Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 20 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва вазифалари
Ушбу Қонуннинг мақсади жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун фуқароларнинг соғлиғини чилим ва электрон сигареталар чекишнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шароитларини яратишга қаратилган.
2-модда. Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Чилим
Чилим тамаки чекиш ёки таркибида тамаки бўлмаган чекиладиган қоришмани (тутатқи қиёмни, тутатқи тошни) истеъмол қилиш учун фойдаланиладиган асбоб бўлиб, унда аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш (чилим сувдони) орқали ўтади.
Чекиладиган қоришма никотинсиз қоришмадан, чекиладиган мевали аралашмадан, шунингдек уларнинг озиқ-овқат толалари асосида тамаки баргларини ҳамда бошқа таркибий қисмларни қўшмасдан ва қўлламасдан яратилган, таркибига келиб чиқиши табиий ёки сунъий бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари кирадиган ўхшаш турларидан иборатдир.
Тутатқи қиём глицерин, турли ўсимликларнинг экстрактлари, эриткичлар ва хушбўй моддалар асосидаги тамакисиз маҳсулотдир.
Тутатқи тош келиб чиқиши минерал асосга эга бўлган, хушбўй қиём шимдирилган, никотинсиз ғоваксимон маҳсулотдир.
4-модда. Электрон сигарета
Электрон сигарета никотинни ёки никотинсиз маҳсулотни етказиш воситаси сифатида фойдаланиладиган, нафас олиб ютиш учун мўлжалланган аэрозоль (буғ) ҳосил қиладиган электрон мосламадир.
Одамнинг нафас олиш тизимига никотинни ёки никотинсиз маҳсулотни етказиб берувчи электрон тизимларнинг истеъмол хусусиятлари ва истеъмол қилиш усуллари электрон сигаретага ўхшаш бўлган бошқа турлари ҳам электрон сигаретага тенглаштирилади.
5-модда. Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўймаслик;
чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ҳамда тарғиб қилишга йўл қўймаслик;
жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахсларни ҳамда уларнинг мажбуриятларини белгилаш;
жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш;
жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш.
Қонун ҳужжатларида жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
6-модда. Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўймаслик
Чилим ва электрон сигареталарни:
стационар савдо объектларида, шунингдек умумий овқатланиш корхоналарида, бундан чилим ва электрон сигареталар чекиш учун махсус ажратилган хоналар мустасно;
кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;
клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойларда;
музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва маърузахоналарда;
маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан тамбурларида), дарё кемаларида, шаҳарда, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобусларда, таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида, шунингдек ҳаво кемаларида;
ер ости ўтиш жойларида, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларида;
аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг биноларида;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг биноларида;
соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотларида, таълим муассасаларида, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида;
иш жойлари бўлган хоналарда;
кўп квартирали уйларнинг йўлакларида, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончаларида;
хиёбонларда, боғларда, кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида чекишга йўл қўйилмайди.
Жамоат жойларида жойлашган хоналарни чилим ва электрон сигареталарни чекиш учун бериш, худди шунингдек жамоат жойларида чилимни ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тақиқланади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган махсус ажратилган хоналарнинг жиҳозларига, чилим ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тартибига, чилимларни санитария жиҳатдан тозалашга ва чекиладиган қоришмаларни (тутатқи қиёмни, тутатқи тошни) сақлашга доир талаблар, шунингдек тамакига ва чекиладиган қоришмаларга (тутатқи қиёмга, тутатқи тошга) доир гигиеник талаблар қонун ҳужжатларида белгиланади.
7-модда. Чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ҳамда тарғиб қилишга йўл қўймаслик
Чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама қилиш, яъни чилим ва электрон сигареталар чекиш усуллари ва йўллари, шунингдек уларни олиш жойлари тўғрисидаги маълумотларни тарқатишга қаратилган фаолиятга йўл қўйилмайди.
Чилим ва электрон сигареталар чекишни тарғиб қилиш, яъни чилим ва электрон сигареталарни чекишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ва бадиий образларни очиқ ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган ҳаракатлар тақиқланади.
8-модда. Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар ва уларнинг мажбуриятлари
Корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мансабдор шахслари (маъмурияти), шу жумладан ўз тасарруфида (мулкида, эгалигида, фойдаланишида) ҳудудлар, бинолар (хоналар), иншоотлар ва жамоат жойларида жойлашган бошқа объектлар, шунингдек ушбу Қонун 6-моддаси биринчи қисмининг олтинчи хатбошисида кўрсатилган транспорт воситалари бўлган шахслар жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслардир.
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар:
жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажариши;
чилим ва электрон сигареталар чекаётган шахсларни жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириши, ҳуқуқбузарлик давом эттирилган тақдирда эса ички ишлар органларига хабар бериши;
ҳаммага кўринарли жойга, шу жумладан биноларга (хоналарга) кириш жойларига, транспорт воситаларига ва бошқа объектларга жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи лавҳаларни жойлаштириши шарт.
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахсларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
9-модда. Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, таълим муассасалари ҳамда бошқа муассасалар чилим ва электрон сигареталар чекишнинг салбий таъсири профилактикаси, жамоатчилик онгида чилим ва электрон сигареталар чекишга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш бўйича комплекс ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа чораларни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.
10-модда. Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назорат
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан назоратни ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.
11-модда. Низоларни ҳал этиш
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
12-модда. Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
13-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
14-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
15-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг
Президенти Ш. Мирзиёев