Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ушбу қарор маърифатпарвар олим, шарқ ва ғарб тилларининг билимдони Исҳоқхон Ибратнинг ёрқин хотираси ҳамда номини абадийлаштириш, Наманган вилоятида хорижий тилларни мукаммал эгаллаган, чуқур билимга эга бўлган рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ қабул қилинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигининг Наманган шаҳрида Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади.
Шунингдек, қарорда Институт фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.