Ёш бўлишига қарамасдан ўз ҳаёт йўлини мамнуният билан босиб ўтаётган, тобора камолот сари интилаётган Дилафрўз Жўрабоева аллақачон ўзининг келгуси режаларини аниқ белгилаб олган.
“Ибрат” рукнининг бугунги қаҳрамони Дилафрўз Жўрабоева Фарғона вилоятидаги 10-мактабнинг 11-синф ўқувчиси. У IT соҳасида жуда муваффақиятли ишларни амалга ошириб келаётган қизлардан. Айни дамда у мактаб ўқувчиси бўлишига қарамасдан турли халқаро компанияларда фрилансер сифатида фаолият олиб боради.
Дилафрўз “Microsoft” компаниясининг ёшларга мўлжалланган “Microsoft Learn Student” Амбассадори бўлишга муваффақ бўлди. Эндиликда у “Microsoft” компаниясининг Ўзбекистондаги юзи сифатида фаолият олиб бориб, ўзбекистонлик ёшларни IT йўналишига жалб қилишга ҳисса қўшади.
– Ёшлик даври инсон келажагини ҳал қилувчи давр, деб аталиши бежиз эмас, – дейди Дилафрўз биз билан суҳбатда. – Халқаро эксперт Роберт Эриксоннинг айтишича, аёллар анъанавий равишда уй-рўзғор ишлари учун эркаклардан кўра кўпроқ масъулдир. Аёлларнинг ўқимишли экани оила турмуш тарзи учун эркакнинг таълимидан кўра кўпроқ аҳамиятли. Аслида Фарғона вилоятининг Бувайда туманида жойлашган олис қишлоқлардан бирида таваллуд топганман. Бошланғич синфда ўқиб юрган кезларим биринчи чорак баҳоларим жуда паст чиққан. Шунда ота-онам мени катта шаҳарда жойлашган мактабларда ўқитишга қарор қилишган. Дадам – уста, онам – уй бекаси. Оиламиз даромади катта бўлмаган. Лекин ота-онам менинг таълим олишим, нархи баланд курсларда ўқиб, ўз устимда ишлашим учун барча шароитларни яратиб берган. Онам кечалари ухламасдан мен билан бирга дарс тайёрларди. Ҳатто мен билан биргаликда IT йўналишини анча-мунча ўзлаштириб олган.
Мамлакатимизда ҳар йили ўрта мактабларни юзлаб иқтидорли, орзулари бир олам бўлган ўқувчи қизлар битиради. Биласизми, қизлар учун энг катта рағбат ота-онанинг ишончи ва қўллаб-қувватлашидир. Оиласидан руҳан куч олган ҳар бир қиз юксак марраларни забт эта олади.
“Microsoft Learn Student” дастури ёшларга ривожланиш учун кенг имкониятларни тақдим этади. Амбассадор бўлиш орқали Дилафрўз технология соҳасида билим ва тажрибасини оширади. Ушбу дастур компаниянинг ёшларга мўлжалланган лойиҳаси бўлиб, у компаниянинг бутун дунё бўйлаб технология соҳасида билимли, фаол ва интилувчан ёшларини саралаб олади.
– Ушбу лойиҳага топширишим ҳам, киришим ҳам осон кечмади, –дейди Дилафрўз. – Техник томондан билимларим яхши бўлгани учун мени номинацияга қўйишди. Бир йил давомида компания томонидан берилган турли шартлар ва топшириқларни аъло даражада бажариш талаб этилди. Шулардан бири сунъий интеллект технологияси бўйича берилган 30 та модулдан иборат дарс ва топшириқлар бўлди. “Microsoft” компанияси билан кечган илк суҳбатимиз омадсиз якун топган. Имтиҳондан ўта олмаганим мени умидсизликка туширмаган, аксинча мен янада кўпроқ ҳаракат қилганман.
Бундан ташқари Амбассадорлар учун Америкага виза олиш ва саёҳат қилиш имконияти яратилади. Талаба томонидан ёшлар учун ўтказиладиган тадбирларга ҳомийлик берилади. Айни дамда Дилафрўз Yandex бўйича ўқиш ва стажировкага топширган. Синовлардан яхши ўтса, Yandexнинг катта лойиҳаларига қўшилиш имкониятига эга бўлади.
Жорий йилда Дилафрўз IT-Star танловида иштирок этиб, Ўзбекистондаги энг яхши ва фаол IT соҳасидаги 46 нафар хотин-қиз қаторидан жой олган. ICT4 Girls олимпиадасининг Ўзбекистондаги “Competitive Programmer”, яъни спорт соҳасидаги дастурчи қизлар олимпиадасида иштирок этиб, Ўзбекистондаги ТОП-12 та спорт дастурчи қизлар жамоасига қўшилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА