Инвесторлар учун қулай ва жозибадор шароит яратишга қаратилган амалий ишларимизни янада жадаллаштирамиз

0
150
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг

биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимидаги нутқи

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳурматли меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, сиз, азизларни – биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг барча иштирокчиларини меҳмондўст Ўзбекистон диёрида самимий қутлашга ижозат бергайсиз.

Бугунги анжуманимизда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари ҳамда жаҳоннинг етакчи компаниялари раҳбарларини, мамлакатимизнинг асосий ҳамкорлари бўлган давлатларнинг юқори даражадаги вакилларини кўриб турганимдан хурсандман.

Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Ўзбекистон замини кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келган. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлган. Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Миср каби мамлакатларда шаклланган цивилизация ва маданият намуналари айнан қадимги Мовароуннаҳр, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида учрашиб, бир-бирини ўзаро бойитиб келган. Бунинг натижасида 3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлган мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисодиёт, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб хизмат қилган.

Ушбу кўҳна заминдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, дунёвий ва диний илмларнинг улуғ намояндалари бугунги кунда ҳам бутун инсониятга хизмат қилаётган ноёб кашфиёт ва бебаҳо асарлар яратиб, уларни жаҳон аҳлига мерос қилиб қолдирганлар. Мисол учун, ҳозирги даврда ҳам долзарб бўлган “карантин” тушунчасини Европада “Авиценна” номи билан танилган аждодимиз, буюк шифокор Абу Али ибн Сино бундан минг йил муқаддам биринчи бўлиб амалиётга жорий қилгани тарихдан яхши маълум.

Замонавий инновацион ва блокчейн технологиялари ва сунъий интеллект негизини ташкил этувчи алгоритм атамаси яна бир улуғ аждодимиз – Муҳаммад Хоразмий номи билан боғлиқ эканидан сизлар албатта хабардорсиз.

Машҳур давлат арбоби, айни пайтда буюк астроном бўлган Мирзо Улуғбек эса XV асрдаёқ Самарқандда расадхона қурдириб, мингдан ортиқ юлдузларнинг энг тўғри координатларини аниқлаб, илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган.

Юксак тафаккур эгаси бўлган яна ўнлаб ватандошларимизнинг ўтмишда физика, геодезия, кимё, фалсафа ва тарих, меъморлик, тасвирий санъат, илоҳиёт ва бошқа йўналишларда яратган илмий кашфиётлари ҳозирги замонда ҳам ўз аҳамияти ва қимматини йўқотмасдан келаётгани айниқса эътиборлидир.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади.

Биз “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттирмоқдамиз.

Бундан 5 йил аввал биз Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиб, унинг доирасида кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлини танладик. Ушбу ислоҳотлар дастури давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олиб, қонун устуворлигини таъминлаш, рақобатни ривожлантириш, коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш каби муҳим йўналишларни ўзида мужассам этган.

Биз, биринчи навбатда, илгари инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омилларни бартараф этиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар ярата бошладик.

Биринчидан, 2017 йилда миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертациясини жорий этиб, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш билан боғлиқ барча чекловларни олиб ташладик.

Банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқди. Дунё бозорларига миллий валютамизда ҳам халқаро облигациялар чиқарилди.

Шу билан бирга, биз банк-молия соҳасидаги ислоҳотларимизни тизимли равишда давом эттириш зарурлигини албатта яхши тушунамиз.

Иккинчидан, мамлакатимизда очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имкониятини яратдик. Яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди.

Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон минтақадаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Учинчидан, коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни амалга ошириш мақсадида алоҳида Агентлик ташкил этилди.

Бу соҳада бошлаган ишларимизни давом эттириб, иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш янада кучайтирилмоқда.

Тўртинчидан, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва тўлиқ ҳимоя қилишни ҳам энг устувор вазифа сифатида белгиладик.

Икки йил аввал Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилинди ва тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди.

Ўзбекистонни қонун ва адолат мустаҳкам қарор топган демократик мамлакатга айлантириш, мустақил ва кучли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш – энг олий мақсадларимиздан бири сифатида кун тартибига қўйилди.

Бешинчидан, ислоҳотларимизнинг муҳим йўналиши сифатида мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш, демократик медиа макон яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Бу борадаги энг муҳим ютуғимиз шуки – биз жамиятимизда “ёпиқлик муҳити”дан қутулиб, Янги Ўзбекистон пойдеворини айнан эркинлик ва адолат тамойиллари асосида барпо этмоқдамиз.

Олтинчидан, кўп йиллар давомида мамлакатимизни турли “қора рўйхат”ларга киритилиши учун сабаб бўлган мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Бунинг эътирофи сифатида яқинда халқаро Нодавлат нотижорат ташкилотлари коалицияси – “Cotton Campaign” ҳамда жаҳондаги машҳур брендлар томонидан Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинди.

Еттинчидан, биз ислоҳотларимизнинг биринчи кунидан бошлаб таълим ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келмоқдамиз.

Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, ушбу масканларда тарбия олаётган болаларимиз қамрови аввалги 27 фоиздан 67 фоизга кўтарилди.

Бундан ташқари, 200 га яқин янги мактаблар барпо этилди, 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаблар эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди.

Шу ўтган қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди. Натижада мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражаси олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди ва бу йўналишдаги ишларимиз давом эттирилмоқда.

Барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муҳим ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон ва зарур буюмлар билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан ажратилган маблағлар миқдори ўтган даврда 12 баробар кўпайтирилди.

Саккизинчидан, мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ сиёсати ҳам бизнес соҳасини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда солиқларнинг умумий сонини 13 тадан 9 тага туширдик. Мол-мулк, шахсий даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари икки баробар пасайтирилди. Шу билан бирга, импорт бўйича 6 мингга яқин бож ставкалари ҳам камайтирилди. Шунингдек, ўтган 5 йил ичида 200 га яқин лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки соддалаштирилди.

Тадбиркорлик субъектлари зиммасидаги солиқ юкини янада камайтириш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Тўққизинчидан, Ўзбекистонда “ягона дарча” тамойили асосида хорижий инвесторлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилиб, сармоядорларга ҳар томонлама кўмак берадиган, барча ҳудуд ва тармоқларни қамраб олган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолияти йўлга қўйилди. Натижада иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми 3,5 баробар ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобидан 59 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилгани мамлакатимизда 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринларини яратишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Шунингдек, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, электротехника, кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноатлари ва бошқа кўплаб соҳалардаги қайта ишлаш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга ҳамда экспортнинг йиллик ҳажмини салкам 20 миллиард долларга етказишга муваффақ бўлдик.

Ўнинчидан, икки йил аввал мамлакатимиз тарихида биринчи марта камбағалликни бартараф этишни Ҳукумат сиёсатининг асосий мақсадларидан бирига айлантирдик.

Ушбу йўналишда алоҳида Стратегия қабул қилиниб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Натижада қисқа даврда ярим миллиондан ортиқ оилани муҳтожлар тоифасидан чиқаришга эришдик.

Умуман олганда, 5 йил давомидаги ҳаракатларимиз ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бу фикрни ислоҳотларимизнинг дастлабки йилларидаёқ иқтисодиётимизнинг йиллик ўртача ўсиши – 5 фоизни, саноат соҳасида эса – 8 фоизни ташкил этгани ҳам тасдиқлайди. Олтин-валюта захираларимиз 27 миллиард доллардан 35 миллиард долларга етди.

Ҳатто коронавирус пандемияси авж олган 2020 йилда ҳам мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсишида ижобий динамика сақлаб қолингани, 2021 йилда эса унинг ўсиш суръати 7 фоиздан ошгани ислоҳотлар йўлининг тўғри танланганидан далолат бўлиб, бизни янги амалий марраларга даъват этмоқда.

Муҳтарам форум иштирокчилари!

Мамлакатимиздаги 5 йиллик ислоҳотлар жараёнининг энг муҳим ютуғи сифатида бир фикрни тўла ишонч билан таъкидлаш мумкин: Ўзбекистонда ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани реал ҳақиқатдир.

Яқинда биз келгуси 5 йилга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Ушбу Стратегия “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти ва инсон капиталини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк дахлсизлиги ва гендер тенгликни таъминлаш каби муҳим вазифаларга қаратилган.

Стратегиямизнинг пировард мақсади – давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳа ва йўналишларида “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга тадбиқ этишни кўзда тутади.

Бу йўналишлар қуйидагилардан иборат.

Биринчи йўналиш – мамлакатимизда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш.

Жумладан, кенг кўламли маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш ва рақамлаштиришни жорий этиш орқали бизнес учун янада қулай шароит яратиш, давлат бошқаруви тизимининг натижадорлигини ошириш орқали ишбилармон ва тадбиркорларга кўмак берадиган, ихчам ва юқори самарали ҳукумат тизимини ташкил этиш кўзда тутилган.

Иккинчи йўналиш – давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини кескин қисқартириш.

Халқаро молия институтлари ва хорижий консалтинг компаниялари кўмагида давлат активларини хусусийлаштириш орқали 2026 йилга қадар эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳисобидан 25 дан ортиқ фаолият турлари бўйича монополиялар тугатилади, тижорат банкларида трансформация жараёнлари давом эттирилиб, банк активларида хусусий секторнинг улуши 60 фоизга етказилади, давлат иштирокидаги корхоналар сони камида 3 баробар қисқартирилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Форумда қатнашаётган сиз, ҳурматли инвестор ва тадбиркорларга ошкоралик, шаффофлик ва рақобат тамойиллари асосида ўтказиладиган хусусийлаштириш жараёнларида кенг иштирок этишингиз учун барча шароитлар яратишимизни таъкидлаб айтмоқчиман.

Учинчи йўналиш – мамлакатимизда инфратузилмани жадал ривожлантиришни давом эттириш.

Ўзбекистонда хорижий инвесторлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этган ҳолда, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилмани ривожлантириш ва йўл қурилиши соҳаларида умумий қиймати 15 миллиард долларлик 200 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Барчангизни ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга таклиф этамиз.

Тўртинчи йўналиш – иқтисодиётимизни саноатлаштириш доирасида бой хомашё захираларимизни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон кўплаб фойдали қазилмалар захираси бўйича дунёнинг юқори ўринда турадиган 20 та давлати қаторига киради. Жумладан, мамлакатимиз олтиннинг ресурс базаси бўйича дунёда – 2-ўринни, мис бўйича – 7, вольфрам бўйича – 8, кумуш бўйича – 9, уран бўйича 12-ўринни, табиий газ ишлаб чиқариш соҳасида эса 16-ўринни эгаллайди.

Ана шундай бой хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаган ҳолда, келгуси 5 йилда кимё ва газ-кимё, мисни қайта ишлаш, электроника, фармацевтика, тўқимачилик ва кўплаб бошқа соҳаларда 120 миллиард долларлик инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Бешинчи йўналиш – инсон капиталига инвестиция киритиш.

Келгуси 5 йилда мактабгача таълим соҳасида – 7 мингдан зиёд янги муассасалар ташкил этиш орқали қамров даражаси ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказилади, мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўлиқ қайта ишланади ва қўшимча 1 миллион 200 минг ўқувчи учун янги мактаблар барпо этилади, олий таълим соҳасидаги қамров даражаси 50 фоизга етказилади.

Биз профессионал таълим тизимини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни замон талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиётимиз эҳтиёжлари учун IT ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштиришни устувор вазифа сифатида белгиладик.

Масалан, Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати билан биргаликда амалга оширилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ушбу йўналишдаги амалий ҳаракатларимиз намунасидир. Мақсадимиз – иқтисодиётимизнинг “драйвер” тармоқларини етук ва малакали мутахассислар билан тўлиқ таъминлашдан иборат.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон бугунги кунда иқтисодий ресурслар билан бирга катта инсоний салоҳиятга, замонавий билим ва чет тилларни пухта ўзлаштирган янги авлод кадрларига эга. Бу бизнинг энг катта бойлигимиз ҳисобланади.

Олтинчи йўналиш – мамлакатимизда ташқи савдони янада эркинлаштириш, экспорт ва импорт фаолиятлари учун қўшимча қулайликлар яратиш.

Ўзбекистон яқин йилларда Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун аниқ қадамлар қўймоқда. Ҳозирнинг ўзида республикамизда маҳсулот ишлаб чиқарувчилар эркин савдо орқали 280 миллион истеъмолчиси бўлган минтақавий бозорларга чиқиш имкониятига эга.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг кенгайтирилган преференциялар тизими “GSP +” доирасида Ўзбекистондан 6 мингдан ортиқ маҳсулот турларини Европа бозорига имтиёзли шартларда экспорт қилиш мумкин.

Шунингдек, миллий экспортчиларимизга қўшимча имкониятлар яратиш учун ҳозирги вақтда Ҳиндистон, Туркия, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан имтиёзли ва эркин савдо битимларини имзолаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.

Мавжуд транспорт коридорларини диверсификация қилиш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Трансафғон темир йўли орқали Жанубий Осиёга, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли орқали Осиё–Тинч океани минтақасига ҳамда Жанубий Кавказни кесиб ўтадиган мультимодал транспорт коридори орқали Европа мамлакатларига етказиш учун имкониятлар яратиш бўйича ҳам амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Еттинчи йўналиш – мамлакатимизнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш.

Бу соҳа ривожи учун амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида 2022 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилади.

Шунингдек, краудсорсинг платформаси ва замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда, барча тармоқ ва ҳудудлардаги инвестор ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш амалиётини давом эттирамиз.

Бизнинг мамлакатимизда 20 август санаси Тадбиркорлар куни сифатида белгиланган. Айни шу кунда Президентнинг тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри учрашуви бўлиб ўтади. Мен бугунги анжуманда иштирок этаётган барча инвестор ва тадбиркорларни бўлғуси ана шундай мулоқотда ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлар билан иштирок этишга мамнуният билан таклиф этаман.

Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотларимиз натижасида келгуси 5 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмини эса 30 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказилади.

Биз Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришишни аниқ мақсад қилиб қўйганмиз.

Ҳурматла дўстлар!

Охирги йилларда дунёда юз бераётган пандемия синовлари, иқтисодиёт соҳасидаги мавжуд қийинчиликлар ва бошқа муаммолар бизни ностандарт чоралар кўришга, янгича вазиятда ишлаш ва натижага эришишга ўргатмоқда.

Дунёдаги бугунги мураккаб вазиятда ҳам Ўзбекистон – яшаш ва ишлаш учун тинч ва хавфсиз макон сифатида танилганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Биз инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитлар яратиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни янада жадаллаштирамиз.

Ислоҳотларни амалга ошириш жараёнидаги энг мураккаб вазифа – бу фақат қонунчиликни ўзгартириш ёки турли стратегияларни ишлаб чиқишдан иборат эмас. Булар албатта муҳим, лекин энг асосийси – одамларнинг дунёқараши ва фикрини ўзгартириш эканини, ўйлайманки, дунёдаги барча ислоҳотчилар тан олса керак.

Бугун ушбу залда Ўзбекистон Республикаси Президенти командаси аъзолари – вазирлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ҳам қатнашмоқда. Уларнинг ҳаммаси, юқорида таъкидланганидек, юксак малакали мутахассислар, замонавий дунёқарашга эга, Янги Ўзбекистон вакиллари бўлиб, ушбу Форумга тайёргарлик доирасида мендан аниқ топшириқлар олишган. Бу раҳбарлар Форумга ташриф буюрган Сиз, ҳурматли меҳмонларимиз билан амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, энг муҳими – инвестор ва тадбиркорларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш учун мунтазам ишлашга тайёр.

Шунингдек, Форум ишида хорижий шерикларимиз билан янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр бўлиб турган Ўзбекистоннинг етакчи тармоқ бирлашмалари, хусусий компаниялари ва корхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.

Форум доирасида сизларнинг эътиборингизга Ўзбекистонда ўз бизнесингизни самарали юритишингиз учун мавжуд шароитлар ва янги истиқболлар тўғрисида кенг маълумот берадиган 30 дан зиёд тадбирлар билан бир қаторда, 200 дан ортиқ жозибадор лойиҳалар бўйича таклифлар ҳам ҳавола этилади.

Ҳурматли инвесторлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Маълумки, ҳозирги замон бутун жаҳон иқтисодиёти рақамлаштириш жараёнига ўтаётган, “яшил” технологиялар ва инновацион тараққиёт ҳар қандай соҳа ва бизнес ривожи учун устувор аҳамият касб этаётган бир даврдир. Бизнес ва тадбиркорлик, халқаро иқтисодий алоқалар учун беқиёс имкониятлар очилаётган мана шундай шароитда сизларни қадимий цивилизация ва маданият маскани бўлган, бугунги кунда янгиланиш ва ислоҳотлар йўлидан дадил бораётган Янги Ўзбекистон билан амалий ҳамкорлик ўрнатишга таклиф этаман.

Сизларнинг мамлакатимизда муваффақиятли фаолият олиб боришингизни таъминлаш – Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан кафолатланади.

Барчангизни улкан ва муштарак мақсадларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли шериклик алоқаларимизни янги, янада юксак босқичга кўтариш учун фаол амалий ҳаракатларга даъват этаман.

Анжуманимизнинг барча иштирокчиларига Форум натижалари бўйича муҳим ва самарали келишувларга эришишни, келгуси ишларида эса янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.