2022 йилнинг 3 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, қатор қоида ва талаблар белгиланди:
* кўп квартирали уйнинг эълонлар тахталарида жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлар рўйхати;
* бошқариш органи жойлар мулкдорларига ва бошқа фойдаланувчиларга сўровномаларига жавоб бериши керак бўлган муддатлар, шунингдек, жавобни тақдим этиш усуллари;
* кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш учун хизматлар ҳамда ишлар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби. Қоидаларга кўра, мазкур рўйхат бошқариш органи томонидан кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари билан биргаликда шакллантирилади ва кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида тасдиқланади;
* кўп квартирали уйларни биллинг тизими орқали бошқариш тартиби. Биллинг тизими деганда бошқариш органи ҳамда жойлар мулкдорлари ва бошқа фойдаланувчилар ўртасида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида маълумот алмашиш жараёни тушунилади;
* авария-диспетчерлик хизматларини кўрсатиш тартиби. Бошқариш органи ҳудудда кўп квартирали уйларда авария вазиятларини бартараф этадиган, 24 соат мобайнида фаолият юритадиган авария-диспетчерлик хизматини ташкил этиши лозим;
* кўп квартирали уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш тартиби;
* кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатлари, уйни бошқариш учун зарур бўладиган бошқа ҳужжатлар ҳамда техник воситалар ва асбоб-ускуналарни топшириш-қабул қилиш тартиби.
Қарор билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳам киритилди.
Манба: norma.uz