Яқинда ижтимоий тармоқларда Ичан-Калъа музей-қўриқхонаси билан боғлиқ видеолавҳа жойлаштирилиб, таҳлилий-танқидий муносабатлар кузатилди. Мазкур ҳолат бўйича жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари К. Aкилова бошчилигида Маданий мерос департаментининг экспертлар кенгаши аъзолари Хива шаҳридаги маданий мерос объектларини сақлаш билан боғлиқ бир қатор масалаларни ўрганиш, реставрация қилинаётган объектларни мониторинг қилиш, Ичан-Қалъа аҳолисидан олинган лойиҳаларни жойида кўриб чиқиш, Хива ҳунармандлари билан учрашувлар ташкил қилиш мақсадида Хива шаҳрига бориб келдилар.
Хозирги кунда, Хива ҳунармандларини Карвон саройга кўчириш бўйича лойиҳа муҳокама қилинмоқда, бу эса реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришни талаб этади. Ичан-Қалъа ҳудудида савдо қиладиганлар орасида ҳақиқий ҳунармандлар билан бир қаторда ҳунармандчилик билан боғлиқ бўлмаган турли хил майда буюмларни сотадиган воситачилар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Шу сабабли, Маданий мерос департаменти томонидан маданий мерос объектларини қисқа муддатли ва узоқ муддатли ижарага бериш тартиби қайта кўриб чиқилиб, тегишли таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Маданий мерос объектларини ижарага олиш ҳуқуқи кўп асрлик миллий анъаналарни давом эттираётган ҳақиқий ҳунармандларга, шунингдек, миллий маданий меросимизни намойиш этувчи янги музейларга берилиши кераклиги кўзда тутилмоқда.
Келгусида Ичан-Калъа музей-қўриқхонасининг кўргазма залларини реконструкция қилиш, шунингдек, Ичан-Қалъа музей-қўриқхонасининг қимматбаҳо буюмлар сақланаётган фондлари учун махсус ускуналар билан жиҳозланган, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий бино қуриш режалаштирилган. Ҳозирги кунда кўргазма тадбирларини янада кўпайтириш мақсадида, янги музейлар очиш, ёш менежерлар, гидлар тайёрлаш ва бошқа масалаларга катта эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, видеолавҳада тасвирга олинган «Ичан-Қалъа» музей қўриқхонаси худудидан ташқарида жойлашган собиқ деҳқон бозорининг бугунги холатига Маданият вазирлиги тизимидаги музей-қўриқхона жавобгар эмаслиги маълум қилинади. Шундай бўлса ҳам, ушбу ҳолат юзасидан мутахассислар суриштирувлар олиб бориб, унинг яқин ҳудудларини бир неча ташкилотлар келишув асосида обод қилишга киришганлигини аниқладилар.
Манбаа: madaniyat. uz расмий веб- сайти