Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19-20 май кунлари Туркманистонга ташрифи чоғида Тошкентда Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилгани, Ашхобод боғини ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилаётганини қайд этган эди.
Давлатимиз раҳбари 28 октябрь куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманида қуриб битказилган «Ашхобод сайлгоҳи»ни бориб кўрди.
Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи чоғида шаҳар ва қишлоқларимизда яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун фойдали бўлган дарахт ва буталар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Бундай боғлар бугун юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий меъморчилик талаблари асосида бунёд этилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда.
Умумий майдони 10 гектардан ортиқ бўлган ушбу сайлгоҳга кираверишда катта фаввора қурилган. Боғдаги хушманзара дарахтлар, замонавий ўриндиқлар ва бошқа қулайликлар киши кайфиятини чоғ қилиб, атроф-муҳитга сўлимлик бахш этади.
Президентимиз сайлгоҳ атрофи, унга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.