Тошкент шаҳар ҳокимиятида 3 октябрь куни Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асомиддин Тожиев келажакдаги режалар, белгиланган мақсад ва вазифалар ҳақида йиғилганларни таништириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрини қуриш бўйича таниқли архитектор Ян Гейлнинг тавсиялари инобатга олинади. Шунингдек, янги асосий иш режасини тузишда шахсан архитекторнинг ўзи консультант сифатида таклиф қилиниши кўзда тутилган.
Тошкентда янги қурилишларни лойиҳалаштиришга бир неча хорижий мутахассислар ва архитекторларни жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, таниқли архитектор Ян Гейл тавсияларини ҳисобга олган ҳолда пиёдалар йўлкаси, велосипед йўллари, пандуслар қуриш мақсад қилинган. Гейлнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли учун максимал даражадаги қулай шароитлар яратиш учун катта салоҳият ва етарлича захира мавжуд. Айниқса, кўчалардаги йўлларнинг кенглиги кўплаб қурилишларни амалга оширишга имкон беради. Бироқ бунинг учун кўп вақт талаб этилади. Масалан, Амстердамга бунинг учун 8–10 йил сарфланган. Ян Гейл биз билан ишлашга рози бўлади, деган умиддамиз”, – дея қайд этди Тожиев.
Бошқарма бошлиғи ўринбосари хорижлик архитекторлар билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар муддати ҳозирча номаълум эканлигини билдирди.