Марғилонда “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
Фестивалга Эрон, Ҳиндистон, Франция, Росссия, Жанубий Корея, Япония, Мўғулистон, Туркия каби 20 хорижий давлатдан фольклор жамоаларининг иштирок этиши тадбирнинг юқори даражада ўтиши йўлида хизмат қилмоқда.
Фестивал доирасида ташкил этилаётган халқаро илмий-ижодий конференсияда Франциядан Лучелли Лисак, Эрондан Калами Рооҳуллаҳ, Ҳиндистондан Яшвант Парашар, Япониядан Ивамото Кёко, Кореядан Мун Хюун Сук, Италиядан Эрасмо Треля каби фольклор мусиқа санъатининг йирик номаёндалари иштирок этишмоқда. Шунингдек, Aфғонистон, Россия, Туркия, Корея, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда Қозоғистондан фольклор жамоалари қатнашмоқда.
Фестивалда Ўзбекистондан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 та фольклор жамоаси иштирок этмоқда: Қорақалпоғистоннинг “Сувсепар”, Aндижон вилоятининг “Ёр-Ёр”, Бухоро вилоятининг “Жондор” ва “Саҳро саболари”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари”, Навоий вилоятининг “Кармана”, Наманган вилоятининг “Гулдиор”, Самарқанд вилоятининг “Чавки” ва “Бешқарсак”, Сирдарё вилоятининг “Деҳқон болалари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Наврўз”, Хоразм вилоятининг “Жўралар” ва “Сара паён”, Фарғона вилоятининг “Кабутар” ва “Чодир жамол”, Қашқадарё вилоятининг “Воҳа”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона” каби энг намунали фольклор жамоаларининг 200 нафардан ортиқ аъзоси ўз ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган махсус дастурлари билан қатнашмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Буюк ипак йўли” фольклор мусиқа фестивалида қуйидаги номинациялар бўйича танловлар ўтказилмоқда:
- қўшиқчилик санъати (алла, ўлан, лапар, терма, маросим қўшиқлари, халфачилик, бахшичилик ва ҳоказо);
- рақс санъати (турли ҳудудларга хос халқ рақслари);
- миллий қадим фольклор чолғучилик санъати (миллий мусиқа асбобларида асарлар ижроси).
Иштирокчиларнинг чиқишлари юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан ташриф буюрган тегишли соҳалар намояндаларидан иборат халқаро ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланмоқда.
Фестивал ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин (ҳар бир номинация) ‒ 3 500 AҚШ доллари;
2-ўрин (ҳар бир номинация) ‒ 2 500 AҚШ доллари;
3-ўрин (ҳар бир номинация) ‒ 1 500 AҚШ доллари.
Фестивалнинг якуний босқичи ғолибларига Ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва Фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилади.