Кавказ тоғларида — Ўзбекистон туркумидан. Тўқсон саккиз ёшли  Шаққоз бобо Ҳасанов ва Раҳмон бобо Қурбонов  билан учрашув

0
197
марта кўрилган.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидан икки   нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Кавказ тоғларининг гўзал ва баҳаво “Ўзбекистон” санаторийсида дам олаяпти.  Шаққоз бобо Ҳасанов ва Рахмон бобо Қурбонов  билан шифохонанинг мўъжазгина айвончасида ўзаро суҳбатлашиб ўтиришганида танишдик. 

Уларнинг қизиқарли суҳбатларига ёшлар ҳам қўшилиб,  гурунг авжига чиқди. Дам олаётган қарияларнинг фронт ҳақидаги ҳикоялари жуда мароқли эди. Бир пасда айвон дам олувчиларга тўлиб кетди. Атайлаб учрашув уюштирганда ҳам  суҳбатдошни эшитиш учун шунча киши йиғилмасди.

Қарияларнинг ҳар бири жонли тарих эди. Шаққоз бобо урушда  разведкачи бўлиб хизмат қилган.  Ҳаммамиз яхши биламиз разведкачининг ҳар бир қадами жасорат, ҳар бир дақиқаси ғанимат!

– Ота, урушга киришдан олдин разведкачилик сирларидан сабоқ беришдими,– сўрайди Жиззах шаҳридан ўғли, келини ва невараси билан бирга дам олишга келган Хурсандой.

– Албатта, олти ой разведкачилик сир-синоатларини ўргатишди. Балки омон қолганимизнинг сабабларидан бири ҳам маҳоратимизни ошириб, ўн саккизга тўлганимизда жанг майдонига кирганимиздир.

– Бобо орденларингиз ҳақида гапириб беринг, – дейди суҳбатни диққат билан тинглаб ўтирган Хурсандойнинг невараси ўн икки ёшли Иброҳимжон.

– Сталиннинг имзоси билан 12 та орден- медаль олганман. Урушдан кейинги фидокорона меҳнатим учун эса 13та  орден –медалларим бор.

– Уларнинг энг зўри қайси бири, бобо – сўрайди яна болажон.

– Кўксимдаги энг юксак орден биринчи даражали “Шон-шухрат” орденимдир. Агар жангчи шундай ордендан учта олса  у пайтларда Ватан қаҳрамони унвонига сазовор бўларди.

– Бобожон, нега отингиз Шаққоз. У нима маънони англатади,– сўрайди Иброхимжоннинг отаси Бахтиёржон.

– Чол бўлиб туғилган эканман. Бошимда бир парча оқ сочим бўлган. У пайтларда нишонаси бўлган болаларга  Шаққоз яъни оқ сочли бола деб исм қўйишган.

Бобога берилаётган саволларнинг кети узилмайди. Шаққоз бобонинг касби муаллимлик бўлгани учун тингловчиларнинг саволларига эринмасдан жавоб қайтаради, моҳиятни тушинтиради. Урушдан қайтиб келиб педогогликка ўқиганлигини, ўзбек тили ва адабиётидан дарс берганлигини, мактабда директор бўлиб ишлаганини суҳбат давомида билиб олдик.

Шаққоз бобони кузатар эканман. Беихтиёр эрта кетган отамни ва  невараларга отам ҳақида ҳикоя қилаётган онамни эслайман. Онам отагинам ҳақида гапирганида, “педогоглар болалардек беозор, самимий, мантиққа суяниб иш кўрадиган, камсуқум-камтарин инсонлар бўлишади. Отанг ана шуларнинг бири эди”, дердилар ҳамиша.  Отахоннинг суҳбатларини тинглаб ушбу хусусиятларни кўргандек бўлдим.

Олти нафар фарзанди ва юздан ортиқ невара, чевара, эваралар қуршовида бахтли ҳаёт кечираётган отахон шундай дейди: Манғитобод маҳалласида яшайман. Колхозлар тугатилиб, фермер хўжаликлари тузилаётганда, бир неча фермер хўжаликларини бирлаштирган масканимизга Манғитобод маҳалласи номини беришни таклиф қилдим.

– Манғитобод дегани нимани англатади, – сўрайди Иброҳимжоннинг онаси Шоҳиста.

– Туркий ҳалқларнинг 92 уруғи бор.  Уларнинг бири манғит. Азал-азалдан биз яшайдиган қишлоқни манғитлар дейишган. Сўнгра колхоз тузилиб эски атамалар унитилиб кетган. Биз шу қадимий номни қайта тикладик. Миллий қадриятларимиз бу ўзлигимиз демак,– дея эринмасдан тушинтиради отахон.

Шаққоз бобо бу ерга мамлакатимиз Президентининг берган имтиёзлари туфайли ўғли Муроджон Ҳасанов билан келиб даволанаяпти. Бу шифо масканида оиласи билан бирга дам олаётганларни кўплаб учратиш мумкин. Чунки, ҳукуматимиз кархона ва ташкилотларга  намунали меҳнат қилаётган  ишчи – ходимларни Кавказ тоғлари бағридаги “Ўзбекистон” шифохонасида дам олиши учун имтиёзли йўлланмалар бериш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Хурсандой ҳукуматимизни ҳамда ўғли Бахтиёржоннинг ғамхўрлигини алқайди.  Юртга, элга, ўғлига эзгуликлар тилайди. Суҳбатдошларни кузатиб ўтириб ҳар бир оиланинг ўз мактаби, ҳар бир инсоннинг ўз олами мавжудлигини англайсиз.  Қаламга олинган ушбу  оилаларнинг бир-бирига ўхшаш умумий фазилати ўзбек халқини асосий хусусияти – оила аҳиллигини қадрлаш, катталарга ҳурмат, кичикларга эътибор, меҳр-оқибатда яшашдир. Меҳр-оқибатли оилада фарзандларнинг салоҳияти юксак, ҳаётга иштиёқи баланд бўлади. Биз буни кичкинтой Иброҳимжон сийратида кўриб турибмиз. У шифохонадаги дам олувчиларга беминнат хизмат қилиб, телефонларига зарур дастурларни ўрнатишда ёрдам бериб юрди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси  Раҳмон бобо Қурбонов  билан суҳбатлашиш  анча қийин кечди. Чунки, уч марта ярадор бўлиб, уч марта қайтадан сафга қайтган бобо бир неча марта  танки билан олов қуршовида қолган. Бироқ, ҳеч қачон танкини ташлаб кетмаган экан. “Танкни ўз уйимиз деб билиб авайлаб асраганмиз, ҳамиша душманлар қуршовини ёриб чиқиб кета олганмиз. Айни кунда бобонинг эшитиши оғирроқ бўлсада, сўзлари, фикрлари теран. Отахон танкчилар мактабида олти ой ўқиб, ўн саккиз ёшида жанг майдонида  душман билан тўқнашганини гапириб берди. Урушдан кейин колхозда шофёр бўлиб ишлагани, тўққиз нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказгани, кўплаб невараларга бош-қош бўлиб, чевара ва эвараларининг жажжи қўлларидан сувларни ҳўплаб  ичиш бахтига муяссар бўлгани ҳақида ҳикоя қилди. “Ёшларга уруш даҳшатларини ҳикоя қилиб беришдан мақсад–бугунги тинч, осайишта ҳаётнинг қадрига етишга чорлашдир”,– дейди отахон. 

Ҳаёт тажрибаси бой бу кишиларни тинглаб, Оллоҳнинг синови ҳам сийлови ҳам кўплигини кўнглимдан ўтказаман. Мени фикримни уққандек отахон ҳам уруш йиллари  биз-ёшлар  учун синов даври бўлди. Бугунги кунларда эса сийлов давридамиз, бахтиёр онларни ҳис қилиб яшаяпмиз. Мамлакатимиз Президенти яқинда уруш қатнашчиларига “Дамас” автомашинасини навбатдан ташқари олиш имкониятини яратиб  берди. Қайси машинани хоҳлашимизни аввало ўзимиздан сўрашди. Қишлоқда албатта, каттароқ машина маъқул. Неварам Ёқуб Қурбонов –фермер. Рўзғоримиз катта, далада иш кўп, ҳосил ҳам мўл.  Даромат ҳам етарли. Ёшларимизнинг келажагига эътибор беряпмиз.  Фарзандларимизга яратилган бугунги имкониятларни кўриб ёшлигимга қайтгим келади. Юракда ғайрат кўп, бироқ кўзда нур, билакда куч камроқ. Шунинг учун ёшларимизни ҳар бир дақиқани бекор ўтказмасликка, юртимизда уларга яратилаётган имкониятлардан унумли ва ўз ўрнида  фойдаланишга  чорлаб қоламан, – дейди Раҳмон бобо Қурбонов.

Биринчи сувратда: Кўксини орденлар безаб турган Шаққоз бобо Ҳасанов(чапдан иккинчи) ва ёнида Раҳмон бобо Қурбонов(чапдан биринчи). Иккинчи қаторда уларнинг фарзандлари Муроджон Ҳасанов ва Ғофуржон Қурбонов.

Иккинчи сувратда:Беш фарзанднинг онаси, бир умр муаллимлик қилган Хурсандой инженер ўғли Бахтиёржон, келини якка тадбиркор, қандолатпаз Шоҳиста ва невараси Иброҳимжон билан.   

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.