Инновацион ғоя: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада “САЛОМАТЛИК МАКТАБИ” ташкил этилади

0
558
марта кўрилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан барча маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини мутлақо янгича тартиб ва таъсирчан усулларда тарғиб қилувчи “Саломатлик мактаблари” ташкил этилмоқда.

Мазкур мактаблар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим марказининг “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида”ги қўшма қарори ижроси доирасида шакллантирилмоқда. Шу боис, ушбу мактаблар фаолиятига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда юқоридаги ташкилотлар ҳам масъул этиб белгиланди.

 — “Саломатлик мактаблари”нинг асосий вазифаси тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларнинг олдини олиш ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилишга қаратилган бирламчи профилактика ишларини кенг жамоатчилик орасида олиб боришдир, — дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова. —Ушбу мактабларинг ўзига хос жиҳати шундаки, бунда ҳисобот ва маълумот ёзиш каби қоғозбозлик ишларидан чекинилиб, асосий диққат-эътибор аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини таъсирчан ва самарали усуллар орқали тарғиб қилишга қаратилади. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Саломатлик мактаблари” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқди. Шунингдек, бу йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган тарғибот тадбирлар дастури тайёрланди. Лойиҳадан кутилган натижага эришишда мутахассисларнинг малака ва маҳоратини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлигида доимий видеоанжуманлар ташкил этилиб, соҳага оид янгиликлар, патронаж ишлари бўйича янгича услублар мутахассисларга етказилмоқда.

“Саломатлик мактаблари” ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида фаолият юритади. ҚВПлар, қишлоқ ва шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт врачлари, патронаж ҳамширалар, маҳалла фаоллари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари, жисмоний тарбия ўқитувчилари, таълим муассасалари шифокорлари ҳамкорликда мазкур жамоат тузилмасига бирлашиб, оилаларда, аҳоли орасида, таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.