“Қисаси Рабғузий” асарининг ўзига хос хусусиятлари

0
12416
марта кўрилган.

Милодий 1309–1310 йилларда ёзилган “Қисаси Рабғузий” асарини китобат оламининг гўзал, бетакрор бир обидасига қиёс этгулик! Ёзма ёдгорликда Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўйу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган. Унда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.

Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган бебаҳо дурдона икки китобдан иборатдир. Собиқ советлар даврида ҳаёти ва ижоди ўрганилиши тақиқланган алломанинг ушбу асари Мустақиллик шарофати ва тарихимизга муносабат ўзгарганлиги туфайли дарсликлардан ўрин олди. Масалан, 9-синф адабиёти мажмуасига Носируддин Бурҳонуддин Рабғузий(охирати обод бўлсин)нинг машҳур асарларидан намуналар киритилгани бунинг исботидир. “Қисаси Рабғузий” асари ўзбек насрий адабиётининг биринчи йирик намунасидир.

Эл орасида қадимдан машҳур бўлган бу асар “Пайғамбарлар қиссаси” ёки “Авлиёлар қиссаси”деб ҳам юритилади. Зеро, асарда Одам Атодан бошланиб, Муҳаммад алайҳис-саломгача ўтган барча пайғамбарлар ҳақида зикр этилади. Китобда афсонавий пайғамбарлар билан бирга пайғамбарлаштирилган шахсларга, жумладан, Луқмони ҳаким, Искандар Зулқарнайнга ҳам катта ўрин берилган.

Асар муқаддимасида айтилишича, қўлёзма Хоразмда Работўғуз деган жойнинг қозиси Бурҳонуддин ўғли Носируддин томонидан мусулмон динини қабул қилган, эътиборли мўғул бекларидан ҳисобланган Носируддин Тўқбуғанинг илтимосига кўра, ҳижрий 709 (милодий 1309–1310) йилда ёзилган. Носируддин Рабғузий асарни деярли бир йиллик тинимсиз меҳнатдан сўнг ҳижрий 710 йилнинг Ҳут (мелодий 1310 йил 21 феврал-21март) ойида ниҳоясига етказади. Бу ҳақида қўлёзманинг сўзбошисида яъни, Рабғузийнинг ўзи томонидан ёзилган биринчи китобдаги муқаддимада кенг қамровли шарҳ берилган.

Шунингдек, муаллиф иккинчи китобнинг шеърий хулосасида ҳам уни қачон ёзганлигини ифода этади. “Ўзгалар дунё лаззати деб, қимматбаҳо тошлардан мол дунё йиққанида, хушманзара жойларда кўнгил очиб юрганида мен сўздан гавҳару дур туздим”, деб башорат қилади. Дарҳақиқат, ушбу китоб ўлмас ганжина бўлиб, асрлардан асрларга, халқлар тилидан ўзга халқлар тилига ўтиб келяпти. Рабғузий уни шундай ифода этади:

Ўзгалар кўп оламунчоқ туздилар эл тизгиниб,

Ман гувар, дур, йинжу туздим, кезмадим ёбон ёзи.

Етти юз ўн эрди йилғаким битилди бу китоб,

Туғмиш эрди ул ўғурда Ҳут саодат юлдузи.

Дарҳақиқат, алломанинг ўзи айтганидек, асарни дуру гавҳарга қиёс этгулик. Айни пайтда бу китобни бутун жаҳон аҳли ўқиб ўрганаётганлиги буни тасдиқлайди.

Асарнинг энг қадимий қўлёзмаси XV асрда кўчирилган бўлиб, у Британия музейида сақланмоқда. Ушбу нусханинг факсимелиси машҳур матншунос К. Гронбек томонидан 1948 йили Копенгагенда нашр қилинган. Қарангки, бизнинг китобхонларимизга ўқиш таъқиқланган китоб, ўша даврда Европада кенг тарқалган ва қизиқиш билан ўқилган.

Рабғузий асарининг қўлёзма нусхаларидан энг мўътабарларидан яна бири Россия Шарқшунослик институтининг Санк-Петербург бўлимида С-245 инвентарь рақами билан сақланаётган нусхаси бўлиб, у ХV ёки ХVI асрда кўчирилган деб тахмин қилинади.

“Қисаси Рабғузий”нинг бошқа нусхалари кейинги даврларда кўчирилган бўлиб, буларнинг лексикаси вақт тақозосига кўра ўзгариб борган. ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошларида ёдгорлик Тошкент, Қозон шаҳарларида литография асосида бир неча марта нашр қилинган. Асарнинг тўла тексти илк марта рус туркшунос олими Н. И. Ильминский томонидан 1859 йили Қозон шаҳрида эълон қилинган. Бу нашр нисбатан кейинроқ кўчирилган нусхага асосланган бўлиб, тил жиҳатдан асл нусхадан анча фарқ қилади.

ХIХ аср охирлари ва ХХ асрнинг бошларида “Қисаси Рабғузий”нинг айрим парчаларининг русча таржимаси, баъзи лингвистик шарҳлар билан П. М. Мелиоранский, С. Е Милов, Н. Ф. Катанов, Н. Ф. Остроумов каби олимлар томонидан ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган. Олимларнинг асарга бўлган эътиборининг ўзи ҳам бу асарнинг катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Айниқса, ушбу асар миллий китобатимиз тарихининг дурдонаси эканлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга.

Носируддин Бурхонуддин Рабғузийнинг (охирати обод бўлсин) “Қисаси Рабғузий” асари Мустақиллигимиз шарофати ва бир гуруҳ олимларимизнинг саъй-ҳаракати билан китоб жавонларимиздан ўрин олди. Асарнинг энг қадимий қўлёзмаси бўлмиш, XV асрда кўчирилган, Британия музейида сақланаётган нусханинг факсимелиси яъни машҳур матншунос К. Гронбек томонидан 1948 йили Копенгагенда нашр қилинган факсимиле-“Қисаси Рабғузий” китобини тайёрловчилар – филология фанлари номзодлари Абдулло Юнусов, Ҳамидулло Дадабоев томонидан асос қилиб олинган. “Ёзувчи” нашриётида 1990 йил чоп этилган китобга филология фанлари доктори, профессор Эргаш Фозилов сўзбоши ёзган. Оятлар, ҳадислар, арабий шеърларни ҳозирги ўзбек тилига филология фанлари номзоди Юсуфхон Шокиров таржима қилган.

Бироқ, ушбу асарнинг тили жуда мураккаб бўлиб, бугунги китобхоннинг тушиниши жуда қийин. Шунинг учун ушбу китобни қадимий туркий тилдан бугунги замонавий ўзбек тилига ўгириб, барча китобхонга тушинарли бўлишига интилдик. Зеро, орадан етти асарлик давр ўтган. Туркий адабий тиллар, туркий тилда бунёд этилган ёзма манбалар шаклланиш ва ривожланишнинг мураккаб босқичларини босиб ўтган.

Китобни ўқир эканмиз, Носируддин Рабғузий ўз асарини айни наврўзи олам арафасида меъёрига етказгани ҳам тасодиф бўлмаса керак, деб ўйлаймиз. Чунки, ундаги инсонларни бир-бирларига жабр – зулм қилмай, ноҳақ қон тўкмай, харом – хариш ишларга берилмай, шарм-ҳаёни эъзозлаб яшашга ундовчи ўғит ва ҳикматлари наврўзи олам каби бугунги кунда ҳам ўз моҳиятини йўқотган эмас. Асарда эътиқод ва иймонга содиқлик, пок ахлоқнинг ҳирсу ҳасад, қонхўрлик, баднафслик устидан ғалабаси тасвирланади. Қадимий туркий сўз санъатининг гўзал ва ғаройиб обидасида пайғамбарлар ҳаёти Шарқнинг донишмандлиги ила гўзал афсона ва ривоятлар орқали акс этган.

Рабғузийнинг китобида таъкидланишича, Одам Атодан Муҳаммад алайҳис-саломгача бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар ўтган. Баъзи пайғамбарлар бир даврда замондош бўлиб, ёнма ён яшашган. Масалан, Рабғузий ўз асарида Мусо билан Хизирни, Мусо билан Хорунни, Мусо билан Лутни, Довуд билан Ишмуилни, Хизир билан Илёсни, Махаҳарқиё билан Юнусни замондош деб тасвирлайди. Масалан, Рабғузий Илёс пайғамбарнинг ҳаётини тасвирлаганида шундай суҳбатни келтиради:

  • Сен Жалил тоғида турган Илёсмисан?-сўради Армала.
  • Бале, – жавоб қилди Илёс.
  • Мен сен айтаётган сўз учун уч юз етмиш пайғамбарни ўлдирдим. Уларнинг етакчиси сенсан. Мен сени ўлди деб ҳисоблайман. Сен ўз оёқинг билан ўлимга келдинг.

Демак, Рабғузий ўз асарида таъкидлашича, Илёс пайғамбар билан замондош уч юз етмиш пайғамбар бўлган.

Рабғузийнинг биринчи китобида Одам Ато алайҳис-салом, Шис алайҳис-салом, Идрис алайҳис-салом, Нуҳ алайҳис-салом, Ҳуд алайҳис-салом, Солиҳ алайҳис-салом, Иброҳим алайҳис-салом, Исмоил алайҳис-салом, Исҳоқ алайҳис-салом, Лут алайҳис-салом, Ёқуб алайҳис-салом, Юсуф алайҳис-салом, Мусо алайҳис-салом каби ўн уч нафар пайғамбар ҳаёти ва фаолияти ҳақида алоҳида ҳикоя қилинади.

Иккинчи китобида эса Мусо алайҳис-салом, Хорун алайҳис-салом, Довуд алайҳис-салом, Ишмуил алайҳис-салом, Сулаймон алайҳис-салом, Махаҳарқиё алайҳис-салом, Юнус алайҳис-салом, Илёс алайҳис-салом, Жиржис алайҳис-салом, Луқмони рахимаҳуллоҳи, Узайр алайҳис-салом, Закариё алайҳис-салом, Яҳё алайҳис-салом, Ийсо алайҳис-салом, Зулқарнайн, Муҳаммад Расулуллоҳ каби ўн етти нафар яловоч ва тарихий шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

Шунингдек, пайғамбарларнинг завжаси(хотини) ёки волидаси(онаси) бўлган авлиё, салоҳиятли аёлларга ҳам лутфан алоҳида саҳифалар бағишлаган. Одам Ато ёнида Момо Ҳавони, Иброҳим пайғамбар билан Сора разияллоҳу анҳуни, Исмоил пайғамбар билан онаси Биби Ҳожарни, Юсуф билан Зулайҳони, Ийсонинг волидаси Биби Марямни, Муҳаммад Расулуллоҳ ёнида Хадича разияллоҳу анҳу ва Ойиша разияллоҳу анҳуни гўзал тасбеҳлар билан акс эттиради.

Бу иккала китобда йигирма тўққиз нафар пайғамбар ва тарихий шахслар ҳақида алоҳида қиссалар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаёти, фаолияти ҳадислар, шарқона ривояту ҳикматлар орқали жуда қизиқарли ифода этилган. Қуръони каримдан оятлар келтирилиши асарнинг оргиналлигини оширган. Иккинчи китобнинг ўзида етти юзга яқин ояту ҳадислардан мисоллар келтирилади.

Шунингдек, ривоятлар ва ҳикматлар орқали фаришталар билан париларнинг, обидлар билан зоҳидларнинг фарқи нимадалиги, Яъжуж билан Маъжуж ҳақидаги ахборотлар асосли ва ғоят гўзал ифодасини топган. Мис, симоб, темир, олтин каби кимёвий элементларнинг кашф этилиши, ишлатилиши ҳам ушбу соҳа эгаларини, кимёгарларни қизиқтириши табиий. Кимёвий элементларнинг китобдаги ифодаси ота-боболаримиз азал-азалдан илму фанга жуда қизиққанлигини ўзида акс эттиради.

Шарқда Искандар Зулқарнайн деб тилга олинган шахснинг Александр Македонскийга дахлдорлиги, Зулқарнайн нисбасига оид талқинлар шунчалар хилма хилки, бу муаммо ечими дунё олимларини мудом ўйлантириб, баҳсларга сабаб бўлиб келади. Чунки, унинг тарихий шахс ва адабий образ сифатидаги талқинлари баъзан бир-биридан кескин фарқ қилади, шунингдек, Зулқарнайн нисбаси ҳақида ҳам турли хил қарашлар мавжуд.

Зулқарнайнга оид илк манба Қуръони Карим бўлиб, “Каҳф” сурасининг 83: 98 оятларида у ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Ушбу муборак манбада Искандарнинг аввал ғарбга бориб, бир қавмни тўғри йўлга чақириши, кейин эса Шарққа бориб бошқа бир қавмни ҳидоятга чорлаши таъкидланади. Рабғузий ҳам Зулқарнайн ҳақида Қуръони Каримга асосланиб ёзганлиги келтирилган мисолларидан кўриниб туради. Масалан: “Зулқарнайн Искандария номли жойдан бўлгани учун Искандар деб аталди. Зулқарнайн ҳам унга кейинчалик берилган ном бўлиб, ер юзининг мағрибидан машриқигача босиб олиб, бўйинсундургани учун шундай аталди. Қарн араб тилида муйнуз(мунгуз, шох) демакдир. Икки муйнузлик деган маънони англатади. Зулқарнайн бошидаги кийими(дубулғаси)да олтиндан иккита шох бор эди. Мавло Таоло унга пайғамбарлик юборди. Урдилар шохлари синди. Яна айтишларича, у икки қарнли бўлиб яшаган эди. Яна унинг пайғамбарлигига ҳам ихтилофлар бор. Баъзилар пайғамбар эди дедилар, баъзилар Оллоҳ ёрлиқаган малик эди дедилар.

”Каҳф” сурасидаги бу оятни далил қилиб келтирадилар:”Дарҳақиқат, Биз унга (Зурқарнайнга) бу Ерда салтанат-ҳукмронлик бердик ва (кўзланган) барча нарсасига йўл имконият ато этдик”(18: 84)”.

Рабғузий ўзи ёзган сўз бошида менгача пайғамбарлар қиссаси кўп ёзилган уларндан ўтиб бирор нарса дейишим қийин деб маълумот беради ва камтарлигини ҳам намоён этади. Битта шу жумланинг ўзи ҳам аждодларимизнинг илмга бўлган эътиборини англатади.

Рабғузий Муҳаммад Расулуллоҳ ҳаёти ва фаолиятини гўзал қаҳрамонликларнинг намунаси қилиб кўрсата олган. Шунингдек, асарда Муҳаммад пайғамбар Ҳиндистонга мусулмонликни қабул қилишлари учун хат жўнатгани таъкидланади. Дипломатик алоқаларга ҳам ўрин беради.

Табиийки, асар тилида мавжуд бўлган сўзларнинг айримлари бугунги китобхон учун тушунарсиз. Вақт ўтиши, турли ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг содир бўлиши натижасида туркийдаги баъзи сўзлар ўз умрини яшаб бўлган ва истеъмолдан чиқиб кетган. Масалан: уд, уй-сигир; тўра – қонун-қоида; ув – уй, жой каби сўзлар.

Шу билан бир қаторда ҳаёт синовларига бардош берган ва бугунги кунда ҳам тилимизда фаол қўлланилаётган жуда кўп сўзлар Рабғузий ёзиб қолдирган бебаҳо дурдонанинг ҳар бир сатрида учрайди. Масалан, тиши-хотин сўзи республикамиздаги баъзи вилоятларнинг шевасида ҳали ҳам ишлатилади.

Тиргук-тиргавуч. Хоразм шевасида у тиргак деб ҳозир ҳам ишлатилади. Рабғузий қўллаган ушоқ сўзи кичик, майда-чуйда деган маънони англатади. Бу сўз Хоразм шевасида бугунги кунда жуссаси кичкина болаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Ҳар ҳолда қадимий ушбу сўзлар бугунги кунда ўз моҳиятидан узоқлашмаган. Сизлоқ – сўзи асарда тиш оғриғи маъносида ишлатилган. Бугунги кунда ҳам қаттиқ оғриқли ярага сизлоқ, сизловуқ дейилади. Асарда такя қилмоқ яъни ёстиққа суянмоқ сўзи мавжуд. Хоразм шевасида така сўзи бугун ҳам ёстиқ маъносида ишлатилади. Тангмоқ-ўрамоқ; навмид-умидсиз, ноумид; ия-эга, соҳиб; харбуз-тарвуз; чаноқ-ёғоч идиш, товоқ; оғ-тўр, тузоқ; даф(дап)-доира; сичак (сеча) – чумчук; овуч-кафт, ҳовуч; кирпич – ғишт; ашоқ-паст; авло-яхшироқ, афзалроқ; кезик(газик)-навбат; қўндоғлаб-йўргаклаб; юртуғ (йиртиқ кийим – кечак)-тешик; ўкча-товон; амурд (алмурд)-нок; буз-муз. Хоразм шевасида бу сўзлар бугун ҳам айнан шу маънода ишлатилади.

Кўкиламоқ-рашк қилмок; ёзиламоқ-ёзилмоқ; бағирсоқ-раҳмдил, оқ кўнгил; исурмоқ-маст, кайф. Бу сўзлар ҳам ҳозир кўпгина шеваларда ишлатилади.

Шунингдек, ўз мазмун – моҳиятидан бироз узоқлашган сўзлар ҳам мавжуд. “Бодия” сўзи асарда-чўл, дашт, саҳро, биёбон маъносида ишлатилган. Хоразмда палов ейдиган махсус идишни бодия деб юритишади. Асарда “ариғ” сўзи покиза, соф маъносида ишлатилган. Хоразмда бугун бу сўз озғин, нимжон маъносида ишлатилади. Асарда “ёбон” сўзи чўл биёбон маъносида ишлатилган. Хоразмчада бугун у ёвон деб ишлатилади. Чўл, биёбондан ташқари қишлоқ маъносини ҳам англатади.

Асарнинг тил нуқтаи назаридан яна бир қимматли томони бор. Бугунги кунда ўзбек тилида ишлатилаётган астрономик, жўғрофий ва бошқа йўналишдаги терминларнинг қадимги эквивалентини топса бўлади. Масалан, рухом-мармар тош; ришват-пора; савмаъа – христианлар ибодатхонаси, монастр; қушлуғ оши-нонушта.

Аждодларимизнинг илм соҳасидаги илдизлари чуқур эканлигини англатадиган сўзлар ҳам мавжуд. Ақрон-сайёра; бақир-мис; Сақит – Зуҳра, Венера; туч-бронза.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Рабғузийнинг пайғамбарлар ҳақидаги қиссалари ҳам бадиийлик, ҳам тил нуқтаи назаридан катта эътиборга лойиқ ёзма ёдгорликдир. Унда қадимий қадриятларимиз ила шарқ фалсафаси уйғунлашиб кетган. Масалан, биринчи китобдан ўрин олган ас-самовати-Самонинг сийрати, Сифати ал-аразна-Ер сийрати қисми билан танишсангиз, ривояту ҳикматлар дунёвий илмларга ҳам уйғунлигини ҳис этасиз. Бугунги фанда ҳам ер турли қатламлардан иборат эканлиги айтилади ва ҳар бирининг ўз номи бор. Бу асарда ана шу ер қатламларининг кадимги номларидан огоҳ бўлиш мумкин.

Бу асар XIV асрнинг бошида яратилган бўлсада, ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шарқона фалсафамизга, миллий қадриятларимизга ҳамоханг асар ўз гўзаллиги билан дилларни равшанлаштиради.

Асарнинг биринчи китобидаги “Байт. Баҳориёт. Мавлоно Носируддин Рабғузий:” сарлавҳали шеъридан наврўзи олам ўша даврларда ҳам қадрли кадрият бўлганини англаймиз:

Кун ҳамалга кирди эрса келди олам наврўзи,

Кечди баҳман, замҳарир қиш қолмади қори бузи.

Бу мисраларда замҳарир қиш кечди, буз(муз) ва қор ҳам кетди, баҳман (илк баҳорда келадиган қаттиқ совуқ) кечди, ҳамал келиб наврўзи олам ўзлигини намоён қилди, дейилмоқда.

Дарҳақиқат, бу китоб шарқона қадриятларимизга ҳамоҳанг. Ривоят ва ҳикматлар эса халқимиз ҳаётининг мазмун-моҳиятини, эзгулик, яҳшилик, меҳр-оқибат ила яшашга интилишини англатади. Пайғамбарлар ҳақидаги ривоятларнинг ҳар бирида эса катта ҳикмат бор. У эзгуликка, диёнатга, имонли бўлишга чорлайди.

Ҳурматли китобхон, қуйида сизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан биринчи китобнинг Одам Ато ҳақидаги қиссани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.