Россия Федерациясининг Фан ва таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида онлайн видеоконференция ўтказилди

0
494
марта кўрилган.

Жорий йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Россия Федерациясининг Фан ва таълим вазирлиги томонидан мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида онлайн видеоконференция ўтказилди.

Видеоконференцияда Республикамизда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилиб, Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш,юқори малакали ўқитувчи ва олимлар билан тажриба алмашинувини ташкиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда бажариш, фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасида олий таълим муассасалари Филиаллари ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида ҳамкорлик «КЕЛИШУВ» лойиҳаси бандлари муҳокама этилди ҳамда тегишли келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3153 сонли «Тошкент вилояти саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган топшириқларга асосан Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Россия Федерациясининг Миллий тадқиқот технологик университети филиалини ташкил этиш кўзда тутилган. Онлайн видеоконференцияда ушбу Филиал фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам муҳокама этилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.