Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

0
131
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини инфляция даражасига қараб индексациялаб бориш ҳамда тегишли ижтимоий тўловлар миқдорининг минимал истеъмол харажатлари қийматидан кам бўлмаслигини таъминлаш мақсадида:

1. 2022 йил 1 майдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилсин.

2. 2022 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 324 000 сўм;

ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 633 000 сўм;

ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 698 000 сўм;

меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 698 000 сўм;

1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 080 000 сўм;

белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (633 000 сўмдан) 698 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 698 000 сўм этиб белгилансин.

3. Пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни минимал истеъмол харажатлари қийматидан кам бўлмаган миқдорларда белгилаш мақсадида 2022 йил 1 майдан бошлаб:

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 500 000 сўм;

иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 500 000 сўм;

боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 500 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 185 000 сўмдан қўшилсин;

боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 500 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўлансин.

4. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашишининг олдини олиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 2022 йил 1 апрелга қадар нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш учун маълумотларнинг хато тақдим этилиши, киритилиши ва техник сабаблар туфайли фуқароларга ортиқча тўланган суммалар ҳисобдан чиқарилсин.

5. Пенсиялар ва нафақаларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплансин.

6. Молия вазирлиги (Т.Ишметов):

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлашда минимал истеъмол харажатлари қийматининг мезон сифатида белгиланиши, мазкур турдаги тўловларни олувчилар сонининг кўпайиши ҳисобига Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини таъминласин;

2022 йил 1 ноябрга қадар давлат пенсиялари миқдорларини ҳар йиллик инфляция даражасида қайта ҳисоблаш (ошириб бориш) тизимини жорий этишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.

9. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.