Китобхонлик бизни бирлаштиради

0
350
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан 1 апрелдан 23 апрелга қадар Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган “Китобхонлик бизни бирлаштиради!” хайрия акцияси доирасида ҳудудлардаги меҳрибонлик уйларида маърифий тадбирлар, мулоқотлар ўтказилмоқда.

Агентлик тасарруфидаги “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти жамоаси Тошкент шаҳридаги 23-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашди.

Нашриётнинг ижодий ходимлари болаларга китобни тайёрлаш жараёни, қўлёзма ҳолида ўқиш, хатоларини тузатиш, саҳифалаш, муқовасининг дизайнини ишлаш, босмахонада чоп этиш ҳақида қизиқарли тақдимот намойиш этишди. Битта китобни нашрдан чиқариш қанча катта меҳнат талаб қилиши, бунинг ортида неча-неча одамларнинг заҳмати ётгани уқтирилди.

Меҳрибонлик уйи директори ўринбосари Зиёева Наргиза бошчилигидаги тарбиячи-педагоглар иштирокида янги аср авлоди бўлган ўғил-қизларга китобнинг ўрни, аҳамияти ҳақида ибратли маълумотлар берилди.

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти вакиллари билан суҳбатдан сўнг китобхон болажонлар ўзлари эришган ютуқлар ҳақида сўзлаб беришди, ўз қўллари билан ясаган турли хил ашёлар кўргазмасини, чизган расмларини намойиш этишди.

Нашриёт жамоаси меҳрибонлик уйига китоблар жамланмасини совға қилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.