Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди

0
122
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш бўйича йиғилиш ўтказди.

Жорий йил 30 июлда давлатимиз раҳбарининг мазкур чора-тадбирларга оид қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, Бош вазир раислигида Республика комиссияси тузилиб, барча мутасадди идораларнинг бу борадаги вазифалари белгиланди. Турар жойлар, ижтимоий муассасалар ва корхоналарни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхона ва тармоқларни таъмирлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда. 

Йиғилишда ёқилғи-энергетика комплексидаги корхоналар фаолияти таҳлил қилиниб, галдаги муҳим чоралар белгилаб берилди. 

Куз-қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплаш ҳамда экспортни таъминлаш, бунинг учун табиий газ қазиб олишни кўпайтириш дастурини самарали бажариш зарурлиги таъкидланди. Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлигига истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш юзасидан топшириқ берилди.

“Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятларига 1 ноябргача 93 километр газ тармоғи ва 172 та газ тақсимлаш пунктини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш, ерости омборларида газ захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди. “Муборакнефтгаз” ва “Газлинефтгазқазибчиқариш” корхоналарида янги компрессор станцияларини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун 245 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган. Йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудуд кесимида аҳоли эҳтиёжини чуқур ўрганиб, зарурат бўлса, қўшимча суюлтирилган газ етказиб бериш кераклигини таъкидлади. 

Муборак газни қайта ишлаш заводи, “Газлинефтгазқазибчиқариш” ва “Шўртаннефтгаз” корхоналарида пропан-бутан аралашмаси олиш ускуналарини ишга тушириш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Шунингдек, жорий йилги мавсумда электр энергиясига талаб ўтган йилгига нисбатан 11,5 фоизга ошиши кутилмоқда. 

Шу боис Энергетика вазирлигига октябрь ойида иссиқлик электр станцияларида 7 та энергоблок, 7 та қозон агрегати, битта газ турбинаси ва битта буғ-газ қурилмасини капитал таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди. 

Жорий йил якунигача Навоий иссиқлик электр станциясида қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини фойдаланишга топшириш, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида қуввати 450 МВт бўлган биринчи буғ-газ қурилмасини тўлиқ лойиҳа қувватига олиб чиқиш ҳамда иккинчи буғ-газ қурилмасини ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. Декабргача 3,5 минг километр электр тармоғини ҳамда 1 минг 171 та трансформатор пунктини реконструкция ва модернизация қилиш чоралари кўрсатиб ўтилди.

Энергетика ва молия вазирликлари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига куз-қиш мавсумида аҳолининг кўмирга бўлган талабини тўлиқ қондириш бўйича топшириқлар берилди. Ташишда имтиёзларни қўллаган ҳолда, кўмирни аҳолига етказиб бериш нархлари юқори бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Иссиқлик таъминоти ва ичимлик суви тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳолати ҳам муҳокама қилиниб, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг фаолияти жиддий танқид қилинди. Уларга иссиқлик ва ичимлик суви таъминоти тизимларини ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишларини жадаллаштириб, қисқа муддатларда якунлаш вазифалари топширилди.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.