Қонунчиликка кўра, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки ундан алоҳида фойдаланилиши мумкин.
Хотин-қизларга жумладан, ёшларга, ёш оналарга кўплаб имтиёзлар бериляпти. Масалан, магистрант қизларнинг контракт пули давлат бюджети томонидан қопланаяпти. Шунингдек, кетма кет фарзанд кўрган аёлнинг бола парвариши таътилида бўлган вақти хаммаси бўлиб 6 йил давомида меҳнат стажига қўшилиши белгиланди. Бу ғамхўрликларнинг бари пировардида оилалар манфаати, фаровонлиги, тинчлиги, мамлакат келажаги бўлган салоҳиятли фарзандлар тарбиялаш мақсадларини кўзлайди.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот тадбирлари республикамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Концерт дастури шаклида ўтказилаётган бу тадбирларда эл суйган санаткорлар, таниқли сиёсатчилар, жамоат вакиллари чиқиш қилиб, аҳолига янги таҳрирдаги конституция лойиҳасига киритилаётган ўзгаришларни, янги моддалар ҳақида маълумот бериб, шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чақиришмоқда.
Бош қомусимиз иқболимиз гаровидир, унга бефарқ бўлманг, азиз юртдошлар, дея даъват этамиз, биз ҳам.
GUJUM.UZ