«Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танлови ғолиблари аниқланди

0
62
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўтган йилнинг июль ойида “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танлови эълон қилинган эди. Унга 2017 йилнинг 31 декабрига қадар 2016-2017 йилларда республика ҳамда хориж газета ва журналлари, интернет нашрларида эълон қилинган материаллар қабул қилинди. 

Ўзбек Миллий академик драма театрида танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов бутун фаолиятини, ҳаётини Ватанимизнинг озодлиги, тинчлик-осойишталиги, халқимизнинг, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, ўз орзу ва мақсадларини рўёбга чиқариши учун бахшида қилгани таъкидланди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент, Қарши ва Самарқанд шаҳарларида Биринчи Президентимиз ҳайкаллари қад ростлади. У киши узоқ йиллар фаолият юритган Оқсарой қароргоҳи ёдгорлик мажмуасига айлантирилди. Тошкент халқаро аэропорти, йирик муассаса ва ташкилотлар, пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. 

“Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танлови ана шу эзгу сайъ-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Танлов учун ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, француз, итальян, хитой, немис, япон, араб, корейс, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларида ёзилган жами 900 га яқин материал юборилган. Уларни адолатли баҳолаш учун танлов ҳайъати таркибига тажрибали мутахассислар, олимлар, тарихчилар, ёзувчилар, журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилди. Юборилган ишлар, аввало, мақола мавзуси янгилиги ва очиб берилгани, мазмунан тарихий ҳақиқатга зид келмаслиги, илмий манбалардан қанчалик фойдаланилгани, шунингдек, илмий ва бадиий савиянинг қай даражада эканлиги ҳисобга олинган ҳолда баҳоланди. 

Биринчи ўрин ва танловнинг бош мукофотини “Бошланғич таълим” журнали бош муҳаррири Ҳалим Саидов “Миллат хазинасини бойитган мутафаккир” мақоласи учун қўлга киритди. Ғолиб ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. 

Иккинчи ўрин совриндорлари эса Япония парламенти юқори палатаси депутати, “Япония – Ўзбекистон” дўстлик уюшмаси президенти Кёко Накаяма ва “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири Султонмурод Олимов бўлишди. Уларга диплом ва энг кам иш ҳақининг 75 баробари миқдорида пул мукофоти топширилди. 

Учинчи ўринга Мусурмон Бойхонов, Қорақалпоқ давлат университети магистранти Замира Айимбетова ва Санкт-Петербург давлат университети талабаси Александр Гонашвили муносиб топилди. Ташкилотчилар томонидан уларга диплом ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдоридаги пул мукофоти топширилди. 

Ғолибларга мукофотни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова топширди. 

– Муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов шахсини абадийлаштириш мақсадида юртимизда катта ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ҳалим Саидов. – Бу инсоннинг ҳаёти, серқирра фаолияти жуда катта тадқиқотларга етгулик, арзигуликдир. Бу ҳақида ёзиш эса ўта масъулятли иш. Шундай бўлса-да мен ҳам баркамол авлод тарбияси, юрт тараққиётига ўзининг катта ҳиссасини қўшган шундай буюк инсоннинг хотирасини абадийлаштириш уммонига кичик томчи қўшишга ҳаракат қилиб кўрдим. Асосий мақсад бу улуғ мутафаккирнинг Ватан тараққиётига қўшган ҳиссасини таъкидлаш, авлодларни у бошлаган ишларни муносиб давом эттиришга чорлаш эди. 

Бундан ташқари танлов ташкилотчилари томонидан 20 та рағбатлантирувчи мукофот ҳам таъсис этилди ва муносиб номзодларнинг ишлари танлаб олинди. Уларга Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” номли китоб-альбом совға қилинди. 

Тадбирда санъат усталари ва Ўзбек Миллий академик драма театри артистлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. 

 

Инобат Аҳатова, ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.