплаб ваколатлар берилганига қарамай, маҳаллий ҳокимликлар ва солиқ идоралари бу борада сезиларли ўзгариш қилмагани танқидий баҳоланди. Ишламай турган иншоотлар ҳудудида барча инфратузилмага эга 22 минг гектар майдон борлиги кўрсатиб ўтилди. Аслида улар саноатни ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш учун тайёр жой. 

Йиғилишда ушбу масала бўйича вазирликлар ва ҳокимликлар олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг таклифлари эшитилди. 

Видеоселекторда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ўзлаштириш ва лойиҳаларни муддатида ишга тушириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тармоқ ва ҳудудлар кесимида муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг беш ойи мобайнида ҳудудий лойиҳалар доирасида 1,6 миллиард доллар, тармоқ лойиҳалари доирасида қарийб 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани қайд этилди. Лекин, бу белгиланган мўлжалдан камлиги, айрим вилоятларда ўзлаштириш йиллик режанинг 35 фоизга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди. 

Хусусан, Андижон вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги боис, Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосарлари вилоятдаги саноат тармоқларига масъул этиб бириктирилди. Улар  тармоқ бирлашмаларини жалб этиб, бўш турган объект ва майдонлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича хорижий инвесторлар учун таклифлар ишлаб чиқади. Мазкур таклифлар элчилар билан биргаликда чет элда инвесторларга тақдимот қилинади.

Мутасаддиларга ушбу янги тизимни бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш, жойларга чиқиб, хорижий инвесторлар иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш юзасидан топшириқлар берилди. 

Йиғилишда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг чет элга хизмат сафарлари чоғида эришилган келишувлар ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Аксарият келишувлар доирасида инвестицияларни ўзлаштириш бошланган бўлса-да, айримлари ҳозирча қоғозда қолиб кетаётгани танқид қилинди. 

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берди.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.