“INFOLIB UZBEKISTAN — 2019” VIII Миллий ахборот –кутубхона ҳафталиги доирасида “Болалар ва ёшларни мутолаага жалб қилиш бўйича энг яхши услубий ишланма-лойиҳа” танловининг республика босқичи ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ахборот-кутубхона марказлари, турли вазирлик ва идоралар ахборот-кутубхона муассасаларининг мутахассислари ўзларининг инновацион лойиҳалари билан иштирок этдилар.
Танловнинг мақсади — жамиятда китоб ва китобхонликнинг нуфузини ошириш, китобни маънавий мерос сифатида асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган энг яхши услубий ишланма-лойиҳаларни аниқлаш ва оммалаштиришга қаратилган.
“Болалар ва ёшларни ўқишга жалб қилиш учун энг яхши методик ишланма-лойиҳа” бўйича Республика танлови “Интерфаол китоб” ва “Фойдаланувчи билан ишлашнинг интерфаол шакллари” номинацияларида ташкил этилди.
Танловда Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона маркази томонидан ҳам болалар ва ёшларни мутолаага жалб қилишнинг инновацион шакллари ва усуллари, ахборот-кутубхона муассасалари фойдаланувчиларини ҳамда аҳолининг кенг қатламларини китоб ва китобхонлик фаолиятини ривожлантириш, болалар ва ёшларни мутолаага жалб қилиш соҳасида энг яхши услубий ва инновацион иш тажрибаси базасини шакллантиришга қаратилган «КИТОБХОН МАҲАЛЛА» мавзусидаги лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Ана шу лойиҳа тақдим этилди.
Республика танловининг низомига асосан бажарилган ушбу лойиҳа, унинг мақсад вазифаси ва яратилган кўргазмали материаллари билан яқиндан танишиб чиққан хакамлар хайъатининг хулосасига асосан ижобий баҳоланди. Танловдан ўрин олган “Фойдаланувчи билан ишлашнинг интерфаол шакллари” номинацияси бўйича Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази ахборот-библиография бўлими мудири Венера Муратованинг “Китобхон маҳалла” лойиҳаси ғолиб деб топилди.
Ғолиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан “Ноутбук” ҳамда китоблар тўплами билан мукофотланди.
Ушбу танлов соҳа мутахассисларини янада изланишга ва ижодий фаолият олиб боришга ундайди.
Ҳафиза КАРИМОВА, Тошкент шаҳар «Bilim»
ахборот-кутубхона маркази директори