Чорсу бозорида Кўкалдош-Ҳазрати имом (Хастимом) маршрути бўйича янги сайёҳлик объекти қурилади. Бу ҳақида Тошкент бош архитектори, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асомиддин Тожиев матбуот анжуманида хабар берди.
“Маълумки, аксарият сайёҳлар ўзбек миллий бозорига ташриф буюришни хуш кўради. Айниқса, улар Бухоро, Хивада жойлашган миллий бозорларга катта қизиқиш билан қарашади. Тошкент шаҳрида ҳам сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Чорсу бозорида янги маршрут бўйича миллий савдо дўконлари барпо этилади. Хорижликларни янги осмонўпар бинолар билан ҳайрон қолдириш қийин, сабаби бу улар учун янгилик эмас. Тарихий кўчалар, миллий бозорлар эса уларни ҳамиша қизиқтиради. Шу сабабли, янги лойиҳа Кўкалдош мадрасасидан бошланиб, Ҳазрати имом мажмуаси яқинида якунланади. Шунингдек, сайёҳлар ушбу маршрут орқали яқин орада қурилажак ислом цивилизацияси маркази билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлишади”, деди Тошкент бош архитектори.
Маълум бўлишича, Кўкалдош-Ҳазрати имом маршрутининг қурилиши 2-3 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган.