Коррупция  — “ҳамтовоқлик”дан бошланади

0
64
марта кўрилган.

Коррупция одамлар ҳаётини ва мамлакатни бошқарадиган қадимий ижтимоий ҳодиса. Шунинг учун қадимги даврлардан бери одамлар коррупция сабабларини ва уни чеклаш йўлларини излайди.

Хитойлик атоқли давлат арбоби, иқтисодчи, ислоҳотчи Ван Анши (1021-1086) коррупция ҳақидаги асарларида унинг иккита манбаси борлигини қайд этган: “ёмон қонунлар” ва “ёмон одамлар”.

“Ёмон” деб аталадиганлар одамлар ўзларига тегишли бўлмаган ресурсларни бошқариш имкониятларига эга бўлса, албатта ўша ерда коррупция бўлади. Бундай ресурсларга одатда давлат мулки, давлат буюртмалари, имтиёзлар ва бюджет маблағлари ҳамда бошқа омиллар киради. Ҳар қандай давлат хизматчиси Конститутцияга, қонунларга, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиши шарт бўлсада, уларнинг кўпчилиги берилган имкониятлардан шахсий манфаатлар учун фойдаланишга мойил бўлади. “Ёмон қонунлар” деганда, чиқарилган қонунлар, фармонлар ва қарорларнинг ишламаслиги, бажарилмаслиги ёки ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда четлаб ўтиши мумкин бўлган бўшлиқларнинг (лазейка) мавжудлиги тушунилади.

ХIV аср олими Ибн Халдун нафақат илмий назария ва социологиянинг асосчиси, балки коррупциянинг терговчиси сифатида ҳам тарихда қолган. У коррупция тамойилларини мансабдор шахсларнинг дабдабали ҳаётга бўлган қизиқишида кўрди. Демак ўз навбатида назарда тутилган дабдабали ҳаётга қизиқиш коррупциянинг авж олишига ёрдам беради.

Ҳозирги кунда ҳам мансабдор шахслар дабдабали ҳаётга мойил эканлигини ижтимоий тармоқларда берилаётган маълумотлардан кўриб турибмиз. Кўпгина мансабдор шахсларни кузатаганимизда ҳашаматли уйларда яшашига, қимматбаҳо машиналар мавжудлигига, дабдабали тўйлар қилишига гувоҳи бўлаяпмиз. Афсуски, улар маблағни қаердан олаётганлиги ҳақида жиддий саволни қўймаймиз!  

”Ўзбекистон Республикасининг давлат фуқаролик хизмати тўғрисида“ги қонунида, Давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғилланишига, тадбиркорлик субектларининг муассиси бўлишига ва уларни бошқаришга ҳақли эмас деб кўрсатиб қўйилган. Лекин барчамиз биламиз жуда кўп мансабдор шахсларда қайсидир яқин қариндошининг номига очилган тадбиркорлик субектлари мавжуд. Улар албатта ушбу  тадбиркорлик субектларини ҳимоя (кришеват)  қилиб туради.

Давлат ташкилотларидан бирида ўтказилган сўровда, “Сизнинг фикрингизча, сўнгги вақтларда ташкилотда коррупция даражаси ўзгарганми? деган саволга 130 нафар респондентлардан 11 нафари коррупция ҳолати кўпайганлигини, 27 нафари ўзгариш бўлмаганлигини, 56 нафари коррупция ҳолатлари камайганлигини таъкидлаб, 36 нафари жавоб беришга қийналаман деган жавобларни берган. Жавоблардан кўриниб турибдики, ташкилотдаги  ходимлар орасида коррупциявий ҳолатлар ҳамон давом этаяпти…

Ҳалқимиз узоқ йиллик тарихга ва бой маданий меросга эга бўлган қадимий халқлардан биридир.

Ўзбекистон Миллий университети  профессори К.Калановнинг  “Ўзбекчилик: ижтимоий ҳодисами ёки жараён?” номли мақоласида бизнинг менталитетимиз ҳақида “таниш-билишчилик”, “кўз кўзга тушади”, “сиздан угина, биздан бугина”, “коса тагида нимкоса”, “қўллаб юбориш керак, қолиб кетмайди”, “кўз юм, ўтказиб юбор”, “сен билан “бир дастурхон”дан овқатландик, энди ҳамтовоқмиз” каби ёзилмаган қонун мавжудлигини таъкидлаган. Бундан кўриниб турибдики биз кўп ҳолатларга кўз юмамиз ва буни андишага йўямиз.

Коррупция асоссан бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилади. Жуда камдан-кам ҳолларда, мансабдор шахс давлат мулкини “ўзлаштириш” учун бошқа шахсларни аралаштирмай, якка ҳолда ҳаракат қилиб, ўз хизмат лавозимидан ноқонуний фойда кўриши мумкин.

Соддароқ айтганда, коррупция давлат идораларида ишловчи шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришларидир.
Қуйида ушбу таърифга бир нечта мисоллар келтирамиз.

  1. Мансабдор шахснинг яқин қариндоши ёки таниши давлат маблағлари ҳисобидан қурилиш ёки бошқа ҳизматларни бажарганда, уларга ёрдам бериш учун у ёлғиз ҳаракат қилмайди. Уни қўллаб-қувватлашда иштирок этган бошқа шахсларга маълум даражада қарам бўлиб қолади. Яъни мансабдор шахс жиноий шерикларига ҳам давлат маблағларини ўзлаштиришда йўл очиб беради. Бу ҳолат коррупциянинганъанавий тушунчасига яқинроқдир, чунки у нафақат бир шахсни, балки қонунни бузишда биргаликда ҳаракат қилган шахсларнинг бутун гуруҳини қамраб олади.   
  2. Қарорқабул қилишбўйича муайян мансабдор шахс, унга берилган ваколатдан фойдаланиб, рухсат беришда сунъий тўсиқлар яратиб, мижозини пора беришга мажбур қилади. Бу ҳолат ҳам  коррупциянинг анъанавий тушунчасига яқинроқдир, чунки у пора бериш ва олишни ўз ичига олади.
  3. Мансабдор шахс шантаж орқали ноқонуний қарор қабул қилишга мажбурланадиган ҳолатларни ҳам кўришимиз мумкин. Бу одатдамансабдор шахснинг яширин жиноий фаолилиятиҳақида биладиган гуруҳ ёки шахс томонидан босим остида содир бўлади. Бу ерда мансабдор шахс битта фойда олади — у фош қилинмайди.

Кўпинча коррупция деганда давлат мансабдор шахслари томонидан фуқаролардан шахсий бойиш мақсадида оладиган поралари тушунилади. Лекин, коррупция муносабатларида нафақат давлат амалдорлари, балки, тижорат ташкилотлари ходимлари ҳам иштирок этади. Коррупция муносабатларининг ташаббускорлари айрим ҳолатларда тадбиркорлар бўлиши мумкин. Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш шакллари жуда хилма-хил бўлганлиги сабабли, коррупциянинг ҳар хил турлари турли мезонларга кўра фарқланади:

– ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш: давлат амалдорлари,  тижорат ташкилотлари раҳбарлари, сиёсий арбоблар;

– коррупция  муносабатларининг бошланиши: мансабдор шахс ёки   мижоз ташаббуси билан бошланади;

– пора берувчи вазифасини бажариш: оддий фуқаро, юридик ташкилот ёки жиноий гуруҳ;

– коррупциядан олинган фойда шакли: нақд пул ёки хизматлар алмашинуви;

– пора беришнинг асосий мақсадлари: маълум бир ишни тезлаштириш, фойда кўриш, мансабдор шахсга яхши кўриниш ёки қилаётган қонунга хилоф ишларини яшириш, жазодан қутилиш ва ҳокоза.

Коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг асосий обектив сабаблари, жамиятдаги кескин ижтимоий табақаланиш, бойликларни асосан жиноий даромад манбаларидан тўплаш, коррупцияни рағбатлантириш, аҳоли ўртасида моддий ва маънавий неъматларни тақсимлашда очиқ-ойдин адолатсизлик, уюшган ва иқтисодий жиноятчиликка асосланган “яширин” иқтисодиётнинг гуллаб-яшнаши, муайян лавозимларга номзодларни танлашда, қоида тариқасида, тажрибаси, касбий маҳорати ва шахсининг ахлоқий фазилатларидан қатъий назар, қариндош-уруғчилик, непотизм ва бошқаларга асосланган кадрлар сиёсатидан иборатдандир.

Таҳлиллар шуни қўрсатадики, давлат бошқарув органларидаги коррупциянинг содир этилиши натижасида иқтисодиёт соҳасига энг катта зарар етказилади. Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дунё мамлакатларида коррупциянинг содир этилиши натижасида товар ва хизматларнинг баҳоси ҳар йили ўртача 5-15 фоизга ошар экан.

Масалан, АҚШда коррупция муаммоси бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, коррупцияга кетган маблағлар мамлакатда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга сарфланганида 12 миллион киши қўшимча иш ўринлари билан таъминланиши, ишчи-хизматчиларнинг ўртача даромади 10 %га ва ялпи миллий маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши қўшимча 5 %га ошган бўлар экан.   

Демак, коррупцияга қарши курашда нафақат ҳуқуқ тартибот идоралари, балки ҳар бир фуқаро баҳамжиҳат бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб курашишлари лозимлигини юқорида айтиб ўтилган мисоллар кўрсатиб турибди.  

Шу билан бир қаторда коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича таълим ва тарбияни кучайтириш давр талабидир.

Турдикулов Шухрат Худойкулович,  Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи, социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.