Таклиф: ”Яшил белбоғлар“ яратайлик!

0
78
марта кўрилган.

Таҳририятдан: Cўнгги йилларда мамлакатимизда ”Яшил макон“, ”Яшил иқтисодиёт“, ”Яшил энергия“,  каби  атама ва дастурлар пайдо бўлди. Журналистикамизда эса ”Яшил PR“ атамаси мавжуд. Ушбу дастур-у атамалар  атроф муҳитни асрашга қаратилган. Жорий йил мамлакатимизда «Атроф-муҳитни асраш ва ”яшил иқтисодиёт“ йили» деб номлангани ҳам бежиз эмас. Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором ЁРМАТОВА  магистрал яъни шоҳкўчалар бўйида ”яшил белбоғлар“ яратиб, яшил майдонлар вужудга келтириш, жаҳоннинг илғор тажрибаларидан фойдаланиш каби таклифларни билдираяпти.

Чунки, ер юзида аҳоли сони кўпайиши қатор демографик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Масалан, глобал исишга олиб келди. Дунё бўйлаб ҳаво ҳарорати 1,5 даража кўтарилгани кузатилмоқда. Шунингдек, қанчадан қанча унумдор майдонлар деградацияга учраб, экин экишга яроқсиз ҳолга келди. Чучук сув танқислиги  сезилмоқда, тупроқ таркиби бузилиб, шўрланмоқда. Аҳоли озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда. Музликлар эриб, ер остидаги қазилма бойликлар, энергия манбалари кун  сайин камайиб, айримлари тугаб бораётгани ҳам ҳақиқат.

Шу боис, бугун дунёда саҳроларни яшилликка буркаш лойиҳаси устида ишланмоқда. Тупроқ чўлланиши, деградацияга учрашининг олдини олиш учун чўлларга, саҳроларга дарахт экилмоқда. Масалан, Хитой ўз ҳудудидаги Такламакон саҳросини яшилликка айлантириш борасида катта ишларни бошлади. Уч минг километр узунликдаги майдонга 30 миллион тупдан ортиқ дарахт экилди ва Синьцзян шаҳрининг шимоли-шарқий ҳудудида яшил ҳудуд барпо этиляпти. Бу жой Ҳимолай тоғига яқин бўлгани учун саҳрода қишда ҳарорат 26 даражагача совиб кетади. Бундан ташқари, ҳудудга Сибирдан ҳам қаттиқ совуқ кириб келади. Ёз кунлари эса ҳарорат 40 даражагача исийди. Саҳронинг юқорисида мамлакатнинг ғарбий қисмини сув билан таъминловчи 10 та катта музлик жойлашган. Агар яшил ҳудуд барпо этилмаса, музликлар эриб, Ғарбий Хитой сувсиз қолиши мумкин. Шу музликлар сақлаб қолиниши учун саҳро яшиллик билан қопланмоқда.

Дарахтлар ёки яшиллик бор жойда салқин микроиқлим юзага келади, кислород кўпаяди. Заҳарли моддалар камаяди. Музликлар эришининг олдини олиш ва темир йўл ўтган инфра тузилмани сақлаб қолиш учун хитойликлар бу ерда қамиш ва бошқа қурғоқчиликка чидамли дарахтларни экиб парваришламоқда. Қамишнинг попук илдизи катта ҳажмли бўлиб, атрофидаги кўчадиган қум ва тузни ушлаб қолади. Хитой Такламакон саҳросида фақат дарахт экиб, яшил ҳудуд барпо қилиш билан чекланмай, қум бархани кўчиши тўхтаган жойларда қуёш панеллари ўрнатиб, катта миқдорда электр энергияси ҳам оляпти. Темир йўлни қум барханидан ҳимоя қилиш учун йўл бўйлаб 4-5 қатор дарахтлар экилди ва уларни суғориш учун ер тагидан сув олиб, томчилатиб суғориш тизими ишга туширилди. Энди яшил майдонларга қамиш, акация, туронғи дарахтларини экишга киришилди.

Саудия Арабистони ҳам ўз ҳудудидаги катта саҳрони яшилликка буркашга бел боғлаган. Мамлакат лойиҳа асосида 2030 йилгача 400 миллион туп дарахт экиб, ҳудудга Африканинг шимолий ва ғарбий ҳудудидан тез-тез кўчиб келадиган қум бархани йўлини тўсишни мақсад қилган. Бу ҳудудда 60 фоиз аҳоли сув танқислигидан азият чекади. Шунга қарамай, 30 фоиз майдонни табиий қўриқхонага айлантирмоқчи. Келгусида 50 миллиард туп дарахт экишни мақсад қилган. Ҳозир 40 миллион гектар майдонни дарахт экишга тайёрлаш борасида режа асосида ишлар давом этмоқда. Кейинчалик 200 миллион гектар майдонни деградациядан чиқариб, экин экишга яроқли ҳолга келтириш лойиҳаси тузилган.

Бундан ташқари, саудияликлар кам бўлса ҳам ёмғир сувини тўплашни йўлга қўйган. Улар бу иш билан қадимдан шуғулланиб келади. Бунинг учун ярим ой шаклидаги катта майдонда чуқур қазилади ва ёмғир суви ана шу чуқурга тўпланади. Чуқурнинг теварагига дарахтлар экилади. Дарахтлар илдизи ана шу намликда ривожланади. Шунингдек, саудияликлар ер остидан сув олиб, дарахтларни томчилатиб суғормоқда. Мамлакатда йиллик ёғин миқдори бор-йўғи 100 миллиметр. Шундай бўлса-да, ана шу озгина ёмғир сувини тўплаб, фойдаланади.

Нигерия ва яна бир неча давлат биргаликда Африка қитъасини иккига бўлиб, “яшил девор” лойиҳасини ишга туширмоқда. Лойиҳа иштирокчилари фақат дарахтлар эмас, қурғоқчиликка чидамли жўхори, кунжут, тариқ каби экинларни ҳам экмоқда. Сув тўпланадиган чуқурлар атрофида яшил ўсимликлар, турли хил бир йиллик ва кўп йиллик ўтлар табиий равишда ўса бошлайди. Секин- аста ҳайвонлар ва қушлар учун озуқа манбаи вужудга келади. Хуллас, бугун кўплаб жойларда ёмғир сувини тўплайдиган қурилмаларни ишга тушириш ишларига кенг эътибор берилмоқда ҳамда у ерларда экиш учун дарахтлар, буталар, кўп йиллик ва бир йиллик экин турлари танлаб олинмоқда.

Саҳроларда ўрмонлар барпо этиш эвазига атмосферада кислород кўпаяди. Иқлим ўзгаради, юмшайди, дала-даштнинг кўриниши яхшиланади. Экилган дарахт ва буталарнинг илдизи ўз атрофида бўлган қум, тузни кўчишдан сақлайди.  Дарахтларнинг танаси ва илдизлари ернинг устки қисмини мустаҳкамлайди, эрозиянинг олдини олади. Дарахт ва буталар йириклашгандан сўнг саҳро шамоли секинлашади. Саксовулнинг 7-8 йиллик бир тупи атрофидаги 4 тонна қумни ушлаб қолиш хусусиятига эга. Дарахтларнинг соясида ҳар хил бир йиллик ўт-ўланлар ўсади. Бундан ташқари, саксовулнинг бир йиллик новдалари тўкилиб, секин-аста қум органик қолдиқлар ёрдамида тупроққа айлана бошлайди. Бир туп саксовул ўзидан 0,8 тонна кислород чиқаради ва атмосферадан 1,1 тонна карбонат ангидридни ўзлаштиради. Демак, саксовул ёки бошқа дарахтлар экиш ва кўкартириш ҳавони зарарли газдан тозалашга ёрдам бериш билан бирга  ернинг таркибини яхшилайди. 

Мутахассислар таъкидлашиича, Ўзбекистонда янги ўрмонлар барпо этиш дунёдаги бошқа ҳудудларга қараганда 2-3 марта арзон тушади. Бизда бир гектар янги ўрмон барпо этиш учун 150-200 доллар сарфланса, бошқа мамлакатларда бу харажат 500 долларни ташкил қилади.

Жорий йил мамлакатимизда «Атроф-муҳитни асраш ва ”яшил” иқтисодиёт“ йили» деб номланди. Хўш, бу йилдан қандай умидимиз бор? Атроф-муҳитни сақлаш учун нима қилишимиз керак? Шу ўринда бир ўйлаб кўрайлик: бу борада биз нима иш қилдик? Ҳеч бўлмаса, бир туп кўчат экдикми ёки экилган бир туп кўчат парваришини зиммамизга олдикми? Экинларга қуйиладиган сувни оз бўлса-да, исроф қилмай суғоришнинг янги усулига ўтдикми? Челакка сув олиб, машиналарни ювишни одатга айлантирдикми? Афсуски, бугун бу саволларга ижобий жавоб бера олмаймиз. 

Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, маданий экинлар экилган дала чети ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тизимини йўлга қўйиш белгилаб берилди. Энди қаерда бўш майдон бўлса, албатта, шу жойга кўчат ёки бошқа озуқа экинлари экиш мумкин.

Мамлакатимизда 4 миллион гектар суғориладиган майдон бор. Унинг ҳудудидан оқадиган ариқлар, зовурлар четида  намлиги етарли жойда турли дарахт кўчатларини экиш имконияти ҳам бор. Масалан, барча вилоят экин майдонларининг ўқариқлари бўйида ҳеч нарса экилмай, бўш ётибди. Шу жойлардан сув оқиб ўтади, демак, экилган кўчатлар кўкариб кетишига 90-100 фоиз кафолат бор. Ана шу бўш жойларга турли дарахт кўчатлари экилса, албатта, бир кун келиб, уларни ёғоч сифатида ишлатиш мумкин. Бундан ташқари, бу дарахтлар атроф-муҳит ҳавоси тозаланишига ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, жойларга экиладиган дарахт ва бута турларини экологик нуқтаи назардан ўйлаб режалаштириш керак. Чунки, айрим дарахтларнинг ҳашарот ва касалликлари шу атрофда ўсаётган маданий экинларга зарар етказиши мумкин. Шунингдек, бир неча минг километрлаб чўзилган йўллар ёқасининг биринчи ва иккинчи қаторига манзарали, кейинги қаторларига мевали дарахтлар экилса, жуда фойдали бўлади. Сабаби биринчи ва иккинчи қатордаги манзарали дарахтлар орқа томонда қолган мевали дарахтларни кўчадан кўтарилаётган чанг ва газдан ҳимоя қилади. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, пишиб етилган меваларни истеъмол қилиш ёки қайта ишлаш мумкин. Шу ўринда бир мисол келтириб ўтсам. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида Самарқанд -Тошкент йўлининг Самарқанд вилоятига кириш чегарасида ўрик кўчатлари экилган. Бу дарахтлар ҳозир баҳорда ўтганингизда ҳам чиройли гуллаб, баҳри дилингизни очади. Элни тўйинтиришга хизмат қилади. Демак, бу борада бизда тажриба етарли.

Бизда асли келиб чиқиши Ўзбекистондан  бўлган бир дарахт бор. Кўпчилик бу дарахтга кўп ҳам эътибор беравермайди. Бу — хандонписта. У биологик хусусиятига кўра жуда иссиқ-совуққа чидамли. Олимларнинг маълумотига кўра, 40 даража совуқ ва 55 даража иссиққа чидайди. Бугун писта каби қурғоқчилик ва совуққа чидамли дарахтни топиб бўлмайди. 1960-йилларда Тошкент — Самарқанд йўлининг Зомин ва Ғаллаорол ҳудудидан ўтган қисми четига хандонписта кўчатлари экилган. Бу буталар орадан қарийб 60-70 йил ўтган бўлса-да, ҳамон кўкариб турибди. Улар бутун ёз бўйи деярли бир марта ҳам суғорилмайди. Қанчадан қанча қаттиқ совуққа бардош берганини ёши катта мутахассислар ва шу яқин орада яшовчи аҳоли яхши билади. Демак, хандонписта қурғоқчиликка ва совуққа ўта чидамли. У 350-450 йилгача умр кўрадиган дарахтлар турига киради.

Бугун мамлакатимиз ҳудудида “яшил” белбоғлар барпо этиш пайти келди. Албатта, бунинг учун совуққа ва қурғоқчиликка, барча ноқулайликларга чидамли, узоқ яшайдиган ўсимликларни танлаш керак. Мамлакатимизда иқлими ва экологияси энг оғир ҳудудлардан бири — Навоий вилояти. Вилоятда йирик кимё ва саноат корхоналари мавжудлиги туфайли шаҳар атмосферасида зарарли газ миқдори рухсат этилган меъёрдан кўп. Яна ҳудуд қуруқ иқлими, ҳаво намлиги пастлиги, чанг бўрони тез-тез кузатилиши ва ёзда ҳарорат юқори бўлиши билан ажралиб туради. Бундай шароитда “яшил” ҳудуд яратиш билан экологияни, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мумкин. Шу йил баҳорда Навоий шаҳрини “яшил” белбоғ билан ўраш лойиҳасига киришилса, жуда зўр иш бўлар эди. Бунинг учун эни 12 метрли полоса олинади ва бу жойга тўрт тупдан хандонписта кўчати экилади. Албатта, бу аниқ чегара эмас. Қаторлар сони кўпроқ бўлса янада яхши. Шаҳар тўлиқ “яшил” белбоғ билан ўраб олинса, бу ҳолат экологияга ижобий таъсир кўрсатади. Хуллас, “яшил” белбоғларни дастлаб экологик ҳолати оғир бўлган ҳудудлардан бошлаш зарур.

Вилоятдаги иккинчи “яшил” белбоғ билан ўраладиган ҳудуд деб Зарафшон шаҳрини танлаш мумкин. Чунки шаҳар атрофини Қизилқумнинг катта конлари эгаллаб ётибди. Аммо, бу конларга бир неча юз километрдан, яъни Амударёдан катта қувурларда сув тортиб келинган. Ушбу қувурлар усти тупроқ билан ёпилган бўлса-да, атрофига писта, ўрик, қарағай дарахтларини экиш ижобий натижа беради. Чунки, сув ўтган жойлар ёпиқ бўлишига қарамай, зах етарли даражада бўлади. “Яшил” белбоғни нафақат Навоий ва Зарафшон шаҳарларида, балки Қашқадарё, Сурхондарё ёки Қорақалпоғистондаги катта саноат корхоналари жойлашган барча ҳудудларда барпо этиш мумкин. Қорақалпоғистонда Оролнинг қуриган тубидан ташқари ҳам деградацияга учраган майдон кўп. Ана шу жойларда режа асосида ишлаш зарур. Саноат корхонаси атмосферага карбонат ангидрид гази чиқаряптими, демак, бу корхона ўзида хизмат қилаётган инсонларнинг соғлиғи, қолаверса, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун яшил полосалар ташкил қилишга киришиши лозим.

Мамлакатимиз ҳудудида “яшил” белбоғлар ташкил қилсак, биринчидан, табиатни, экологияни яхшилаймиз. Иккинчидан, орадан тўрт- беш йил ўтгач, тонналаб писта, ўрик ҳосилини йиғиб ола бошлаймиз. Ахир бугун бозорларимизда энг қиммат қуруқ мевалардан бири хандонписта. Орадан йиллар ўтиб, биз катта миқдордаги писта ва ўрик, туршак экспортчисига айланишимиз мумкин.

Учинчидан, “яшил” белбоғ барпо этиш натижасида эко ёки агротуризм ривожланиб, сайёҳлар жалб қилинади. Янги иш ўринлари очилади ва халқ хўжалигининг кўплаб тармоқлари ривожланади. Хуллас, “яшил” белбоғларни босқичма-босқич шакллантиришга киришиш зарур. Албатта, бунинг учун техника воситалари, кўчатлар, мутахассислар ва ишчи кучи керак. “Яшил” белбоғлар натижасида секин-аста янги ер майдонлари пайдо бўлади. Шунингдек, шаҳарларда ҳаво ҳарорати нисбатан юмшайди. Бундан ташқари, салқинлаш ва озуқа топиш учун қушлар, ҳайвонлар кела бошлайди, янги экотизимга асос солинади.

Биз бу ишларни бугун бажаришимиз керак. Эртага кеч бўлиши мумкин. Дунёда бу борада катта ишлар бошланган. Ҳар бир мамлакат ўз аҳолиси, соғлиғи, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг турли йўллари ва усулларини излаб топмоқда. Ўтмишда Орол денгизини қуритиш билан боғлиқ катта хатога йўл қўйганмиз. Энди бу каби хатоларни такрорламаслик, келажак авлодга яшил ва обод мамлакат қолдириш учун бу ишларни бажаришимиз шарт.

Дилором ЁРМАТОВА, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.