Бир неча кунлардан сўнг Ойга Исроилнинг “Beresheet” фазо кемаси қўнади.
Қарийб бир ой аввал самога парвоз қилган бу кемада 30 миллион саҳифага эга китоблар жамланмаси мавжуд. DVD ҳажмидаги метал дискка кўчирилган бу китоблар электрон нусхаси, фазогир олимларнинг тахминига кўра, ойга 11 апрелда етиб боради. Минглаб китобларни ўзига сиғдирган бу митти кутубхона турли метеориотлар урилиши ва эрозия ҳодисаларига чидамли қоплама билан ўралган бўлиб, 10-50 миллион йилгача сақланиши мумкин.
Олимлар келажакдаги кишиларда DVD ни диск “ўқий оладиган” ускуна бўлмаслиги ёки келажакда ҳозир амалдаги тилларда сўзлашмаслиги мумкинлиги ҳисобга олиниб, диск ғилофига китоблар ва ҳужжатлар эканлигини англатувчи суратлар туширилган. Шу билан бирга мазкур дискни қандай қилиб “ўқиш” мумкинлиги ҳам акс эттирилган. Бу митти кутубхонадаги китоблар инсоният тараққиёти тарихидан гувоҳлик бериб, унга Wikipedia сайтининг инглизча варианти, минглаб илмий ва бадиий адабиётлар, ер юзидаги жами 5 мингта тилни ўргатишга қаратилган минглаб китоблар сиғдирилган.
“Инсоният тараққиёти тарихида қанчадан-қанча нодир китоблар, бебаҳо асарлар йўқ бўлиб кетган. Бу лойиҳа эса инсоният тараққиёти тарихи унутилиб кетмаслигига, келажак авлодларга шу кунгача сақланиб қолинган маълумотларни етказишга ёрдам беради”, — дейди мазкур лойиҳанинг ташаббускори, “Arch Mission Foundation” нотижорат ташкилоти асосчиси Нова Славин.
Ойдин Саъдуллаева тайёрлади.