Дилнура – давр қизи!

0
205
марта кўрилган.

Тўртинчи синф ўқувчиси неварам Дилнура Саъдуллаева ўзи ва дўстлари, тенгдошлари учун китоб-қўлланма   ёзибди. Ўқиб хурсанд бўлдим. Албатта, тўртинчи синф ўқувчиси учун бу улуғвор ташаббус,  изланиш ва маънавий  юксалиш йўлидир. Акаси Наврўзбек эса дизайнлик вазифасини бажариб,  уни китоб шаклига келтирибди ва гўзал безаклар билан жило берибди.

Китобнинг биринчи бети неварагинамнинг дил сўзлари билан очилади: Салом. Менинг исмим Дилнура. Бу китобда мен сизга спортдан тортиб қўшиқлар ҳақида ҳикоя қиламан. Бу ерда сиз турли спорт турларини ўрганасиз ва ўзингизга маъқулини  танлайсиз, замонавий кийинишни, ўзингизга, соғлигингизга қандай ғамхўрлик қилишни, қандай қилиб хоним бўлишни, вақтингизни самарали сарфлашни ўрганасиз.

Шунингдек мазали пишириқлар тайёрлаш, кулгули, юморга бой  қўшиқларни тинглаш имконияти яратилиб, уларнинг рўйхати ҳам берилган.

Сизнинг ҳар бир кунингиз, ҳар бир дақиқангиз  қувончларга тўла бўлсин, – дея якунланади унда..

Эзгу сўз,  эзгу фикр,  эзгу амалларни кўриб, ўқиб, болалар учун, мактаб ўқувчилари учун  яхши дастур, қўлланма  бўлганлигини ҳис қилдим.

Энг гапнинг зўри охирида, неварам тадбиркорликни ҳам йўлга қўймоқчи яъни китобни сотмоқчи бўлибди.   Ота-онаси эса уни сотиб олишибди ва шундай дейишибди: Дўстларингга, дугоналарингга ўқишга бериб турасан ва яна қайтариб оласан. Бу сен-у бизга савоб бўлади,-– дейишибди. 

Китобча-қўлланмани кўриб, беихтиёр болалигимизни эсладим. Кундалик-альбом тутардик. Барча дўстларимиз унга дил сўзларини, истакларини  ёзишарди. Ўзини сувратини қўйишарди, дил сўзларидан кейин сувратлар чизишарди. Ана шундай альбом кундаликдан менда иккита. Уларнинг бирига 6-синфдалигимиздаги, иккинчиси ўнинчи синфимиздаги  дўстларимнинг дил сўзлари битилган. Ҳозир ҳам уларни тез-тез қўлимга олиб ўқийман, болалигимизнинг беғубор нафасини  туяман. Неварам эса биздан ҳам ўзиб кетибди.  Ташаббуси, топқирлиги, ижодкорлиги  мақтовга лойиқ.

Истеъдодли ёзувчи Ойбек домланинг “Дилбар — давр қизи” поэмаси мавжуд.  Мен неварам Дилнурани давр қизи дея таърифлагим келди. Топқирлиги, ижодкорлиги, меҳнаткашлиги ва тадбиркорликка интилаётгани учун унга оқ йўл  тилаб қоламан. Болагинам, умринг узоқ, дилинг равшан, йўлинг равон бўлиб, ўсиб улғайиб, юрт таянчи бўлишингда тилакдошман, дея эзгу дуоларга кафтимни очаман….

Раъно ЗАРИПОВА, бувижонинг

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.