Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ёшлигимиз ўтган қутлуғ маскан. Ўша пайтда улуғвор кўринган бу илм маскани иккита ўқув залидан иборат эди. Бирида биздек талабалар ва барча муштарийлар мутола қилса иккинчисида олимлар илм билан машғул бўлишарди. Қадрдон кутубхона қирқ беш йил ичида тўрт жойга кўчди. Бугунги муҳташам зиё маскани билан қиёсласангиз олдингилари мўъжазгина бўлиб кўринади. Миллий кутубхона беш қаватли қасрдан иборат бўлиб, барча шарт-шароитларга эга ўн бешта ўқув зали, катта-кичик мажлислар зали, кўргазмалар зали, ҳатто болалар хонаси мавжуд. Кутубхонага аъзо бўлиш тартиби жуда қулай. Икки дақиқада расмингиз туширилган аъзолик хужжатини қўлингизга тутқазишади. Ўқув заллари комьпютерлаштирилган ва улар интернетга уланган. Айвонлари улуғвор. Биринчи қаватнинг айвонида анъанага айланган INFOLIB – Ахборт – кутубхона ҳафталигининг тантанали очилиши бўлади. Чор-атроф шарлар билан безатилади. Оркестр гўзал куй ижро этиб туради. Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг чиқишларини худди театрлардагидек иккинчи қаватнинг айвонидан ҳам томоша қилиш мумкин. Буларнинг бари Ватанимиз мустақиллигининг, мамлакатимиздаги улуғвор ислоҳату бунёдкорликнинг шарофати, албатта. Ушбу зиё масканида ўша муҳташамликка яраша дилларга зиё улашадиган ўттиздан ортиқ тадбир бўлиб ўтди. Ҳафтанома кенг қамровлиги, айниқса ёш мутахассислар, болалар, умуман ёшларнинг иштироки ҳисобга олинганлиги билан ҳам ўзига хос бўлиб, катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлди. Ҳафтаноманинг ҳар бир куни ўзига алоҳида номланади.
Биринчи кун – очиқ эшиклар куни. Тантанали очилиш бўлиб ўтгандан сўнг мутахассислар учун “Фойдаланувчиларнинг ахборот маданияти ва медиасаводхонлигини шакллантиришда ахборот – кутубхона муассасаларининг ўрни” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтади. Миллий кутубхона раҳбарияти давра суҳбатини қисқа кириш сўзи билан очиб, ҳафтаноманинг мақсад – муддаоси билан таништиради. Яна мен қатнашган тадбирда Тошкент шаҳар “Билим” кутубхонаси директори Ҳофиза Каримова кутубхонадан фойдаланиш, библографик хизматни самарали йўлга қўйишдаги иш услублари, Чиланзар туманидаги 195-мактаб болалари билан медиасаводхонликни юксалтиришда олиб борган тажрибалари хусусида гапирди. Ўзбекистон Фанлар академияси кутубхонаси директори Зуҳра Бердиева Корея республикасининг китобхонлик борасидаги илғор тажрибалари хусусида ҳикоя қилди.
Ахборотлашган жамиятнинг тараққий этиши ахборот-кутубхона тизимининг ривожланишига ва аҳолига хизмат кўрсатилишининг тубдан ўзгаришига олиб келганлиги туфайли маърузаларнинг аҳамияти катта бўлди… Кутубхона мутахассислари бир-бирининг тажрибасини ўрганишди, фикр алмашишди. Давра суҳбати доирасида маҳорат дарслари ҳам бўлиб ўтди.
Ўша пайтда кичик залда эса навоийхонлик соатлари ўтказилди… Алишер Навоийнинг “Ҳамсат ул – мутахаййирийн” асарининг навоийшунос Азиз Қаюмов ва филология фанлари доктори Динара Азимованинг саъй-ҳаракатлари билан рус тилига ўгрилган ”Пятерица изумлений” китобининг тақдимоти бўлди. Таржима Навоий ва Жомий асарларининг жаҳон майдонига олиб чиқилишида самарали фаолият бўлди.
Марказий Осиёнинг илк овозсиз фильмлари фото кўргазмаси ташкил этилиб, овозсиз фильмлар намойиши бўлиб ўтди. Санъатшунослик фанлари номзоди Нигора Каримованинг “Муқаддима” лойиҳаси асосида тайёрланган тадбирнинг қимматли томони шундаки, бутун дунёга кино санъати энди кириб келаётган бир пайтда бизнинг юртимизда ҳам кино соҳаси ривожланганидан далолат беради.
Иккинчи кун-мутахассислар куни. Ахборот кутубхона соҳаси мутахассислари маҳоратини юксалтириш, касб нуфузи ва аҳамиятини ошириш мақсадида ўтказилган”Ахборот кутубхона муассасаининг энг яхши мутахассиси” танловининг республика босқичидаги икки кун давом қилди. У Ўзбекистон Республикаси Ахборот тенологиялари ва коммуникацияларини ривожлнтириш вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими, Халқ таълими вазирлиги тассаруфидаги ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари ўртасида ўтказилди. Мутахассислар тўрт йўналишда ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Инновацион технологиялар бўйича ўтказилган беллашуви айниқса қизиқарли кечди. Ҳар бир команда янги технологияларни жорий этиш бўйича ўз фикрларини билдирдилар. Масалан, Тошкент шаҳрининг “Олмас” командаси Узтелеком корхонаси билан ҳамкорликда “SMS-хабарномаси ташкил этиш”ғоясини илгари сурди. Аҳолини янги адабиётлар, тадбирлар, маҳорат дарслари каби мавзуларда мунтазам янгиликлар билан таништириб бориш китобга бўлган меҳрни кучайтириини ифода этдилар. Андижон вилояти командаси эса болалар учун тайёрланган “Китоблар қасри-орзулар рўёби” инновацион тенологиясини намойиш этди. Кутубхона қошида кичкинтойларни китоблар оламига етакловчи китоблар қасри бунёд этиш лозимлигини таъкидлаб, қасрнинг қўлда чизилган лойиҳасини кўрсатиб, унинг аҳамиятини акс эттирди.
Беллашувда фарғоналиклар биринчи, андижонликлар иккинчи, Тошкент шаҳри командаси учунчи ўринни эгаллади. Шунинггдек, Бухоро ва Тошкент вилоятларига ҳам кейигни ўринлар ажратилди. Ҳар бир иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Айни кунда ахборот ресурсларини тушинадиган, жаҳон ва миллий маданий бойликларни қидириш ва амалга ошириш йўлларини амалга ошира оладиган билимдон фойдаланувчиларга эҳтиёж ўсиб бормоқда. КАДАТА автоматлашган ахборот кутубхона тизими бўйича тренингда Be Pro компанияси мутахассиси ушбу тизим ҳақида сўзлаб берди. Тизимга аъзо бўлган ва аъзо бўлмаган фойдаланувчиларнинг кириш қоидалари яъни оддий, кенгайтирилган, муфассал ва луғат бўйича амалга ошириладиган қидирув билан таништирди. Мутахассис мазкур тизимда ишлаш тажрибаси бор кутубхона фойдаланувчилари билан мулоқат ҳам олиб борди. Соҳани янада ривожлантиришда уларнинг фикрлари асқатишини таъкидлади.
Кун якунида Ўзбекистон Давлат консерваторияси ва Ўзбекистондаги Италия элчихонаси ҳамкорлигида мусиқа кечаси бўлди. Итальян тили асосчиси, буюк шоир Данте Алигьери таваллудининг 750 йиллигига бағишланган тадбирда ёш ижрочилар ”Илоҳий комедия” асаридан мусиқалар ижро этдилар.
Учинчи кун – ижод куни. Бу кун асосан ёш ижодкорлар билан ишлаш соатлари бўлди. Бутун эътибор кутубхонанинг ёш ўқувчиларига қаратилди. Бу бежиз эмас албатта. Зеро, мамлакат келажаги ва илмий салоҳияти улар қўлида бўлади. Кутубхонанинг “Тафаккур”залида 41-мактабнинг 6-7-синф ўқувчилари ўртасида “Адабиёт билимдони” танловида классик ва ҳозирги замон миллий ва жаҳон адабиёти намоёндаларининг энг яхши билимдонини аниқланди.
“Ижод” залида эса Тошкент шаҳар мусиқа коллеж ва лицейлари ўқувчилари учун мусиқий қобилиятларини юксалтиришга кўиаклашиш мақсадида “Мусиқа билимдони” танлови ўтказилди.
Киномарказда эса бошланғич синф ўқитувчилари ва ўқувчилари учун ахборот маданияти ва медиасаводхонлик бўйича кўплаб маҳорат дарслари ўтказилди. У ЮНЕСКОнинг “Ахборот-кутубхона муассасаси мутахассисларининг ахборот маданиятини ва медиасаводхонлигини шакллантириш” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди. Дарсларни кутубхонанинг етакчи мутахассислари олиб бордилар.
Рус маданият маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар мактабларининг 3-4-синф ўқувчилари орасида “Биз китобни севамиз” номли болалар чизган сувратларининг кўргазмаси уюштирилиб, танлов ўтказилди.
Кун якунида “Баркамол авлод” болалар марказининг мусиқий чиқиши ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон билан ижодий учрашув иштирокчиларга олам завқ бағишлади.
Тўртинчи кун-хорижий тиллар куни Мамлакатимизда болаларнинг тил ўрганишига алоҳида эътибор бериляпти. Бу борада мамлакатимиз Презиленти И. Каримовнинг махсус қарори ҳам бор. Халқимиз “тил билган дил билади” дейди Шунинг учун ушбу кун талабаларнинг тил эгаллашишига кўмаклашишга бағишланди.
Кутубхонанинг“Жаҳон” залида АҚШ элчихонаси билан ҳамкорликда “АҚШда таълим” мавзуида суҳбат уюштирилди. АҚШда таълим тизими, абитуриентларга қўйиладиган талаблар, керакли ҳужжатлар ва уларни топшириш муддатлари, таълим олиш нархлари, талабалик ҳаёти ва ўқув даврида ишлаш имкониятлари, талабалик визасини расмийлаштириш ва таълим олгандан кейинги истиқболлар хусусида суҳбатлар бўлиб ўтди. Яна АҚШ элчихонаси билан ҳамкорликда хат ва иншо ёзиш кўникмалари бўйича тренинг ўтказилди ва мавзуни мустаҳкамловчи викторина уюштирилди.
Кичик мажлислар залида эса Британия кенгаши билан ҳамкорликда “Инглиз тили билимлари бўйича халқаро IELTS тестлари: амалий саволлар” мавзуида суҳбат бўлди. Унда иштирокчиларIELTS тестларига тайёргарлик ва уни топширишга доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Британия кенгаши билан ҳамкорликда уюштирилган иккинчи бир тадбирда Буюк Британиядаги олий таълим муассасалари хусусида маълумот берилди.
Тошкентдаги Гёте институти билан ҳамкорликда немис тилини ўрганувчилар билан амалий машғулотлар уюштирилди. Иштирокчилар немис тилини ўрганишга ёрдам берадиган интернет ресурслари билан танишиб, улар билан ишлашни амалда синаб кўрдилар.
Корея элчихонаси ва ”Мараги” клуби билан ҳамкорликда корейсча сўзлашиш клубининг фаолияти билан танишдилар. Корея таълими тизими ва корейс тили билимларини аниқлаш бўйича халқаро TOPIС тести ҳақида маълумот олдилар. Тадбир сўнгида Корея Республикаси маданияти ва тарихи борасидаги билимларни баҳоловчи танлов бўлиб ўтди.
Кун давомида “Жаҳон адабиёти” журнали жамоаси ва халқаро мусиқа танловлари ғолиблари Сардор Милано ва Сабина Мусаевалар билан ижодий учрашув бўлди.
Бешинчи кун-маданиятлар хилма хиллиги куни. Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат вакиллари дўстона ва тинч яшаб, бир-биридан ўрганади ва ўргатади. Бу кун ташкил этилган кўргазмалар, концертлар дўстона ҳамкорликни, осойишта ҳаётимизнинг рамзи бўлди. Турли-туман кўргазмалар эса юртимизда турфа миллат ҳунармандчилиги ардоқланаётганини ифодалади. Турли залларда халқ амалий санъати, бадиий ўймакорлик, гиламдўзлик, каштачилик бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Заргарлик буюмлар кўргазмасида ўз маҳсулотларини намойиш этаётган Фотима Юсупова шундай дейди: “Мен Низомий номидаги педогогика институтининг касб таълими факультетини битказиб, ота-боболаримнинг касбини давом қилдираяпман. Заргарлик билан шуғулланаётган тўртинчи авлодман. Устозим отам бўлади”. Унинг шахсий кўргазмаси жуда нозик ишланган юздан ортиқ маҳсулот миллий ва ўзга миллатларнинг заргарлик усуллари мавжудлиги билан ажралиб турарди.
Пскентлик тадбиркор Дилноза Раҳмонқулова миллий мато адрасдан тайёрланган, чапон, костюм, нимча, кўйлак, сўмка, ҳамён каби маҳсулотлари билан қатнашди.”Пскент туман ҳунармандлар уюшмамизда 70та касаначи ва 8та тадбиркоримиз бор, улар халқ амалий санъати ва истеъмол буюмлари ишлаб чиқаришнинг 42 хил йўналиш бўйича ишлашади. Айни кунда янги бир йўналишни тошга ишлов бериб турли мўнчоқлар, эдалик буюмлар иясашни йўлга қўймоқчимиз. Халқимиз орасида исътедод эгалари жуда кўп. Уларнинг фаолиятини тўғри ўзанга сола билиш керак, фақат. Бу эса уларнинг оиласига ҳам юртимизга ҳам қут-барака келтиради”.-дейди у
Тадбиркор Жаҳонгир Умаров ҳамкорликда яратган ўқув дастури бўйича Тошкент шаҳридаги Олмазор енгил саноат касб-ҳунар коллежида гиламчилик маҳоратидан дарс берилмоқда. “Бундай кўргазмалар, маҳорат дарслари бизни тажриба алмашишга ва ижодкорликка чорлайди. – дейди у.
Тадбирнинг охирги кунида озарбайжон ёзувчиси Юнус Ўғизнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Малика ва жодугар” тарихий романининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон байналминал маданияти маркази қошидаги азарбайжон, корейс, рус, уйғур паляк, татар, қозоқ маданият марказларининг бадиий чиқишлари бўлди. Буларнинг бари осойиша юртга тўйлар, байрамлар ярашишини ифодалаб турибди. Энг асосийси бу тадбирлар ҳар йили ўтказилиши анъанага айланганлиги билан гўзалдир!
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист