Карантинда очилган истеъдодлар

0
235
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан “Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи” давлат унитар корхонасига қарашли илмий-техникавий, маънавий-маърифий, оммабоп нашр ҳисобланган “XXI asr texnologiyalari” журнали ўқувчи-ёшлар ўртасида “Карантинда очилган истеъдодлар” номли танлов  эълон қилганди.  Кеча  11 сентябрь куни вазирликнинг янги биносида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Ёш ихтирочи”, “Фойдали карантин”, “Ёш ҳунарманд”, “Ёш рассом”, “Ёш спортчи” каби йўналишларда   5 ёшдан 25 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтказилган танловда  15 куни ичида  200 га яқин ижодкор болалар ўзларининг фаолияти акс этган видеолавҳа ва суратлари билан қатнашишди. Улар орасидан энг саралари танлаб олиниб, “XXI asr texnologiyalari” каналига жойлаштириб борилди.

  Бундан ташқари, танловда қатнашган ҳар бир иштирокчига “XXI asr texnologiyalari” журнали таҳририяти томонидан эсдалик совғалари ҳамда сертификат топширилди.

Ушбу танловда саккиз  ва олти ёшли невараларим Саъдуллаев Беҳрузбек билан Саъдуллаев Юсуфбек ҳам қатнашиб, “Энг истеъдодли спортчи” ва “Энг ёш спортчи” йўналишларида рағбатлантирувчи мукофотга  эга бўлишди.

Ўзбекистон телевидениесида ишлаган пайтларимда “Фан ва тараққиёт”, олима  аёллар ҳақида “Гул кўп, чаман кўп” кўрсатувларини тайёрлаганим туфайлими илмий янгиликларни жуда хуш кўраман. Олимларнинг фаолиятини жуда қадрлайман. “Илм  игна билан қудуқ қазиш” деган иборани халқимиз бежиз айтмаган. Кейинги пайтда мамлакатимиз Президенти ҳам ҳар бир соҳани юксалтиришга илм орқали ёндошиш лозимлигига, иннавацион технологияларга, илм билан ишлаб чиқаришни узвий боғлашга кенг эътибор беряпти. Албатта, бу бежиз эмас.  Барча соҳага кластер усулининг кириб келаётгани ана шу саъй- ҳаракатларнинг самарасидир.

Кечаги тадбир якунида Ёшлар академияси томонидан Инновацион ривожланиш вазирлиги биноси бўйлаб саёҳат уюштирилди. Аслида мен ана шу саёҳатга ҳам жуда қизиққан эдим.  Вазирлик ташкил этган лабораторияларни,  кўргазмалар залини кўздан кечириб, юртимизда 2020 йилга Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилиши бежиз эмаслигига яна бир бора амин бўлдим.

Аэрокосмика лабораторияси билан таништираётганда саёҳат етакчиси бу лаборатория  жаҳонда АҚШ,  Россияда ва бизда борлигини фахр билан таъкидлади. Ушбу илм масканида амалга ошириладиган фаолиятни қисқа шарҳлаб берди. “Ақлли уй” ижодхонасини ва ундаги мавжуд асбоб-ускуналарни кўрганимизда, яқин келажакда уй ишларини бемалол роботларга ишониш мумкинлигига амин бўлдик.

Бундан 20-30 йил бурун факс, компютер, сканерлар саноқлигина ташкилотларда бўларди.  Эндиликда  барча ташкилот нари турсин уйларимизгача кириб келди. Бу ерда «ақлли уйда» кўрган техника, технологияларимиз ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилса, ҳаётимизга ҳам  кириб келиши ҳеч гап эмас.

 Роботлар кўргазмаси хонасига кирганимизда ёш ихтирочиларимизнинг жаҳон танловларида муносиб ўрин олганликларининг гувоҳи бўлдик.

Инновацион ривожланиш вазирлигига, Ёшлар академияси ва “XXI asr texnologiyalari” журналига фаолиятида омадлар тилаб қоламиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.