Кавказ тоғларида Ўзбекистон туркумидан: иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Очил бобо Жабборов билан суҳбат

0
233
марта кўрилган.

“Ўзбекистон” санаторийсининг  ҳовлисидаги шинамгина айвончага тушлик олдидан ва тушликдан кейин  барча фахрийлар йиғилади. «Одамнинг тафтини одам олади» деганларидек уларнинг суҳбатига ёшу қари бирдек  интилади. Аслида кексаларга яхши суҳбатдош ҳамиша керак. Уларнинг ўзаро суҳбатларини жимгина тинглаш ҳам жуда мароқли. Ҳаёт билан ўлим ўртаси бир қадам бўлган даҳшатли дақиқалар ҳақидаги ҳикоялари сабоққа, эзгуликка, синовларга тўла.

 Самарқанд шаҳрининг Минск кўчасида яшовчи тўқсон етти ёшни қаршилаган  Очил бобо Жабборов жанговор ҳаёт йўли ҳақида гапираяпти. Очил бобо жанговор ҳаётини 1-Белорусия фронтидан 1942 йил март ойида бошлаган экан. “Ҳар бир қарич ер учун, ҳар бир уй учун аёвсиз жанглар, олишувлар бўлаётган бир даврда жанг майдонига кирдим. Ватан учун дея  ўлимга тик борар эдик. Ёди хаёлимиз фақат ғалабада, душман қуршовини юриб чиқиб, белгиланган мақсадга эришишда бўларди. Смоленск, Витебск, Курск шаҳарлари учун бўлган аёвсиз жангларда қатнашиб кўплаб дўстлар топдим ва кўплаб дўстларимни йўқотдим. Ҳозиргина елкама елка турган сафдошингизни йўқотиш жуда оғир кечарди. Кўз ёшларимизни артишга ҳам вақт топа олмасдик. Тақдирга тан беришдан бошқа иложимиз йўқ эди. Сафдошларим,  дўстларим учун дея яна жангга кирардик. Ҳар бир дақиқа ғанимат даврлар эди.  Елкамизга катта синовлар битилган эди”. Дея ҳикоя қилади бобо.

Курскни озод қилишдаги жанговор хизматлари учун биринчи даражали “Шон -шухрат” ордени билан тақдирлангани, у ерда кечган даҳшатли жанглар ҳақида  худди кеча бўлгандек ҳикоя қилади. Дарҳақиқат, Очил бобо Жабборовнинг кўксини безаб турган орден ва медаллар бобонинг жанговор ҳаёт йўлини кўрсатиб турибди. “ Биз жангоҳларда юрганимизда  оила қуриб, осойишта ҳаёт кечиришни орзу қилардик.  Урушдан қайтгач Оллоҳим орзуимга етказди. Бир ўғил, уч қиз фарзандга юзим тушди. Ўғлим Қиличбек Жабборов ҳам пенсияга чиқди. Мана мен билан бирга дам олишга келди. Яна  иккаламизнинг барча харажатларимизни яъни уйимиз остонасидан ҳатлаб чиққан жойимиздан ва яна уйимиз остонасигача бўлган барча харажатларни давлатимиз ўз зиммасига олди.  Буни катта бахт деб биламан. Бу кунларни қанча-қанча жанговор дўстларим орзу қилган эди. Алп  йигитларнинг орзуси  ўзи билан қора тупроққа кетди.  Жанггоҳларда юрганимизда ширин дақиқалар худди беғубор болалигимиздек йироқ туюларди.

Эндичи!? Эрталаб кўзимни очиб айвонга чиқаманда, қушларнинг осойишта  сайрашидан ором оламан. Ям-яшил ўрмон кайфиятимни кўтаради. Кисловодск ҳавоси ўзим туғилиб ўсган Ургутнинг булуқ сувлари каби салқин ва мусаффо, осмон дунё қадар кенг ва паёнсиз, олмахонларнинг дарахтдан дарахтга сакраб осойишта ўйнаб юриши тинчликни ифодалайди. Бизни шу ерга келишимизни ташкил этганларни алқайман. Очиғи бу ерга келиб янада яшаргандекман. Атрофдаги тиббиёт ходимларининг меҳрибонлиги, фарзандимнинг ёнимдалиги, гўзал манзаралар кўнглимни тоғдек юксалтирди. Бугунги тинчликнинг, доруломон кунларнинг қадрига етинг”,  дея ҳикоясини тугатади бобо. Невара –эвараларини сўраймиз.  “Ширина, Нигина, Дамиржон, Самиржон каби эвараларга юзим тушди. Оллоҳга шукрим кўп.  Бошлари тошдан бўлиб, юрт корига яраб юрсин. Дея алқайди бобо.

Очил бобо урушдан қайтгач, Ургутдаги 60-мактабда бошланғич синфларга дарс берди. Сўнгра олти ойлик малака ошириш курсларида ўқиб, ўзбек тили ва адабиётидан ҳам сабоқ бера бошлади. Бир умр ёшлар тарбияси билан шуғулланди.

Мен билан Кисловодскка бирга келган Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бирга ишлаган сафдошим, иқтисод фанлари доктори, профессор Шарбатхон Абдуллаева  отахон билан суҳбатимизга қўшилди.

Раъножон опа, узр суҳбатингизга қўшилиб, отахонга мен ҳам бир неча  савол берсам майлими, дея сўради. Мен уларнинг суҳбатини мураббийларнинг тажриба алмашуви дея  номладим.

“Отахон сизнинг даврингиздаги ёшлар билан бугунги ёшларни ҳеч қиёслаб кўрасизми? Қандай ўхшашлигу қандай фарқлар бор. Чунки, орадан деярли юз йил ўтган”-дея сўради у.

“Шижоат, интилиш, меҳр-оқибат ўзгармаган. Бизнинг ёшлигимиз, кучимиз Ватан ҳимоясига қаратилган эди. Ҳар куни ўлим билан юзлашар эдик. Бора бора қўрқувни унитиб жанг оддий нарсадек бўлиб қолди. Хаёлимиз фақат ғалабада бўларди. Бугунги ёшлар эса ўз устида ишлашга, илм олишга, билимини юксалтиришга имконияти бор. Яна барчасини осойишта амалга ошириши мумкин. Бугунги ёшларга яратилган имкониятларга қараб ҳавасим келади.  Алоҳида яшашни истаса кредитга уйлар берилаяпти. Тил ўрганиб, чет элда ўқиб келишни ҳоҳласа бунга ҳам имконият бор. Фақат иштиёқ, интилиш керак, халос. Ўзимнинг оиламдан мисол келтирсам. Бир неварам  Америкада ўқишни тугатиб, ҳозир у ерда ишлаб тажриба орттираяпти. Бизнинг давримизда бундай имкониятлар қайда эди дейсиз.  Буларнинг бари Ўзбекистон мустақиллигининг, юртимиздаги сиёсатнинг, тинч-осайишта ҳаётнинг, барча миллат вакиллари аҳил оила бўлиб яшаётганининг шарофатидир”.

“ Мана ўзингиз ҳам илм олами вакили экансиз, олимасиз сиз бу борада нима дейсиз?”–сурайди ўз навбатида отахон ҳам. Шарбатхон Абдуллаева отанинг саволини кутмаган эди. Бир зум ўйланиб қолди. Иккаласи педогогик тарбиянинг мактабда  ва олий ўқув юртида ўзига хосликлари тўғрисида чуқур суҳбатлаша кетишди. Сизларнинг тажрибаларингиз, босиб ўтган ҳаёт йўлингиз ёшлар учун катта ҳаёт мактаби, шунинг учун навқирон авлодлар билан тез-тез суҳбат қилиш кони фойда, дейман уларга.

Даврамиз янада кенгайиб, суҳбатлар авжига чиқди. “Қариси бор уйнинг париси бор” деганларидек, қариялар билан Кавказ тоғларидаги Ўзбекистон санаторийсига янада файз, қут-барака кириб келгандек эди. “Бизни ҳар дақиқада йўқлаб турган бу ердаги медикларга ҳам, бизни гўзал масканларга дам олишга йўллаган мамлакатимиз раҳбарига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Албатта, бу ҳақида ҳам ёзинг”, илтимос қилади отахон.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.