Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона марказида ҳам 2022 йил 18 апрель куни «Китобсевар миллат» шиори остида II Республика «Китобхонлик ҳафталиги»га старт берилди.
Ушбу ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги –«2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 781-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Ушбу ҳафталик доирасида «Китоб-маънавиятимиз хазинаси» номли маънавий-марифий тадбирда сўзга чиққанлар китобсеварларга ҳафталикнинг аҳамияти, мамлакатимизда китоб мутолаасига бўлган эътиборнинг ошганлиги, шу жумладан, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш давр талаби эканлиги, китобга ошно инсон ҳеч қачон ўзлигини йўқотмаслигини таъкидлаб ўтдилар.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, профессор А. Олимбеков ўз нутқида китоб энг яқин сирдош ва дўст эканлигини ривоятлар асосида гапирар экан, болалик йилларида китобга бўлган қизиқишлари кучли бўлганлиги, бугунги ютуқлари натижалари ана шу туфайли эканлигини қайд этди.
Тошкент шаҳар Олмазор тумани Диний ишлар қўмитаси мутахассиси А. Қаюмов маънавиятимиз булоғи бўлган китобларнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни, оилаларда китобга қизиқиш, мутолага бўлган саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Халқ таълими аълочиси, педагог, ижодкор Х. Садинова болалик йиллари, китобга бўлган муҳаббатига оилавий муҳит сабаб бўлганлиги, ҳаётда эришган ютуқларида китобнинг аҳамияти катта бўлганлигини самимий сўзлаб бериб ижод намуналаридан ўқиб бериши иштирокчиларда катта таасурот қолдирди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси маънавият ва маърифат маркази Олмазор туман бўлими раҳбари М. Алибоева сўзга чиқиб ҳафталик доирасида жойларда ўтказиладиган тадбирлар ва уларнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ҳақида сўзлади.
Олмазор туманидаги “”Қичқириқ”, «Ислом ота» , «Пахта» МФЙ ларнинг китобсевар аҳолиси, 233- сонли умумтаълим мактаби ўқувчи ёшлари ҳам тадбирда фаол иштирок этишди.
Тадбир иштирокиларига, китобсеварларга «Китобхонлар учун ЯНГИ асарлар кўргазмаси» намойиши бўлиб, унда адабиётшунос олим А.Олимбековнинг «Юлдузнинг беш қирраси» асари тақдимоти ўтказилилиши, савол жавоблар тариқасида бўлганлиги янада тадбирга мазмун-моҳият бағишлади.
Тадбир сўнгида Олмазор тумани 423-ДМТТ тарбияланувчилари ижросидаги куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчилари кўнглида кўтаринкилик уйғотди.
Хафталик доирасидаги қизиқарли ва мазмунли тадбирларимиз 22 апрелгача давом этади. Дастуримиздан ўрин олган қизиқарли маънавий-маърифий тадбирлар, «Заковат» билимдонлар беллашуви, ЯНГИ китоблар тақдимоти ва севимли шоирлар, ёзувчилар билан учрашувлар ўрин олган.
Азиз китобхонсевар ёшлар ва барча юртдошлар, сизларни кутубхонамизда кутиб қоламиз!
Ҳ.КАРИМОВА, Тошкент шахар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори
Ажойиб тадбир.