Иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди

0
135
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 март куни иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Маълумки, мамлакатимизда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, рақобат муҳитини яхшилаш мақсадида давлат корхоналари трансформация қилинмоқда. Йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш ва давлат активларини хусусийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, 25 та давлат корхонасида операцион самарадорликни оширишда сусткашликка йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилди. Ҳозирги замон талабига жавоб бермайдиган, зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечиш кераклиги айтилди.

Транспорт соҳасидаги ишлар ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Транзит йўловчилар оқимини ошириш, чартер парвозларга рухсат бериш тизимини соддалаштириш, маҳаллий аэропортларни минтақавий транзит хабига айлантириш чоралари белгиланди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси эркин рақобат шароитида ишлаш учун замонавий ёндашувларни жорий қилиши, авиачипталар нархининг ошишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда иқтисодиётда жорий йилнинг биринчи чораги якунида кутилаётган натижалар таҳлил қилинди. Янги корхоналарни фойдаланишга топшириб, иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига иқтисодий асосланмаган лойиҳаларнинг илгари сурилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди. Мутасадди идораларга ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, инвестиция лойиҳаларининг бозор иқтисодиёти талабига жавоб беришини ўрганиш вазифаси қўйилди.

Экспорт масалалари муҳокама қилинар экан, ташқи бозордаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб, транспорт ва логистика масалаларини ҳал этиш, экспорт географиясини кенгайтириш, маҳсулотларни янги бозорларга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокимлари озиқ-овқат хавфсизлигини ва бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича вазифалар ижроси тўғрисида ахборот берди.

Жумладан, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги экспорт йўналишларини очиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан вилоят ҳокимларининг ҳисоботи эшитилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.