Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 6 февраль куни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда экспорт ҳажмларини ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Унда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоселектор орқали жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарияти, йирик компаниялар вакиллари, элчилар иштирок этди.
Экспорт – иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омили. Валюта захираларини кўпайтиришнинг ягона йўли ҳам экспорт ҳажмини кескин оширишдир.
Мамлакатимизда экспорт фаолиятини енгиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида ўтган йили экспорт ҳажми 14 миллиард 258 миллион долларни ташкил этиб, 13,6 фоизга ўсган.
Кейинги икки йилда экспорт географияси 50 та давлатга кенгайиб, 140 тага етган. Экспортга 120 та янги турдаги маҳсулот чиқарилган. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 56 фоизни ташкил этиб, ҳудудий саноат экспорти қарийб 1,7 баробар ўсган.
Бироқ, ҳали ҳам мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Йиғилишда Президентимиз экспортбоп маҳсулотлар таркибини диверсификация қилиш, экспортда хомашё бўлмаган маҳсулотлар улушини камида 60 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг 2019-2025 йилларга мўлжалланган Миллий экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Мазкур стратегия экспортёрларга кўрсатилаётган давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, “Doing Business” рейтингида “ташқи савдо” кўрсаткичи бўйича юқори 50 та мамлакат қаторига киритиш масалаларини қамраб олади. Хориж тажбирасидан келиб чиқиб, экспорт қилувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон экспортёрлар ассамблеяси ташкил этилади.
Видеоселекторда экспортни кўпайтиришда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиб, бу борадаги ишларни жонлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўтган йили ҳудудий экспорт прогнози бажарилмагани, айниқса, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бу борада сусткашликка йўл қўйилгани қайд этилди. Ҳудудий мева-сабзавот экспорти прогноздан анча кам бўлгани, биронта ҳам ҳудудда бу борадаги режа бажарилмагани танқид қилинди.
Албатта, экспорт жаҳон бозоридаги конъюнктурага ҳам боғлиқ. Хорижий экспертлар жорий йилда ҳам асосий хомашё маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нархлари паст бўлишини прогноз қилишмоқда.
Шу боис мамлакатимизда 2019 йилги экспорт прогнози ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўп этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбари экспорт прогнозини таъминлашни аниқ ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, бу борада янги тизим йўлга қўйишни таклиф қилди.
Унга мувофиқ, аввало, Республика экспорт штаби фаолияти тубдан такомиллаштирилади. Ушбу штабдан вакиллар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга бириктирилади.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ўзлари мутасаддилик қиладиган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари томонидан экспорт прогнози бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади.
Республика экспорт штаби, Бош вазир ўринбосари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тармоқлар ва ҳудудлар бўйича ўн кунлик экспорт жадвалларини ишлаб чиқиб, тузилган экспорт шартномаларини сўзсиз бажариш ҳамда қўшимча келишувлар имзолаш чораларини кўради.
Иккинчидан, ҳар бир ҳудудда экспорт бўйича доимий ишлайдиган вилоят штаблари, туманлар ва шаҳарларда ишчи штаблар ташкил этилади. Уларнинг масъуллигида экспортбоп маҳсулотлар экинларини оптимал жойлаштириш, хўжаликларни сифатли уруғлар ва кўчатлар билан таъминлаш, ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиб олиш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, маҳсулотларни ташқи бозорга чиқаришгача бўлган яхлит тизим йўлга қўйилади. Шунингдек, ушбу штаблар ички ва ташқи логистика, сертификация масалаларига, кичик бизнес субъектларининг экспортини кўпайтириш, керак бўлса, айланма маблағлар учун кредитлар ажратилишига кўмаклашади.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар штаблари таркибига иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, божхона, стандарт, савдо-саноат палатаси, карантин бўйича республика идораларининг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари ҳамда тижорат банкларидан вакиллар киритилади.
Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ушбу штаблар раҳбарлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари уларнинг ишчи органлари ҳисобланади.
Ҳудуддаги штаблар экспортёрлар билан доимий равишда ишлаб, муаммоларини тезда ҳал қилиб боришлари шарт, дейилди йиғилишда. Амалга оширилаётган ишлар натижалари “онлайн” маълумотлар базасига киритилиб, назорат қилиб борилади.
Учинчидан, ҳар бир вазир, ҳар бир хўжалик бирлашмаси раҳбари ўз йўналишидаги корхоналар бўйича, улар тармоқ ёки ҳудудий корхона бўлишидан қатъи назар, экспорт прогнози бажарилиши учун жавоб беради.
Мисол учун, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси кластерларда пахта хомашёсини етиштиришдан бошлаб, уни чуқур қайта ишлашга, республика бўйича барча текстиль маҳсулотлари экспортига масъул бўлади.
Шу боис тармоқларда замонавий тежамкор технологияларни қўллаган ҳолда, юқори қўшилган қийматли товарларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Тўртинчидан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимини самарали ишга солиб, корхоналарга ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашади, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва хатарларни суғурталаш чораларини кўради. Ушбу Миллий тизим фаолияти Экспорт штаблари билан ҳамкорликда йўлга қўйилиши, энг муҳими, корхоналар бу тизим самарасини сезиши кераклиги қайд этилди.
Бешинчидан, экспортни таъминлашда барча вазирлик ва идоралар бевосита қатнашади. Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги элчилар билан биргаликда хорижий давлатлардаги бозор талаблари ва буюртмаларни аниқлаб, экспорт штабларига мунтазам тақдим этиб боради.
Ҳудудларга бириктирилган элчилар ҳокимликларга ташқи бозорларда харидор топиш ҳамда маҳаллий корхоналарни хорижий давлатлардаги кўргазмаларга юборишга кўмаклашади.
Олтинчидан, транспорт ва логистика хизматларини яхшилашга катта эътибор қаратилади.
Маълумки, бу борада 20 дан ортиқ халқаро транспорт коридорлари ва йўналишлари йўлга қўйилган, автомобилда халқаро юк ташиш бўйича 30 та давлат билан ҳамкорлик ўрнатилган. Лекин логистика ва йўл инфратузилмаси, чегара божхона пунктлари қуввати тобора ўсиб бораётган транзит талабларига тўлиқ жавоб бермаяпти.
Шу боис мутасаддиларга логистика марказлари ва йўлбўйи инфратузилмасини янада ривожлантириш, чегара божхона пунктлари техник ҳолати ва ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш, транспорт воситалари ва юкларни расмийлаштиришда ахборот технологияларини фаол жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
Самолётда йўловчи ва товарлар ташиш учун тариф сиёсатини оптималлаштириш, хусусий операторларга вагонлар паркини ташкил этишда кўмаклашиш, транзит давлатлардан чегирмалар олиш ва экспортёрларга татбиқ этиш вазифалари қўйилди.
Еттинчидан, экспорт товарларини стандартлаштириш ва сертификатлаш талаб даражасида эмаслиги, аксарият стандартлар жаҳон андозаларига мос келмаслиги уларни экспорт қилишда жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда.
Шу боис “Ўзстандарт” агентлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда сертификатлаш ва стандартлаштириш бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш топширилди.
Йиғилишда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни самарали ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу йўналишга ихтисослаштирилган 67 та туманда экинларини оптимал жойлаштириш, етиштирилган мева-сабзавотларнинг камида 25 фоизини экспортга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур туманларда мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш, шундай маҳсулотларни қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни кўпайтириш юзасидан тавсиялар берилди.
– Ҳамма аниқ билиши керак: агар экспортбоп мева-сабзавотлар сифатли етиштирилмаса ва хорижга йил давомида етказиб берилмаса, уларнинг экспортини кескин ошириб бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларига енгиллик яратиш мақсадида Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Болтиқбўйи давлатлари билан “Яшил йўлак” тизимини жорий қилиш, карантин хизматларидан белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа бозорига кириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда яна бир долзарб вазифа – хизматлар экспортини кенгайтириш, айниқса, туризмни ривожлантириш истиқболлари кўрсатиб ўтилди.
Макроиқтисодий барқарорлик кўп жиҳатдан импортни тартибга солишга ҳам боғлиқлиги таъкидланиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, импортнинг тариф ва нотариф бошқарув сиёсатини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.