Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

0
101
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши (кейинги ўринларда – Миллий кенгаш), Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), Бош прокуратуранинг коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олиш бўйича қуйидаги тизимни жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:

ҳар чоракда Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилади ва ушбу жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун Агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб боради;

ҳар ярим йилда жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга имкон берган омилларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар Миллий кенгаш йиғилишларида тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб борилади.

  1. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати қуйидаги маълумотлар билан тўлдирилсин:

ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлар;

болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар;

давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат);

марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.

  1. Агентликнинг қуйидаги жараёнларни интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

а) фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси (ёпиқ илмий ишлар бундан мустасно);

б) ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларининг, (шу жумладан, “Темурбеклар мактаблари” ҳарбий-академик лицейларининг) тест синовлари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари;

в) олий таълим муассасалари базасидаги ҳарбий таълим факультетларига (ҳарбий кафедра) қабул қилишдаги саралаш танловларининг қуйидаги босқичлари:

умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш;

чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш.

  1. Агентликка давлат органлари ва ташкилотларининг қайта алоқа тизими самарадорлиги даражасини баҳолаш мақсадида “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юклатилсин.
  2. Белгилансинки, “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбири:

давлат органлари ва ташкилотларидаги ишонч телефонларининг (Call-марказ) ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган телефон рақамларининг доимий равишда ишчи ҳолатдалиги, маълумотлар алмашинуви самарадорлиги, қайта алоқанинг мавжудлиги, шу жумладан, тезкорлиги ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши даражасини текшириш мақсадида ўтказилади;

Агентликнинг масъул ходимлари томонидан алоқа воситаларидан (телефон қўнғироқлари, электрон почта ва бошқа алоқа каналлари) фойдаланган ҳолда масофавий тартибда ўтказилади;

натижалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига ўзининг очиқликни таъминлашга оид фаолиятини яхшилаш ҳамда такомиллаштириш учун кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома юборилади.

Бунда қуйидагилар тақиқланади:

“Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирини ўтказишда ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш ва ундаш, шу жумладан, низоли, баҳсли ҳолатларни ва камчиликларни сунъий равишда келтириб чиқариш;

“Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирини ўтказишда Агентлик масъул ходимларидан ташқари бошқа шахслардан фойдаланиш;

ўрганиш объектига ташриф буюриш.

Тадбир натижалари бўйича аниқланган камчиликлар вазирлик ва идоралар ходимларини жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди, иш берувчи томонидан шахсий ташаббус кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

  1. Агентлик (А.Бурханов) халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда:

уч ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул ходимларини очиқлик соҳасидаги миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари бўйича ўқитишга қаратилган онлайн малака ошириш тизимини электрон платформа асосида йўлга қўйсин;

электрон платформа орқали ўқитилиши лозим бўлган давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, уларнинг масъул ходимлари рўйхати ва аниқ муддатларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

электрон платформа ўқув модулларини якуни бўйича ҳар бир тингловчи эгаллаган билим ва малакаси тест синовидан ўтказилиб, натижаларини тўпланган баллар рейтинги асосида очиқ эълон қилиб бориш тартибини жорий этсин;

электрон платформа модуллари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва халқаро стандартлар талабларидан келиб чиқиб, мунтазам такомиллаштириб (тўлдириб) борсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон Фармонига 2-иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.
  2. Агентлик уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  3. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Э.Бурханов белгилансин.
  4. Фармон ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                                                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2023 йил 27 ноябрь

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.