Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг (ХМК) «Бизнесни юритиш 2018» янги рейтингида Ўзбекистон 74-ўринни эгаллади.
2017 йилнинг 31 октябрида эълон қилинган «Бизнесни юритиш 2018: иш ўринларини яратиш учун ислоҳотлар» ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 190 давлат орасида 74-ўринни эгаллади ва ўтган йилга нисбатан ўз рейтингини 13 позицияга яхшилади.
Қолаверса, мамлакат бизнес юритиш учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатларнинг биринчи ўнталигига киришга муваффақ бўлди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва бизнес юритиш шароитларини соддалаштириш бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари орасида етакчига айланишига имкон берди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ахборот хизмати.
Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш 2018» ҳисоботидаги 10 та индикаторнинг 6 таси бўйича сезиларли ўсишнинг қайд этилганлиги ҳам ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўлами ва натижадорлигидан дарак бермоқда.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимининг тубдан такомиллаштирилгани туфайли Ўзбекистон корхонани рўйхатдан ўтказиш кўрсаткичи бўйича 11-ўринни банд этди. Бу йўналиш бўйича мамлакат АҚШ, Япония, Франция, Германия, Италия, Испания, Дания ва бошқа ривожланган давлатларни ортда қолдирди.
2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб мамлакатда тадбиркорлик субъектларини онлайн рўйхатдан ўтказиш тизими ишлай бошлади, унга кўра рўйхатдан ўтиш жараёни аввалги икки иш куни ўрнига атиги 30 дақиқани банд этмоқда. Тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш жараёни онлайн тарзда тўлдириладиган ариза асосида амалга оширилмоқда. Бунда ариза берувчига мазкур тизим орқали таъсис ҳужжатларини ўз ихтиёрига кўра намунавий шакллар асосида расмийлаштириш имкони берилади.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўп кичик бизнес субъектлари ташкил этилганининг ўзиёқ мамлакатда бизнес очишнинг осон эканлигидан далолат беради.
2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартибининг жорий этилганлиги бу жараёнда бевосита тадбиркорлик субъектлари иштирокини талаб этадиган маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва қисқартириш имконини берди. Авваллари электр таъминоти тизимига уланиш учун тадбиркорлик субъектлари 7-10 идорага боришлари талаб этилган бўлса, бугунга келиб бунинг учун “ягона дарча” марказларига биргина ариза билан мурожаат қилиш кифоя. Қолган қадамлар – техник шартлар тайёрлашдан то тармоққа улашгача – барчаси ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг махсус хизматлари томонидан ариза берувчилар иштирокисиз амалга оширилади.
Натижада электр тармоқларига уланиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 56 поғона юқорилаб, рейтингда 27-ўринни эгаллади ҳамда бу индикатор бўйича АҚШ, Нидерландия, Янги Зеландия, Испания, Латвия, Туркия, Қозоғистон, Канада, Исроил каби мамлакатлардан ўтиб кетди.
2016 йилдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти учун танлов асосида ер майдонлари ажратиш тартибининг амалиётга жорий этилиши туфайли қурилишнинг барча босқичларида – лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш босқичидан то объектларни ишга туширгунча бўлган жараёнларда рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари сезиларли даражада соддалашди. Натижада ер участкаларини олиш ва қурилишга рухсатномаларни расмийлаштириш учун талаб этиладиган тартиб-таомиллар сони 23 тадан 17 тагача қисқариб, бу қурилишга рухсат олиш кўрсаткичи бўйича мамлакат рейтингининг 12 поғонага яхшиланишига хизмат қилди.
Солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини қисқартириш масалалари – мамлакат раҳбариятининг доимий диққат марказида. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш солиқ тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишларининг биринчиси сифатида белгиланди.
Солиқ ҳисоботларини топширишнинг тўлиқ электрон шаклига ўтганлиги ҳамда солиқларни масофадан тўлаш амалиётининг кенгайиши солиққа тортиш кўрсаткичи бўйича мамлакат рейтингининг сезиларли яхшиланишига сабаб бўлди (138-ўриндан 78-ўринга). «Бизнесни юритиш» жамоаси экспертлари баҳоларига кўра, Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектларига солиқ юки даражаси АҚШ, Австралия, Германия, Швеция, Туркия, Хитой ва Россия каби давлатлардагидан анча пастдир.
«Ягона дарча» марказлари орқали амалга ошириладиган мулкни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон ўз мавқеини мустаҳкамлаб, жаҳон рейтингида 73-поғонани банд этди.
Шу ўринда, тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятининг самарадорлигини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур. Уларнинг фаолияти рухсатномалар ва лицензияларни расмийлаштиришнинг ошкоралиги ва тезкорлигини таъминлаш, давлат органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг электрон шаклларини жорий этиш, қолаверса, бюрократик тўсиқлар ва ариза берувчиларнинг молиявий харажатларини сезиларли даражада қисқартириш имконини бермоқда. Ижобий тажрибани инобатга олган ҳолда 2017 йилда фақат «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 2 мартага – 16 тадан 34 тагача оширилди.
Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш билан бирга, инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Корпоратив бошқарувнинг очиқлиги ва акциядорлик жамиятлари фаолияти тўғрисидаги, жумладан, жамиятнинг ижро органи, кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиялари аъзоларига ҳисобланган ва тўланган тўловлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этишга бўлган талабларнинг кучайтирилганлиги Ўзбекистонга «Миноритар инвесторлар ҳимояси» индикатори бўйича 62-ўринга кўтарилиб олиш имконини берди.
Якунда Ўзбекистон корхонани рўйхатдан ўтказиш (11-ўрин), электр тармоқларига уланиш (27), шартномалар ижросини таъминлаш (39), кредитлаш тизими (55), миноритар инвесторлар ҳимояси (62), мулкни рўйхатдан ўтказиш (73) ва солиққа тортиш (78) йўналишлари бўйича жаҳоннинг биринчи 100 мамлакати қаторидан жой олди.
«Бизнесни юритиш 2018: иш ўринлари яратиш учун ислоҳотлар» маърузаси Жаҳон банки гуруҳи йиллик нашрининг 15-сони ҳисобланиб, унда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги тартибга солиш нормалари баҳолаб борилади. Тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш бўйича жаҳон рейтингини Янги Зеландия бошқармоқда. Шунингдек, кучли бешликдан Сингапур, Дания, Корея Республикаси ва Ҳонгконг (Хитой) жой олган.