Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Кембридж Инновацион паркининг Хитой Маркази”/“Cambridge Accelerate” ўртасида ҳамжиҳатлик тўғрисида меморандум тузилди. Меморандумни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда “Cambridge Accelerate” муассиси ва бош директори Женни Вонг имзоладилар.
Таълим, илм-фан, технологиялар, илмий-тадқиқот ишлари ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш, тажриба алмашиш мақсадида томонлар ҳамкорликда таълим ва илмий-тадқиқот дастурлар, илм-фанга асосланган технологияларни ўзлаштиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-техникавий маълумотлар ва инновацион технологиялар билан алмашиниш, талабалар ва ўқитувчилар ўзаро алмашинувини амалга ошириш, ҳамкорликда илмий-тадқиқот, тажриба конструкторлик, технологик тадқиқотлар қилиш, янги турдаги техника ва технологияларни яратиш ҳамда юртимиз ҳудудидаги инновацион технопарклар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар ва тадбирларни ташкил этишга келишдилар. Шунингдек, Женни Вонг тижоратлаштириш бўйича бизнес моделларни ривожлантириш, стартап лойиҳаларни, жумладан венчур капиталини шакллантириш бўйича маслаҳатлар беришга тайёр эканлигини билдирди.
Кембридж Инновацион паркининг Хитой Маркази фаолияти Кембриж, Буюк Британия ҳамда Хитой компанияларининг халқаро ҳамкорлиги ва молиялаштирилишини рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши муносабати билан янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади. Ўз навбатида, Британия қироллиги ва Чин мамлакатида яратилаётган энг замонавий технологияларнинг бирлашуви ҳали кўрилмаган инқилобий натижаларга олиб келишига сабаб бўлиши кутилмоқда.
–Тошкентга қилган сафарим чоғида юртингизда инновацион соҳада амалга оширилаётган ишлар менда катта таассурот қолдирди, – деди Женни Вонг. – Ҳамкорлигимиз томон биринчи қадам ташланди. Уч мамлакат ўртасидаги инновацион ҳамкорлик давлатларимизнинг тараққиётига яна-да кўпроқ туртки бўлишига ишончим комил.
Кембридж Инновацион паркининг Хитой Маркази Англиянинг Кембриджшир графлигининг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, мазкур технопаркда кўплаб йирик компаниялар фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган, уни кенгайтириш масалалари, қўшимча қурилиш ишларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама этилмоқда. Шу иншоотларга масъул “Paragon Land & Estates” компанияси раҳбари Николас Ланкастер “Хитой ва Буюк Британиянинг ҳамкорлигини янги икки бошли аждарнинг уйғонишига ўхшайди, у дунёни ларзага солишга тайёр” деган бўлса, бу ҳамкорликка энди Ўзбекистоннинг ҳам қўшилиши, хитойларда тараққиёт, бахт-саодат рамзи бўлган аждаҳонинг, ҳозирги кун тили билан айтганда илмий-техникавий тараққиётнинг, инновацияларнинг янги босқичга чиқишига умид бағишлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги