Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига

0
76
марта кўрилган.

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли касаба уюшмалари ходимлари ва фаоллари!

Аввало, сиз азизларни, сизлар орқали касаба уюшмаларининг миллионлаб аъзоларини мамлакатимизда илк бор нишонланаётган байрам – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Бугунги кунда юртимизда касаба уюшмалари тизимида 33 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатмоқда ҳамда 6 500 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона меҳнат қилиб келмоқда.

Айни пайтда, касаба уюшмалари ўз сафида 5,5 миллион нафардан зиёд аъзоларни бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Ушбу устувор вазифани самарали таъминлаш мақсадида сўнгги 5 йилда касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга кўтарилди.

Корхона ва ташкилотларда йил давомида 1 нафар ишчи ва хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасига сарфланадиган ўртача маблағ миқдори 5 маротаба оширилди.

Бу даврда Касаба уюшмалари федерацияси тизимида 14 та соғломлаштириш маскани қурилди, 5 таси реконструкция қилинди. Натижада бир йилда қўшимча равишда 34 минг нафар юртдошимизни тизимдаги санаторийларда соғломлаштириш имконияти яратилди.

Шунингдек, 593 мингга яқин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, 8700 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторийларда соғломлаштирилгани, 1,5 миллион нафардан ортиқ болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилгани ҳам бу борадаги ишлар кўламининг кенглигидан далолат беради.

Бундан ташқари, 788 мингдан зиёд ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, 14 мингга яқин кекса авлод вакиллари ва 15 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлари ташкил қилинди.

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 16 мингга яқин корхона ва ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, аниқланган 61 мингдан зиёд камчиликлар бартараф этилиши таъминланди.

Соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 14 мингга яқин ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 3,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.

Кейинги йилларда соҳада халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Касаба уюшмалари умумконфедерациясига аъзоликка қабул қилинди, Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувлар тузилди, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда касаба уюшмалари фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими орқали ўтган давр мобайнида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда 6,5 миллиондан ортиқ хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилиб, 900 мингга яқин опа-сингилларимизнинг муаммоларини ижобий ҳал этишда касаба уюшмалари давлатимизга мустаҳкам таянч бўлиб майдонга чиққанини миннатдорлик билан эътироф этиш жоиз.

Бу ҳақда гапирганда, ўтган йили Касаба уюшмалари федерацияси ҳузурида ташкил этилган 1211 “ишонч телефони”га келиб тушган хотин-қизларнинг 100 мингга яқин мурожаатларида билдирилган масалаларнинг ҳал этилгани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Ҳурматли дўстлар!

Маълумки, биз ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк вазифани стратегик мақсад қилиб қўйдик. Шу маънода, “Инсон қадри учун” ғоясини умуммиллий ҳаракатга, юртимизни кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айлантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари билан бир қаторда, ҳеч шубҳасиз, касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутади.  

Биз бундан буён ҳам бандликни таъминлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларида ижтимоий шериклик имкониятларини янада кенгайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга оид ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаймиз.

Шу билан бирга, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча иш берувчилар ва раҳбарлар бутун дунёда тан олинган қуйидаги қоидага амал қилишларини истардим: ҳар қайси корхона ёки ташкилотда албатта касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар албатта улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши шарт. Шундагина жамиятимизда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олди олинади, ҳаётимизда ижтимоий адолат янада мустаҳкам қарор топади.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Жонажон Ватанимиз ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига кираётган, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш барча соҳаларда биз учун бош мақсадга айланаётган ҳозирги пайтда ҳаётнинг ўзи бутун халқимиз каби касаба уюшмалари олдига ҳам улкан вазифаларни қўймоқда.

Ўзининг катта ва бой тажриба мактаби, шонли анъаналарига эга бўлган мамлакатимиз касаба уюшмалари уларни самарали ҳал этиб, Янги Ўзбекистонда янгича меҳнат муносабатлари шаклланиши ва равнақ топишига муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман.

Биз бу йўлда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаларининг фуқаролик жамиятининг энг фаол институтларидан бирига айланиши учун кўмаклашиш бўйича бундан буён ҳам бор имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Сизларни бугунги қутлуғ айём – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва олижаноб ишларингизда янги-янги ютуқлар тилайман.

Мана шундай қувончли кунларингиз кўп бўлсин, хонадонларингиздан ҳеч қачон тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахт ва омад аримасин! 

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.